ҚОҲИРА, 26 октябрь. /"Дунё" АА/. Мисрнинг "Сада ал-Балад" ахборот агентлиги "Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро мажбуриятларни бажариш: Янги Ўзбекистон тажрибаси" сарлавҳали мақолани эълон қилди, деб хабар бермоқда "Дунё" АА мухбири.
Муаллиф бугунги кунда дунёда содир бўлаётган чуқур сиёсий ва иқтисодий зиддиятлар даврида Янги Ўзбекистонда тинч ва фаровон ҳаётни таъминлаш, инсон шаъни ва қадр-қимматини ҳурмат қилиш давлат сиёсатининг устувор вазифаларидан бири сифатида белгиланганини ёзган.
"Ўзбекистон Бирлашган Миллатлар Ташкилоти фаолиятида фаол иштирок этиб, жаҳон ҳамжамияти учун умумий муаммоларни мулоқот ва ҳамкорлик, маданий-цивилизациявий, миллатлараро ва динлараро ўзаро ҳамкорлик орқали ҳал этишга интилади, – дейилган нашрда. – Мамлакат халқаро ташкилотлар доирасида халқаро нормаларни яратиш жараёнида фаол иштирок этмоқда. Хусусан, сўнгги йилларда Ўзбекистон ташаббуси билан БМТ Бош Ассамблеяси томонидан 10 та махсус резолюция қабул қилинди".
"Сада ал-Балад" АА расмий манбаларга таяниб, Ўзбекистоннинг илк бор тарихда БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Кенгашига аъзо бўлганини маълум қилган. Ушбу Кенгаш доирасида Ўзбекистон ташаббуси билан "COVID-19 пандемиясининг ёшлар ҳуқуқларига таъсири" (2021 йил октябрь), "Ёшлар ва инсон ҳуқуқлари" (2022 йил октябрь) ҳамда "Ҳар бир болага тинчлик ва бағрикенглик руҳида сифатли таълимни таъминлаш" (2023 йил октябрь) резолюциялари қабул қилинди.
Материалда Ўзбекистон илк марта БМТ Иқтисодий ва ижтимоий кенгаши (ECOSOC) ҳамда Халқаро меҳнат ташкилоти Маъмурий кенгаши аъзолигига сайлангани, шунингдек, Ўзбекистон вакили илк бор БМТ Инсон ҳуқуқлари қўмитасига аъзо бўлганига алоҳида эътибор қаратилган.
Таъкидланишича, Ўзбекистон томонидан ратификaция қилинган шартномаларнинг бажарилиши бўйича БМТнинг устав органлари ва шартномавий қўмиталарига ўз вақтида миллий маърузаларини тақдим этиб келинмоқда.
Миср ОАВ, шунингдек, сўнгги йилларда Ўзбекистон ва ХМТ ўртасидаги ҳамкорлик сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилганини билдирган. ХМТ мамлакат тажрибасини халқаро миқёсда ўрганиш ва қўллаш учун муваффақиятли модель сифатида кўрмоқда.
"Шуни таъкидлаш мумкинки, Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро стандартларни миллий қонунчилик ва ҳуқуқни қўллаш амалиётига доимий равишда тадбиқ этиб келмоқда. Норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ва уларнинг лойиҳаларининг гендер, инсон ҳуқуқлари ва коррупцияга қарши экспертизаси амалга оширилмоқда. Инсон ҳуқуқлари соҳасида Ўзбекистоннинг халқаро мажбуриятларига риоя этилиши бўйича Парламент комиссияси фаолият юритмоқда", – деб ёзилган мақола якунида.
- Қўшилди: 29.10.2024
- Кўришлар: 886
- Чоп этиш