21 октябрь – Ўзбек тили байрами куни
Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 4-моддасида: “Ўзбекистон Республикасининг давлат тили ўзбек тилидир. Ўзбекистон Республикаси ўз ҳудудида истиқомат қилувчи миллат ва элатларнинг тиллари, урф-одатлари ва анъаналари ҳурмат қилинишини таъминлайди, уларнинг ривожланиши учун шароит яратади”, деб мустаҳкамлаб қўйилган.
Эътиборли жиҳати шундаки, 1992 йил 8 декабрда қабул қилинган Мустақиллик Бош қомусининг айни нормалари янги таҳрирдаги Конституциямизда деярли ўзгартирилмаган. Яъни, даставвал 1989 йили Ўзбекистоннинг “Давлат тили тўғрисида”ги қонунида акс этган ушбу муҳим қоидалар миллий давлатчилигимизнинг ўзгармас ҳуқуқий таянч нормалари қаторида туради.
Бу ҳақда сўз борганда, “Давлат тили тўғрисида”ги қонун 1989 йил 21 октябрда – Истиқлолимиз эълон қилинишидан тахминан икки йил илгари қабул қилинганлигини таъкидлаш лозим. Ўзбекистоннинг давлат мустақиллиги сари қўйилган дастлабки дадил ҳуқуқий қадамлардан ҳисобланувчи ушбу тарихий воқеага роппа-роса 35 йил тўлди.
Жонажон Ватанимизнинг Давлат тили тўғрисидаги қонунини ишлаб чиқиш ва қабул қилиш билан боғлиқ айни воқеаларда бевосита иштирок этганимдан фахрланаман. Ўшанда аксарият мутахассислар эътироф этганларидек, мазкур қонун икки хил лойиҳанинг тўрт ойлик қизғин муҳокамаси ва эҳтиросли мунозарасининг натижаси бўлган. Уни тайёрлашда минглаб хатларда ва йиғилишларда билдирилган илғор таклифлар ҳисобга олинган.
Юртимизда мустабид тузум ҳали ўз ҳукмини ўтказиб турган ғоят оғир шароитда халқимизнинг тақдири ва келажагини ҳал қиладиган бу қонунни қабул қилиш осон кечмаган. Энг асосийси, ўша даврда ўзбек тили давлат тили сифатида халқимизни бирлаштирадиган, жамиятимизни улуғ мақсадлар сари сафарбар этадиган қудратли куч бўлиб майдонга чиқди. Буларнинг барчаси ўзбек тилининг ҳуқуқий мақоми юксак даражада мустаҳкамлангани, тилимизга нисбатан тарихий адолат қарор топганининг яққол ифодаси бўлгани билан ғоятда қадрли ҳамда аҳамиятлидир.
Шу маънода, Ўзбекистон Республикаси Президенти 2019 йил 21 октябрда қабул қилган “Ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузи ва мавқеини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонга биноан, 21 октябрь тарихий санаси – Ўзбек тили байрами куни деб белгилангани бежиз эмас. Ўз навбатида, 2020 йил 10 апрелда “Ўзбек тили байрами кунини белгилаш тўғрисида"ги қонун қабул қилингани ҳам айни муддаодир.
Мамлакатимизда “Давлат тили ҳақида”ги қонун қабул қилинган куннинг улкан тарихий ўрни ва аҳамиятига бу қадар юксак эътибор қаратилаётганининг боиси шундаки, ушбу сана маънавий ва маърифий, ҳуқуқий ва сиёсий жиҳатдан ниҳоятда муҳим аҳамиятга эга. Зеро, кейинги йилларда Янги Ўзбекистонни барпо этишга қаратилган эзгу интилиш ва ҳаракатларимиз ҳал қилувчи босқичга кўтарилмоқда.
Президентимиз томонидан 2020 йил 20 октябрда «Мамлакатимизда ўзбек тилини янада ривожлантириш ва тил сиёсатини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармон имзоланганини ҳам худди шу муҳим омил билан изоҳлаш ўринлидир. Фармонда аввало Ўзбекистондаги миллат ва элатларнинг тилларини сақлаш ва ривожлантириш, давлат тили сифатида ўзбек тилини ўрганиш учун шарт-шароитлар яратиш, тил сиёсатини ривожлантиришнинг стратегик мақсадлари ва устувор йўналишлари белгилаб берилди.
Бундан ташқари, ўзбек тилини янада ривожлантиришга қаратилган учта муҳим ҳужжат:
биринчидан, 2020–2030 йилларда ўзбек тилини ривожлантириш ва тил сиёсатини такомиллаштириш концепцияси;
иккинчидан, 2020-2030 йилларда ўзбек тилини ривожлантириш ва тил сиёсатини такомиллаштириш концепциясини 2020-2022 йилларда амалга ошириш дастури;
учинчидан, 2020-2030 йилларда ўзбек тилини ривожлантириш ва тил сиёсатини такомиллаштиришнинг асосий йўналишлари тасдиқланди.
Бугунги кунда ана шу ҳужжатларда ўз аксини топган аниқ ва қамровдор взифалар ижросини таъминлаш учун давлат бошқаруви, замонавий ва инновацион технологиялар, саноат, банк-молия тизими, ҳуқуқшунослик, дипломатия, тиббиёт соҳаларида, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар ва ҳарбий муассасалар фаолиятида тўлиқ давлат тилида иш юритиш бўйича бошланган ишлар изчил давом эттирилмоқда. Чунки, Президент Шавкат Мирзиёев таъкидлаганидек, "Давлат тили масаласи миллий ғоямизнинг асосий тамойилларидан бири бўлиши зарур".
