18 ноябрь куни Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази томонидан “Мажбурий кўчириш: жадал урбанизация шароитида инсон ҳуқуқларини қандай кафолатлаш мумкин”, деган мавзуда жамоатчилик маслаҳатлашуви ўтказилди. Тадбир БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Бошқармасининг Марказий Осиё бўйича минтақавий ваколатхонаси ҳамкорлигида ташкил этилди.
Жамоатчилик маслаҳатлашувида урбанизациянинг тез суръатларда кечаётган жараёнлари шароитида инсон ҳуқуқларига риоя этиш билан боғлиқ долзарб масалалар, жумладан, мажбурий кўчиришга дуч келган шахсларни ҳимоя қилиш кафолатлари кўриб чиқилди. Шунингдек, БМТнинг Муносиб турар жой масалалари бўйича Махсус маърузачиси Б.Ражагопалнинг Ўзбекистонга яқинда амалга оширган ташрифи доирасида баён этилган хулоса ва тавсиялари муҳокама қилинди.
Тадбирда соҳага ихтисослашган вазирлик ва идоралар, суд органлари, муносиб турар жой ҳуқуқини илгари суриш ва ҳимоя қилишга қаратилган нодавлат ташкилотлар вакиллари қатнашди. Жами иштирокчилар сони 40 нафардан ортиқ бўлди.
Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази Халқаро ҳамкорлик бўлими бошлиғи И.Абдумажидов ўз сўзида Ўзбекистон Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг фуқароларни муносиб ва хавфсиз уй-жойга бўлган ҳуқуқини таъминлашга қаратилган барча ташаббусларига доимо ҳурмат билан ёндашишини таъкидлади. БМТнинг Муносиб уй-жой масаласи бўйича махсус маърузачиси Б.Ражагопал тавсияларини амалга оширишга қаратилган Миллий ҳаракатлар режаси – “Йўл харитаси” лойиҳаси устида иш бошланган.
Бундан ташқари, иштирокчиларга ҳозирги босқичда айни ҳужжат лойиҳаси унинг имкон қадар самарадорлигини, шунингдек, инсон ҳуқуқлари соҳасидаги миллий устуворликлар ва халқаро стандартларга мувофиқлигини таъминлаш имконини берадиган амалий таклиф ва тавсияларни олиш учун тегишли вазирлик ва идораларга юборилгани ҳақида маълумот берилди.
Ўз навбатида, БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Бошқармасининг Марказий Осиё бўйича минтақавий ваколатхонаси номидан Лойиҳа мувофиқлаштирувчиси И.Файзулин сўзга чиқди. У давра суҳбатида нафақат давлат сектори, балки фуқаролик жамияти вакиллари ҳам тўпланганини эътироф этиб, бу каби муҳим масалаларни муҳокама қилишда инклюзив ёндашув муҳимлигини таъкидлади.
Тадбир доирасида БМТнинг Муносиб уй-жой масаласи бўйича махсус маърузачиси Б.Ражагопалнинг видеомурожаати тақдим этилди. Мурожаатда Ўзбекистонга ташриф якунлари бўйича тақдим этилган тавсияларни амалга ошириш ва самарали имплементация қилишда аввало вақт омилининг аҳамиятига эътибор қаратилди.
Б.Ражагопал таъкидлаганидек, турар-жой қурилиши инклюзивликка ва ижтимоий йўналтирилганликка қаратилган бўлиши, фақатгина таъминланган қатлам манфаатларига хизмат қилмаслиги лозим. Махсус маърузачи янги таҳрирдаги Ўзбекистон Конституциясини ижобий баҳолар экан, уни етарли уй-жойга бўлган ҳуқуқларни ҳимоя қилишни яхшилаш учун амалда қўллашга умид билдирди. Шу билан бирга, унинг қайд этишича, 2017 йилдан бери кўплаб мажбурий бузиш ҳолатлари бўйича ҳанузгача компенсация тўланмаган.
Бундан ташқари, фуқаролар билан янада яқин ҳамкорлик ўрнатиш, жумладан, юзма-юз маслаҳатлашиш зарурлигига эътибор қаратилди. Б.Ражагопалнинг Ўзбекистонга ташрифи якунлари бўйича маъруза 2025 йил март ойида тақдим этилиши, бу уй-жойга бўлган ҳуқуқни ҳимоя қилиш соҳасидаги халқаро стандартларни илгари суришда муҳим қадам бўлиши маълум қилинди.
Тадбир давомида мажбурий кўчириш билан боғлиқ масалалар муҳокама қилинди. Жумладан, жамоатчилик хабардорлигини ошириш, фуқароларнинг мажбурий кўчириш ҳолатларида компенсация олиш ҳуқуқини адолатли таъминлаш механизмларини такомиллаштириш ва уларнинг ҳуқуқларини тиклаш учун қонуний механизмларни ишлаб чиқиш зарурлиги қайд этилди.
Шунингдек, Ўзбекистоннинг тарихий меросини сақлаш билан боғлиқ муаммолар, реновация жараёнларининг шаффофлигини таъминлаш, давлат, қурилиш ташкилотлари ва фуқаролар манфаатларини мувозанатда ушлаш масалалари муҳокама қилинди. Реновация жараёнларида жамоатчилик иштирокини таъминлаш ва халқаро тажрибани миллий устуворликларни инобатга олган ҳолда қўллашнинг аҳамияти таъкидланди.
Жамоатчилик маслаҳатлашуви якунида иштирокчилар уй-жой сиёсати соҳасидаги долзарб масалаларни ҳал этишга қаратилган ҳамкорликни давом эттиришга тайёр эканликларини билдирдилар.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
- Қўшилди: 20.11.2024
- Кўришлар: 712
- Чоп этиш