18 сентябрь куни Тошкент шаҳрида фуқаролиги ва бошпанаси бўлмаган шахслар масалаларига бағишланган ахборот сессияси бўлиб ўтди. Сессия Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази ва БМТнинг Қочқинлар бўйича олий комиссари Бошқармаси ҳамкорлигида ўтказилди.
Тадбир Ўзбекистондаги аҳолига бепул юридик ёрдам кўрсатувчи нодавлат нотижорат ташкилотлари учун ташкил этилди. Унда “Мадад” нодавлат нотижорат ташкилоти, “Истиқболли авлод” АТЖ, Нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси адвокатлари ва ходимлари, Адвокатлар палатаси вакиллари, шунингдек, Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети ва Тошкент давлат юридик университети қошидаги клиникаларда юридик фанлардан таҳсил олаётган кўнгиллилар иштирок этди.
Сессияда халқаро экспертлар Ўзбекистоннинг инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасида эришган ютуқларини алоҳида таъкидладилар. Жумладан, “Фуқаролик тўғрисида”ги қонунга ўзгартиш ва қўшимчалар қабул қилинди. Бунинг натижасида 85 минг нафардан ортиқ, шу жумладан, биргина 2021 йилнинг ўзида 32 минг нафар Ўзбекистон Республикаси фуқаролиги бўлмаган шахснинг бу борадаги муаммоси ижобий ечим топди.
Иштирокчилар глобал ва минтақавий даражада фуқаролиги ва бошпанаси бўлмаган шахсларнинг долзарб муаммолари ечими истиқболларини батафсил кўриб чиқдилар. Бунда Ўзбекистоннинг бўлмаган шахслар сонини қисқартириш борасидаги ютуқлари алоҳида эътироф этилди.
Муҳокама чоғида қонунчилик ва амалий фаолиятни халқаро ҳуқуқий нормалар асосида такомиллаштириш имкониятлари ҳар томонлама таҳлил этилди. Бу соҳада қарорлар қабул қилиш ва давлат сиёсатини ишлаб чиқишда инсон ҳуқуқларига асосланган ёндашувлар интеграциялашувининг принципиал аҳамияти жуда муҳимдир.
Тадбир якунида давлат органлари ва нодавлат нотижорат ташкилотлари ўртасида тармоқлараро ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш зарурлиги қайд этилди. Бундай ўзаро ҳамкорлик фуқаролиги бўлмаган шахслар ва бошпана изловчиларнинг самарали ҳуқуқий ёрдамини таъминлаш ва ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг асосий омили сифатида қаралаётгани таъкидланди.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
- Қўшилди: 19.09.2024
- Кўришлар: 853
- Чоп этиш