Жиззахда қийноққа солишга қарши курашиш бўйича ўқув машғулотлари ўтказилди

1 – 2 август кунлари Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази томонидан Жиззах вилоятида “Қийноққа солишга қарши курашиш: халқаро амалиёт ва миллий тажриба” мавзусида ўқув курси ўтказилди. Машғулотлар Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Қийноқларга қарши конвенцияси қабул қилинганининг 40 йиллигига бағишланди.

Ўқув курси Бош прокуратура ва Ички ишлар вазирлиги билан ҳамкорликда ташкил этилди. Унда Жиззах вилояти прокуратурасидан 10 нафар, ички ишлар тизимидаги тезкор-қидирув, терговга қадар текширув, суриштирув, дастлабки тергов фаолиятини амалга оширувчи органлар ва жазони ижро этиш муассасаларидан 52 нафар ходим ҳамда Жиззах вилоят судининг 6 нафар судьяси тингловчи сифатида иштирок этди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидов ва Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори Ниғматилла Йўлдошев ўқув курси очилиши муносабати билан йўллаган видеомурожаатларида иштирокчиларни қутлади.

Ўқув машғулотлари Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2023 йил 7 февралдаги қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикасида Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Миллий таълим дастурига асосан ўтказилаётгани алоҳида таъкидланди. Бунда, шунингдек, БМТнинг устав органлари ва шартномавий қўмиталари тавсияларига таянилмоқда.

Машғулотлар аввалида БМТга тенг ҳуқуқли аъзо ҳисобланувчи Ўзбекистон қийноқларни муайян одамлар томонидан бошқаларга нисбатан қўлланадиган энг ғайриинсоний қилмиш сифатида ҳар доим қоралаб келиши қайд этилди. Халқаро ҳуқуққа кўра, қийноқлар – инсониятга қарши жиноятдир. Бу борада қабул қилинган барча ҳужжатларда қийноқлар қатъиян тақиқланади ҳамда қийноққа солиш ҳолатини оқлашга ҳеч қачон ва ҳеч қандай асосда йўл қўйилмайди.

Сўнгги йилларда мамлакатимизда фуқаролар ҳуқуқлари ва эркинликлари кафолатини янада кучайтиришга жиддий эътибор қаратилмоқда. Хусусан, қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларини қўллаш ҳолатларига мутлақо йўл қўймаслик мақсадида изчил ва кенг кўламли ишлар амалга оширилаётгани буни яққол тасдиқлайди.

Бу ҳақда сўз борганда, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 26 июнда қабул қилинган “Қийноққа солиш ҳолатларини аниқлаш ва уларнинг олдини олиш тизимини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорини алоҳида таъкидлаш лозим. Худди шу қарор туфайли 26 июнь – Қийноқ қурбонларини қўллаб-қувватлаш халқаро куни юртимизда миллий ва халқаро даражадаги тарихий аҳамиятга молик сана сифатида нишонланиши яхши анъанага айланди.

Тезкор-қидирув, терговга қадар текширув, суриштирув, дастлабки тергов фаолиятини амалга оширувчи органлар ва жазони ижро этиш муассасалари ходимлари учун қийноққа солишга қарши курашиш бўйича ўқув курсларини ташкил этиш борасидаги ташаббус ҳам даставвал айни шу қарорда ўз аксини топган.

Ўз навбатида, Президентимизнинг 2023 йил 7 февралдаги қарорига мувофиқ, терговга қадар текширув, суриштирув, дастлабки терговни амалга оширувчи органлар ва жазони ижро этиш муассасалари ходимлари учун қийноққа солишга қарши курашиш бўйича қисқа муддатли ўқув курслари доимий равишда ташкил этилмоқда.

Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий марказ бўлим бошлиғи Фарҳод Ҳайитбоев машғулотлар қийноққа солишнинг олдини олиш бўйича миллий превентив механизмларни такомиллаштириш соҳасида тезкор-қидирув, терговга қадар текширув, суриштирув, дастлабки тергов фаолиятини амалга оширувчи органлар ва жазони ижро этиш муассасалари ходимларининг халқаро амалиёт ва миллий тажриба асосидаги амалий кўникмаларини оширишга қаратилганлиги ҳақда батафсил маълумот берди.

Асосий машғулотлар Ички ишлар вазирлиги Академияси “Жазони ижро этиш фаолияти” кафедраси доценти Қувонч Қодиров, Ички ишлар вазирлиги Малака ошириш институти “Юридик фанлар” кафедраси мудири Меҳмонали Сувонқулов, Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академияси “Халқаро ҳуқуқ ва инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш” кафедраси ўқитувчиси Барно Қодирова ҳамда Жиззах вилоят судининг жиноят ишлари бўйича судьяси Дилшод Эшматов томонидан олиб борилди.

Икки кунлик қисқа ўқув курси давомида ички ишлар, прокуратура ҳамда суд тизимида фаолият юритувчи 68 нафар тингловчининг назарий билимлари амалий машғулотлар билан мустаҳкамланди.

Машғулотлар якунида тест синовларидан муваффақиятли ўтган тингловчиларга сертификатлар топширилди.

 

Инсон ҳуқуқлари бўйича

Ўзбекистон Республикаси

Миллий марказининг

матбуот хизмати

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech