Ҳар йили 12 август санаси бутун дунё бўйлаб Халқаро ёшлар куни сифатида нишонланади. Бу кун ёшларнинг жамиятдаги ўрни, уларнинг қобилиятлари ва салоҳиятини эътироф этиш, шунингдек, уларнинг дуч келаётган қийинчиликларига эътибор қаратиш учун ажратилган.
Халқаро ёшлар кунини нишонлаш ғояси Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг ёшлар масалаларига эътиборни жалб қилиш ҳаракатлари доирасида пайдо бўлди ва Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 1999 йил декабридаги 54/120 резолюцияси билан Халқаро ёшлар куни деб эълон қилинди.
Бу сананинг белгиланиши ёшларнинг глобал муаммоларни ҳал қилишдаги ролини таъкидлаш ва уларнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишдаги аҳамиятини кўрсатиш мақсадида амалга оширилган. Шунингдек, ушбу кун ёшлар, уларнинг ютуқлари, ҳуқуқлари ва муаммоларига бағишланган. Бу кун жаҳон ҳамжамияти эътиборини жамият тараққиётида ёшларнинг ўрни муҳимлигига қаратиш учун платформа бўлиб хизмат қилади.
Ҳар йили халқаро ёшлар куни маълум бир мавзуга бағишланади. Мавзулар ёшлар олдида турган долзарб муаммоларни ҳисобга олган ҳолда танланади. Ушбу кун доирасида турли тадбирлар ўтказилади. Бутун дунёдаги ёшлар долзарб масалаларни муҳокама қилиш ва қўшма ечимларни ишлаб чиқиш учун конференциялар ва форумлар ҳамда ёшларга ўз истеъдод ва ғояларини ифода етиш имконини берувчи концертлар, кўргазмалар, театрлаштирилган томошалар ва бошқа маданий тадбирлар ташкил этилади. Ижтимоий тармоқларда дунёнинг турли бурчакларидан келган ёшларнинг ўзаро мулоқот қилишлари учун flesh-моблар, танловлар ва бошқа онлайн акциялар ташкил этилади.
Ушбу тадбирлардан кўзланган мақсад,
Биринчида, ёшлар масалаларига эътиборни жалб қилиш, ёшлар куни ёшлар ишсизлиги, қашшоқлик, камситиш, иқлим ўзгариши ва бошқалар каби масалаларга эътиборни қаратишга ёрдам беради.
Иккинчидан, жамият тараққиётида ёшларнинг ролини таъкидлаш, ушбу кун ёшлар ижтимоий ўзгаришларнинг муҳим воситаси эканлиги ва барқарор ривожланиш мақсадларига эришишда муҳим роль ўйнашини таъкидлайди.
Учинчидан, ёшларнинг жамият ҳаётидаги иштирокини рағбатлантириш, халқаро ёшлар куни ёшларни глобал муаммоларни ҳал қилишда ва яхши келажакни қуришда фаол иштирок этишга илҳомлантиради.
Шунингдек, Халқаро ёшлар куни авлодлараро бирдамликни мустаҳкамлаш ва янада адолатли ва барқарор келажакни яратишда муҳим роль ўйнайди. Бу ёшларга ўз аҳамиятини ҳис қилишларига ва кучли томонларига ишонишларига ёрдам беради.
Бугунги кунга келиб, дунё аҳолисининг 16 фоизини 15 ёшдан 24 ёшгача бўлган ёшлар ташкил қилмоқда. 2030 йилга келиб ёшлар сони 7 фоизга ошиши ва қарийб 1,3 миллиард кишига етиши кутилмоқда. Ўзбекистонда эса ҳозирги вақтга келиб, 14 ёшдан 30 ёшгача бўлган аҳоли сони 10 миллионга яқинлашганлигини кўриш мумкин.
Замонавий жамиятда ёшлар ҳуқуқлари тобора долзарб мавзуга айланиб бормоқда. Ёш авлод ўзгариш ва янгиликларнинг двигателидир ва унинг ижтимоий жараёнларда фаол иштирок этиши адолатли ва барқарор келажакни яратиш учун зарурдир.
