3 декабрда бўлиб ўтган Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий марказида “Инсон ҳуқуқлари уйи”нинг тантанали очилиши маросимида фаолияти инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва ҳуқуқий нормаларни тарғиб қилиш билан боғлиқ бўлган халқаро ва минтақавий ташкилотлар вакиллари, Ўзбекистонда аккредитациядан ўтган дипломатик ваколатхоналар раҳбарлари, оммавий ахборот воситалари вакиллари, давлат органлари мутахассислари, етакчи экспертлар, илм-фан ва жамоат арбоблари – жами 100 дан ортиқ иштирокчи қатнашди.
Бундан ташқари, ушбу тантанали тадбирни мамлакатимизнинг 14 та вилоятидаги Ахборот-ресурс марказларида кутубхоначилар ва соҳамиз фидойилари ҳам онлайн кузатиб борди.
Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг бу йилги байрам шиори айни шу кўтаринки кайфиятга ниҳоятда мос келди. Яъни: “Бизнинг ҳуқуқларимиз, бизнинг келажагимиз, айнан ҳозир”.
Тадбир бир қатор миллий байрам ва халқаро саналар арафасида ташкил этилгани унинг аҳамиятини оширди. Бу ўринда, хусусан, 3 декабрь – Халқаро ногиронлар куни; 8 декабрь – Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинган кун; 9 декабрь – Ўзбекистон Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияни ратификация қилган кун; 10 декабрь – Ўзбекистон Республикаси Давлат мадҳияси қабул қилинган кун, Инсон ҳуқуқлари халқаро куни ва Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси қабул қилинганлигининг 76 йиллиги қутлуғ саналари ҳақида сўз бормоқда.
Ушбу муҳим миллий ва халқаро саналар муносабати билан Миллий марказ томонидан “Тонг юлдузи” ва “Класс” болалар газеталари таҳририятлари ҳамкорлигида “Инсон ҳуқуқлари – болалар нигоҳида” мавзусидаги танлов ўтказилди. Танлов якунлари бўйича саралаб олинган ижодий ишлар намуналари “Инсон ҳуқуқлари уйи”да кўргазмага қўйилган.
Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, “Инсон ҳуқуқлари уйи” Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг бевосита ташаббуси билан бунёд этилди. Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, “янги таҳрирдаги Конституция ва ўзгараётган қонунларимиз авваламбор, инсон қадри, унинг ҳуқуқ ва эркинликларининг кафолатларини сезиларли даражада кучайтиришга хизмат қилмоқда”.
Табиийки, бу борада халқаро ҳамкорлик муносабатларимиз тобора изчил ва тизимли тус олаётгани улкан аҳамият касб этади. БМТ Бош котиби Антониу Гутерришнинг жорий йил июль ойи бошида Ўзбекистонга расмий ташриф билан келгани буни яна бир бор тасдиқлади.
2023 йил 13-15 март кунлари БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Фолькер Тюрк расмий ташриф билан мамлакатимизда бўлганди. Мўътабар меҳмонни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев қабул қилди.
Ўша ташриф асносида Фолькер Тюрк жаноблари, жумладан, “Ислоҳотлар жараёнида фуқаролик жамиятининг тўлақонли иштирокини таъминлаш учун давлат муассасалари керакли шарт-шароит яратиши лозим”, деган таклифни билдирганди. Мазкур тақдимотимиз ҳам БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссарининг ушбу тавсиясига айнан монанддир.
Олис тарихда, бундан 5 минг йилдан ортиқ вақт илгари инсоният бебаҳо билимлар манбаи – кутубхонани кашф этган. Миср фиръавни Рамзес Иккинчи ўзининг китоблар сақланадиган қасрини – “Қалб дорихонаси” деб улуғлагани бежиз эмас.
Ҳатто ХХI асрга келиб ҳам, китоблар биз – инсонлар учун хаёлий дунёмиз билан ҳаётий дунёмиз ўртасидаги ишонч кўприги вазифасини ўтамоқда. Биз айнан китоблар ёрдамида орзуларимизни рўёбга чиқарамиз, онг-тафаккуримизни юксалтирамиз ва дунёқарашимизни кенгайтирамиз.
Хусусан, Алишер Навоий шеърияти гўзаллик ҳақида ўйлашга, бировнинг бошига тушган ташвишга бефарқу лоқайд бўлмасликка, ҳаётда ҳамиша фаол ва адолатпарвар бўлиб яшашга ундайди.