Янги Ўзбекистонда ўзбек тилининг халқимиз ижтимоий ҳаётида ва халқаро миқёсдаги обрў-эътиборини тубдан ошириш, униб-ўсиб келаётган ёшларимизни ватанпарварлик, миллий анъана ва қадриятларга садоқат, улуғ аждодларимизнинг бой меросига ворислик руҳида тарбиялаш, мамлакатимизда давлат тилини тўлақонли жорий этишни таъминлашга қаратилган янгидан-янги ташаббуслар илгари сурилаётгани жуда муҳим.
Янада муҳими, бу борадаги саъй-ҳаракатлар, бир томондан, ушбу соҳада тўпланиб қолган муаммо ҳамда камчиликларни бартараф этишга хизмат қилмоқда. Иккинчи томондан, янгича ташаббуслар мамлакатимизда ўзбек тилини замон талаблари асосида ривожлантириш, унинг давлат тили сифатидаги ўрни ва нуфузини янада мустаҳкамлаш борасидаги масъулиятли вазифаларнинг самарали ижроси учун ниҳоятда зарур.
Ўзбек тили – Ўзбекистон Республикаси аҳолисининг мутлақ кўпчилиги бўлмиш ўзбек халқининг она тилидир. У Ўзбекистон бирлиги ва яхлитлиги, жамият жипслигининг муҳим омили ҳам ҳисобланади. Шунинг учун юртимизда ўзбек тили ва адабиёти йўналишида олий маълумотли кадрлар тайёрлаш ҳажми ҳамда илмий тадқиқотлар сони изчил кўпайгани табиий.
Мамлакатимизда 150 та миллий маданий марказ иш юритаётгани, ўзбек тили билан бирга, қорақалпоқ, рус, қозоқ, қирғиз, тожик, туркман тилларида оммавий ахборот воситалари фаолият кўрсатаётгани, мактабларимизда таълим-тарбия жараёни 7 та тилда олиб борилаётгани дунё амалиётидаги ноёб тажриба эканини алоҳида таъкидлаш лозим. Юртимизда чет тилларга ихтисослашган ҳамда ўқув машғулотлари хорижий тилларда ўтиладиган таълим масканлари сони ортиб бораётгани ҳам шу соҳадаги муҳим ўзгаришлар натижасидир.
Ўзбек тили – сўзлашувчилар сони кўплигига кўра сайёрамизда энг кенг тарқалган 40 та тилдан бири экани ҳам қувонарли воқелик. Ер юзида ўзбек тилида сўзлашувчилар сони қарийб 60 миллион кишини ташкил этиши эса унинг дунёдаги йирик тиллардан бирига айланиб бораётганидан далолат беради.
Сўнгги йилларда Ўзбекистонда барча соҳа ва тармоқлар каби она тилимиз қадри ва нуфузини янада ошириш борасидаги сиёсат ва амалий ишлар янги босқичга кўтарилмоқда. Буни ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги мақоми ва обрў-эътиборини тубдан ошириш бўйича қабул қилинган тарихий фармон ва қарорлар самаралари тасдиқлайди.
Хусусан, Вазирлар Маҳкамаси таркибида Давлат тилини ривожлантириш департаменти ҳамда Ўзбек тилини ривожлантириш жамғармаси фаолият кўрсатмоқда. Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети таркибида амалий филология ва компьютер лингвистикаси бўйича янги йўналишлар очилган. Университет қошида Давлат тилида иш юритиш асосларини ўқитиш ва малака ошириш маркази, махсус ўқув курслари ҳамда Алишер Навоий халқаро жамғармаси ташкил этилган.
Ўтган даврда ўзбек тилини чуқур ўрганиш ва ўргатишга хизмат қиладиган ўнлаб китоб, қўлланма ва луғатлар нашр қилинган. Шунингдек, чет эл фуқаролари ва юртдошларимизга ўзбек тилини ўргатадиган онлайн платформа, ўзбек тили изоҳли луғатининг мобиль иловаси, хориждаги ватандошларимиз учун махсус веб-сайт яратилган.
Ўзбекистоннинг Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгашига аъзо бўлгани Ташкилот доирасида иқтисодий алоқаларни кучайтириш билан бирга, туркий тиллар, хусусан, ўзбек тилининг халқаро нуфузини оширишга хизмат қилмоқда. Мамлакатимиз ташаббуси билан мазкур ташкилотнинг Алишер Навоий номидаги халқаро мукофоти таъсис этилди.
Маълумки, давлат тили сиёсий, ижтимоий ва маданий соҳаларда халқни бирлаштирувчи қудратли восита саналади. Ҳозирги кунда мамлакатимизда яшаётган, Ўзбекистонимизни ягона ва аҳил оила деб биладиган турли миллат ва элатлар вакиллари ўзбек тилини ўрганишга катта қизиқиш ва истак билдираётганлари айниқса эътиборлидир.
Хулоса қилиб айтганда, ўзбек тилини изчил ривожлантириш, унинг давлат тили сифатидаги ўрни ва нуфузини янада мустаҳкамлаш борасида зиммамизга катта ва масъулиятли вазифалар юкланган. Бинобарин, Ўзбекистон тараққиётининг янги босқичи – Янги Ўзбекистонни барпо этиш ва учинчи Уйғониш даври пойдеворини мустаҳкамлашга қаратилган Тараққиёт стратегияси ҳамда “Ўзбекистон – 2030” стратегияси талабларидан келиб чиқиб, она тилимизнинг жамиятдаги ўрни ва нуфузини ошириш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилаётгани ҳар қанча таҳсинга лойиқ.
Акмал САИДОВ,
академик
- Қўшилди: 21.10.2024
- Кўришлар: 595
- Чоп этиш