ТОШКЕНТ, 3 декабрь. "Дунё" АА. Бугун Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Миллий марказининг Ахборот-ресурс маркази негизида "Инсон ҳуқуқлари уйи"нинг расмий очилиш маросими бўлиб ўтди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.
Ташкилотчилар Ўзбекистон Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги ҳамда Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси билан биргаликда Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Миллий маркази бўлди.
Тадбирга фаолияти инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва ҳуқуқий нормаларни тарғиб қилиш билан боғлиқ бўлган халқаро ва минтақавий ташкилотлар вакиллари, Ўзбекистонда аккредитациядан ўтган дипломатик ваколатхоналар раҳбарлари, оммавий ахборот воситалари вакиллари, давлат органлари мутахассислари, етакчи экспертлар, илм-фан ва жамоат арбоблари иштирокчи ҳозир бўлди.
Бундан ташқари, "Инсон ҳуқуқлари уйи"нинг очилиши тадбирини мамлакатимизнинг барча ҳудудлари марказларидаги кутубхоначилар онлайн кузатиб борди.
Шунингдек, Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий марказ директори Акмал Саидов, Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги директори Асаджон Ходжаев, Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси директори Умида Тешабоева қутлов нутқи билан қатнашди.
Сўзга чиққанлар Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг бевосита ташаббуси билан бунёд этилган "Инсон ҳуқуқлари уйи"нинг очилиши мамлакатимиз инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тизими тараққиёти йўлида ғоят муҳим қадам эканлигини эътироф этдилар. Ушбу тантанали тадбир 8 декабрь – Ўзбекистон Конституцияси қабул қилинган кун ва 10 декабрь – Инсон ҳуқуқлари халқаро куни тимсолидаги иккита муҳим санага бағишлангани бежиз эмаслиги таъкидланди.
Ўзбекистон Президентининг "Янги таҳрирдаги Конституция бизга инсон ҳуқуқлари, демократия, эркинлик, барқарорлик, тенглик ва тараққиёт тамойилларига асосланган ҳуқуқий ва адолатли давлат қуриш йўлларини кенг очиб берди", деб таъкидлагани замирида ғоят улуғвор ҳақиқатлар мужассам. Агар дунё мамлакатлари Конституцияларида инсоннинг 110 дан ортиқ ҳуқуқи қайд этилган бўлса, бу ҳуқуқларнинг 90 таси янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясида мавжуд ва шу ҳуқуқлардан 40 таси янги конституциявий ҳуқуқлардир.
Бугунги кунда мамлакатимиз ҳаётига изчиллик билан татбиқ этилаётган Асосий қонунимизнинг 56-моддасида белгиланганидек, "Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлар инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилишнинг мавжуд шакллари ҳамда воситаларини тўлдиради, фуқаролик жамиятини ривожлантиришга ва инсон ҳуқуқлари маданиятини юксалтиришга кўмаклашади". Шу маънода, "Инсон ҳуқуқлари уйи"нинг расмий асосда фаолият бошлаши айни конституциявий норманинг рўёбга чиқарилиши билан боғлиқ йирик амалий тадбир ҳисобланади.
Ўзбекистон ўзи қўшилган инсон ҳуқуқлари тўғрисидаги асосий халқаро шартномаларда зиммасига олган мажбуриятларни қатъий ва оғишмай бажариб келмоқда.
- Қўшилди: 04.12.2024
- Кўришлар: 643
- Чоп этиш