Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий марказ директори Акмал Саидов — бу рақамлар МДҲ давлатлари орасида энг паст кўрсаткич ҳисобланишини айтди. Расмийларга кўра, Ўзбекистонда сўнгги йилларда замон талабларига жавоб бермайдиган 4 та колония тугатилган.
31 октябрь куни Тошкент шаҳрида “Гендер сезгир жазони ижро этиш муассасалари бошқаруви стратегиялари: илғор тажриба ва асосий муаммолар” мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди. Тадбирда сўзга чиққан Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Миллий маркази директори Акмал Саидов Ўзбекистонда маҳкумлар ва жазони ижро этиш билан боғлиқ айрим рақамларни очиқлади.
“Бугунги кунда мамлакатимиздаги жазони ижро этиш муассасаларида жазо муддатини ўтаётган маҳкумлар сони ҳар 100 минг аҳолига ҳисоблаганда 68 нафарни ташкил этади. Бу кўрсаткич Мустақил давлатлар ҳамдўстлигига аъзо мамлакатлар орасида энг паст даражада бўлиб, инсон ҳуқуқлари ва қонун устуворлигини таъминлаш борасида амалга оширилган ислоҳотлар натижасидир”, — деган Акмал Саидов.
Шунингдек, замон талабларига жавоб бермайдиган 4 та колония, жумладан, аҳоли орасида салбий ном топган “Тоштурма” ва “Жаслиқ” колониялари тугатилгани, озодликдан маҳрум этиш билан боғлиқ бўлмаган жазолар қўлланилган шахсларни соғлом ижтимоий ҳаётга йўналтириш мақсадида 2019 йилдан пробация фаолияти йўлга қўйилгани қайд этилган.
Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Жазони ижро этиш департаменти муҳим топшириқлар бўйича инспектори Бурхонхўжа Акромовнинг маълум қилишича, тергов ҳибсхоналари ва ёпиқ турдаги колонияларда адвокатлар учун алоҳида 69 та хона ташкил этилган. Омбудсман ва Бизнес-омбудсман бундай муассасаларга ҳеч қандай тўсиқсиз кириш имкониятига эга.
Kun.uz
- Қўшилди: 04.11.2024
- Кўришлар: 418
- Чоп этиш