Франц Кафкадек бизни теран тушунадиган бошқа биров ҳам бормикан, деб ўйга толамиз унинг китобларини ўқиганда. Эрнест Хемингуэй ўз асарлари орқали ўргатган жасорат сабоқларига нима етсин! Бинобарин, “Энг яхши дўстим – менга ҳали ўқимаган китобимни совға қилган дўстимдир”, дея ҳаққоний эътироф этган Авраам Линкольн. Икки минг йиллар муқаддам буюк Конфуций шундай ҳикматни битиб қолдирган экан: “Қанчалик банд бўлсангиз – ўз ишингиз, аммо мутолаа учун вақт топмоғингиз шарт”. Замондош адибимиз Чингиз Айтматов эса бундай деб таъкидлаган: “Китобда ажиб бир илоҳий куч бор, чунки сен уни очганинг сари у сени очади”.
“Инсон ҳуқуқлари уйи”нинг очилиши мамлакатимизнинг инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тизими тараққиёти йўлида муҳим қадам бўлишига ишонаман. Ушбу маърифат маскани фаолиятини ташкил этишда яқиндан бизга ёрдам берган ҳамкорларимизга, хусусан: Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги; Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси; Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ҳамда “Ўзинфоком” Давлат ахборот тизимларини ташкил этиш ва қўллаб-қувватлаш бўйича ягона интегратори, бошқа ҳамкор ташкилотлар раҳбарияти ва мутахассисларига чин қалбимдан миннатдорчилик билдираман.
Яна бир муҳим соҳа – “Инсон ҳуқуқлари уйи”га китоблар тақдим этиш борасида:
· Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси – 500 та;
· Хитой Халқ Республикасининг Элчихонаси – 168 та;
· “Тараққиёт стратегияси” маркази – 168 та;
· Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги – 153 та китоб туҳфа этганини алоҳида таъкидламоқчиман.
Шунингдек, Халқаро Қизил Хоч ва Қизил Ярим ой жамияти, Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш Бутунжаҳон жамияти, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази, Ички ишлар вазирлиги Академияси, Фанлар академиясининг Давлат ва ҳуқуқ институти, “Адолат” нашриёти, “Ренессанс” хусусий нашриёти, Касаба уюшмалари Федерациясининг “Ишонч” газетаси таҳририяти каби яна кўплаб ташкилот ва муассасалар ҳамда маърифатпарвар инсонлар томонидан “Инсон ҳуқуқлари уйи”га китоблар тақдим этилди.
Шу муносабат билан ана шу ташкилот ва муассасалар жамоасига, зиёли аҳли вакилларига эзгу ишга ҳисса қўшганликлари учун самимий ташаккур изҳор этаман.
Миллий марказ биносида “Халқаро миграция ташкилоти хонаси” ишлаб турибди. Ушбу кабинет тўлалигича халқаро ҳамкоримиз томонидан жиҳозланган. Шу маънода, Миллий марказ бошқа ҳамкорларимиз – халқаро ташкилотлар ваколатхоналари раҳбарлари ва хорижий давлатлар элчилари ҳам худди шундай ихтисослашган тарзда жиҳозланган кабинетлар ташкил этишига ҳамиша тайёр. Биз бундан манфаатдормиз.
Янги Ўзбекистоннинг “Инсон ҳуқуқлари уйи” – инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълим, маърифат ва маданият рамзидир. Бу маърифат масканининг фаолияти келгусида офлайн ва онлайн тарзда йўлга қўйилади. Унинг хизматидан нафақат Тошкент шаҳрида яшайдиган, балки мамлакатимизнинг барча ҳудудларида истиқомат қиладиган фуқаролар эмин-эркин фойдаланишлари мумкин бўлади.
Шундай қилиб, бугун расман очилган “Инсон ҳуқуқлари уйи” нафақат шу соҳа мутахассислари, балки барча соҳаларда изланишлар олиб бораётган тадқиқотчилар, қаламкаш олиму адиблар, замонавий билимларни эгаллаётган талаба ва ўқувчилар – бутун халқимизга кенг очиқ.
Акмал Саидов,
Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори
- Қўшилди: 03.12.2024
- Кўришлар: 473
- Чоп этиш