Аввало ёшларга оид давлат сиёсати ҳар бир давлатнинг ички сиёсати бўлиб, ёшлар ва давлат ўртасидаги муносабатларни ислоҳ қилишга хизмат қилади. Бу соҳадаги ислоҳотлар давр талаби ва мавжуд шарт-шароитдан келиб чиққан ҳолда такомиллаштириб бориладиган жараёндир. Олиб борилган ислоҳотлар самарадорлигини баҳолашда эса, ёшлар саломатлиги даражаси, уларга берилаётган таълим даражаси ва ёшларнинг ижтимоий таъминланганлик даражаси муҳим ўрин тутади.
Ўзбекистон аҳолисининг 60 фоизидан ортиғини ёшлар ташкил этади. Бу эса мамлакатнинг келажаги айнан ёшлар қўлида эканлигини кўрсатади. Сўнгги йилларда Ўзбекистон ҳукумати ёшлар сиёсатига алоҳида эътибор қаратмоқда. Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар доирасида ёшларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг салоҳиятини рўёбга чиқариш учун кўплаб дастурлар ва лойиҳалар ишлаб чиқилмоқда.
Ўтган давр мобайнида ёшларимизни мамлакатда амалга оширилаётган сиёсий, ижтимоий ва иқтисодий ислоҳотларнинг фаол ва бевосита иштирокчисига айлантириш, уларни соғлом ва баркамол авлод қилиб тарбиялаш, жамиятнинг эртаси улар қўлида эканлигини сингдириш масаласи мамлакатимизда устувор ва стратегик вазифаларидан бирига айланди.
Шу етти йил ичида ёшларга оид 100 дан зиёд қонун ва қарор қабул қилиниб, 200 дан ортиқ имтиёз берилгани бунинг ёрқин мисолидир.
Бунга яна бир мисол сифатида – янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясида алоҳида боб – ХIV боб “Оила, болалар ва ёшлар” деб номланганлиги ва унда ёшларга оид қатор нормалар ўрин олганлигини айтиб ўтиш зарур. Айнан Конституциянинг 79-моддасида “Давлат ёшларнинг шахсий, сиёсий, иқтисодий, ижтимоий, маданий, экологик ҳуқуқлари ҳимоя қилинишини таъминлайди, уларнинг жамият ва давлат ҳаётида фаол иштирок этишини рағбатлантиради” дея белгиланди.
Шунингдек, давлатимиз раҳбари томонидан 2024 йил – Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили, дея эълон қилинганлиги ва Давлат дастури тасдиқланганлиги ўз навбатида мамлакатимизнинг равнақи ва юксалиши, фуқароларнинг фаровон турмуш кечириши, муносиб ҳаётга эга бўлиши, жаҳондаги илғор мамлакатлар сафидан ўрин олиши каби мақсадларни ҳаётга татбиқ этишдаги ёшларимизнинг ўрни ва иштироки муҳим эканлигини яна бир бор эътироф этилганлигидан далолатдир.
Ўзбекистонда ёшларнинг сифатли таълим олиши ва замонавий касбларни эгаллаши учун кенг имкониятлар яратилмоқда. Сўнгги йилларда олий таълим муассасаларига қабул квоталари сезиларли даражада оширилди. 2016 йилда олий таълим муассасаларига қабул квотаси 57 мингни ташкил этган бўлса, 2023 йилга келиб бу кўрсаткич 200 мингдан ошди. Бу эса кўпроқ ёшларга олий маълумот олиш имкониятини бермоқда.
Ёшлар бандлигини таъминлаш ва уларни тадбиркорликка жалб қилиш Ўзбекистон ҳукуматининг устувор йўналишларидан биридир. Бу борада "Ёшлар - келажагимиз" давлат дастури доирасида кўплаб лойиҳалар амалга оширилмоқда. Ушбу дастур доирасида ёш тадбиркорларга имтиёзли кредитлар ажратилмоқда, улар учун солиқ имтиёзлари яратилмоқда.
