8 октябрь куни Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий марказида “Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг халқаро тизими” мавзусида сайёр ўқув машғулоти ўтказилди. Тадбирда Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академиясининг магистратура босқичида таҳсил олаётган 15 нафар тингловчи иштирок этди.
Ушбу машғулот тингловчиларни Миллий марказнинг инсон ҳуқуқ ва эркинликлари, қадр-қимматини ҳимоя қилиш борасида олиб бораётган фаолияти ҳамда инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро мажбуриятларнинг бажарилиши ҳолати билан яқиндан таништириш мақсадида ташкил этилди.
Тингловчиларга инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тартиб-таомиллари миллий қонунчиликда қандай акс эттирилганлиги ҳақида маълумот берилди. Мамлакатимизда миллий қонунчилик ва ҳуқуқий амалиётни инсон ҳуқуқлари соҳасидаги умумэътироф этилган халқаро стандартлар ҳамда БМТнинг устав органлари ва шартномавий қўмиталарининг тавсияларини ҳисобга олган ҳолда такомиллаштириш, жамиятда инсон ҳуқуқлари маданиятини қарор топтириш бўйича кенг кўламли ишлар давом этаётганлиги таъкидланди.
Шунингдек, Миллий марказ фаолияти, миллий маърузаларни тайёрлаш механизмлари, хорижий экспертларнинг инсон ҳуқуқлари бўйича тавсиялари ва прокуратура органлари билан ҳамкорлик тўғрисида зарур ахборотлар тақдим этилди. Ўзбекистон томонидан 2023 йил давомида 4 та миллий маъруза БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича устав органлари ва шартномавий қўмиталарига тақдим қилингани ва 5 та миллий ҳаракатлар режасининг ижроси бўйича мониторинг ўтказилгани ҳақида атрофлича фикр юритилди.
Тингловчилар Ўзбекистоннинг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро мажбуриятлари, уларнинг бажарилиши ва миллий маърузалар тайёрлаш бўйича асосий вазифаларни ўргандилар. Инсон ҳуқуқлари бўйича мутахассислар иштирокида маҳорат дарси ҳам ўтказилди.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
- Қўшилди: 09.10.2024
- Кўришлар: 652
- Чоп этиш