2020 йилда “Ёшлар дафтари” тизими жорий этилди. Бу тизим орқали ижтимоий, иқтисодий, ҳуқуқий, психологик ва бошқа йўналишларда ёрдамга муҳтож ёшлар аниқланиб, уларга зарур кўмак кўрсатилмоқда. "Ёшлар дафтари"га киритилган ёшларга иш топишда ёрдам берилмоқда, касб-ҳунарга ўқитилмоқда, тадбиркорлик лойиҳаларини амалга оширишда қўллаб-қувватланмоқда.
Замонавий дунёда рақамли кўникмалар ва инновацион фикрлаш муҳим аҳамият касб этмоқда. Ўзбекистон ҳукумати бу йўналишда ҳам кўплаб лойиҳаларни амалга оширмоқда. "Рақамли Ўзбекистон - 2030" стратегияси доирасида ёшларнинг рақамли кўникмаларини ошириш бўйича кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда.
ИТ-паркларнинг тармоғи кенгайтирилмоқда, уларда ёшлар учун турли тренинглар ва семинарлар ўтказилмоқда. Масалан, Тошкент шаҳрида жойлашган ИТ-паркда ёшлар учун бепул дастурлаш курслари ташкил этилган. Бу каби марказларда ёшлар замонавий ИТ-касбларни эгаллаш имкониятига эга бўлмоқда.
Шунингдек, мактабларда информатика ва ахборот технологиялари фанларини ўқитиш сифатини ошириш бўйича ишлар олиб борилмоқда. Мактаблар замонавий компьютер синфлари билан жиҳозланмоқда, ўқитувчилар малакаси оширилмоқда. Бу эса ёшларнинг рақамли кўникмаларини эрта ёшдан шакллантириш имконини бермоқда.
Ўзбекистонда ёшлар сиёсати давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири сифатида белгиланган. Сўнгги йилларда амалга оширилаётган ислоҳотлар натижасида ёшлар учун таълим олиш, касб эгаллаш, тадбиркорлик фаолиятини бошлаш, инновацион ғояларни амалга ошириш учун кенг имкониятлар яратилмоқда.
Умуман олганда, Ўзбекистонда ёшларга оид ислоҳотларни янада ривожлантиришга ҳамоҳанг равишда нишонланадиган Халқаро ёшлар куни ёшларни жамият ҳаётида фаол иштирок этишга, ўз ҳуқуқ ва мажбуриятларини англашга, фуқаролик масъулиятини ҳис қилишга ундайди. Ёшлар ўз овозларини эшиттириш, ўз ғояларини илгари суриш ва жамият ҳаётига ўз ҳиссаларини қўшиш имкониятига эга бўлиши муҳим ҳисобланади.
Халқаро ёшлар куни ёшларнинг глобал ҳамжамият аъзолари эканлигини эслатади. Бу кун турли мамлакатлар ёшлари ўртасида алоқаларни мустаҳкамлаш, тажриба алмашиш ва ҳамкорликни ривожлантириш учун платформа вазифасини бажаради.
Хулоса қилиб айтганда, 12 август - Халқаро ёшлар куни ёшларнинг жамиятдаги ўрнини мустаҳкамлаш, уларнинг салоҳиятини рўёбга чиқариш ва келажакни яратишдаги ролини таъкидлаш учун муҳим санадир. Бу кун барча давлатлар, ташкилотлар ва жамиятларни ёшлар билан ишлашга, уларни қўллаб-қувватлашга ва уларнинг овозини эшитишга чақиради. Зеро, бугунги ёшлар - эртанги кунимиз бунёдкорлари ва келажагимиз пойдеворидир.
Дилдора АХМЕДОВА,
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий маркази ходими
- Қўшилди: 12.08.2024
- Кўришлар: 1064
- Чоп этиш