“Маҳалла катта ижтимоий куч
сифатида майдонга чиқиши керак”.
Шавкат МИРЗИЁЕВ,
Ўзбекистон Республикаси Президенти
Ўзбекистон ҳуқуқий, демократик, ижтимоий ва дунёвий давлат ҳамда адолатли фуқаролик жамиятини қуришни ўз олдига мақсад қилиб олган ва бу борада кўплаб ислоҳотларни амалга ошириб келмоқда.
Маҳалла фуқаро йиғинлари фаолиятини янада жонлантиришда, аввало, фуқароларни давлат ва жамият ишларини бошқаришга кeнг жалб этиш, ундаги фаол иштирокини таъминлаш асосий мақсадга айланди. Бу, ўз навбатида, дeмократик институтлар ривожини белгиловчи муҳим мезондир.
“Маҳалла” атамаси арабчадан олинган бўлиб, “ўрин-жой” деган маънони англатади. У турли минтақаларда маҳаллот (жой), гузар, жамоа, элат номларида аталиб келинган. Адабиётларда маҳалла кўп минг йиллик тарихга эга эканлиги ҳақида маълумотлар бор. Масалан, Наршахий ўзининг “Бухоро тарихи” асарида Бухорода бундан 1100 йил илгари бир қанча маҳаллалар бўлганлигини қайд этган.
Маҳалла асрлар давомида жамиятнинг ажралмас қисми бўлиб келган. У нафақат ўзига хос ижтимоий тузилма, балки миллий қадриятларни, маданиятни сақловчи ва ривожлантирувчи муҳим демократик ва халқчил муҳитдир.
Маҳалла жамият ҳаётида алоҳида аҳамият касб этиб, ўзида бир нечта ижтимоий, сиёсий, иқтисодий ва маданий функцияларни мужассамлаштиради. Ўзбекистонда маҳалла тизими нафақат анъанавий тузилма, балки давлат сиёсати ва фуқаролар ўртасида ҳамкорликнинг муҳим воситасига айланган.
Ўзбек халқининг бой маънавий меросига, улардаги ўзаро меҳр- оқибатга баҳо берган сиёсатшунос олим Леонид Левитин ўзининг “Ўзбекистон тарихий бурилиш палласида” китобида ўзбек маҳалласининг тарихий ривожланиш босқичларини атрофлича таърифлаган. Шу каби кўплаб хорижий жамиятшунослар ва олимларнинг ўзини ўзи бошқаришнинг ўзбекона модели ҳисобланмиш маҳалла институтига берган таърифларидан ҳам шуни англаб олиш мумкинки, маҳалла тарбия ўчоғи сифатида доимо шахс камолотининг маънавий сарчашмаси бўлиб қолаверади.
Бугунги кунда давлатимиз томонидан маҳаллаларга бўлган эътибор янада кучаймоқда. Хусусан, жорий йилнинг 2-5 октябрь кунлари давлатимиз раҳбарининг “Камбағалликдан фаровонлик сари” ғояси асосида Самарқандда “Аҳолининг турмуш даражасини оширишда маҳалланинг ўрни” мавзусида ўтказилган Биринчи халқаро конференцияда мамлакатимизда тадбиркорликни ривожлантириш, бандликни таъминлаш, камбағалликни қисқартириш, ижтимоий ёрдам кўрсатиш ва бошқа масалаларда маҳалланинг иштироки, “маҳалла еттилиги” фаолияти атрофлича ўрганилди.
Конференция якунлари бўйича БМТнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси ва бошқа ҳамкор халқаро ташкилотлар томонидан якуний Декларация имзоланди. Мазкур Декларация БМТ Бош қароргоҳида расмий хужжат сифатида қабул қилинганини таъкидлаш лозим.
БМТнинг олтита расмий тилида эълон қилинган ушбу ҳужжатда мамлакатимиз раҳбари ташаббуси билан Янги Ўзбекистонда маҳалла институтининг жамиятдаги мавқеини юксалтиришга катта аҳамият берилаётгани таъкидланган. Маҳалла тизимининг ролини кучайтириш ва ваколатларини кенгайтириш бўйича тизимли ислоҳотлар амалга оширилаётгани алоҳида қайд этилган.
Фуқаролар йиғинлари ўзини ўзи бошқариш органлари маҳаллий аҳамиятга молик масалаларни фуқароларнинг манфаатларидан, ривожланишнинг тарихий ўзига хос хусусиятларидан, шунингдек, миллий қадриятлардан, маҳаллий урф-одатлар ва анъаналардан келиб чиққан ҳолда, қонунга мувофиқ мустақил равишда ҳал этишга ҳақли. Давлат фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини амалга ошириши учун зарур шарт-шароитлар яратади, уларга қонунда белгиланган ваколатларини амалга оширишида кўмаклашади.
Маҳалланинг асосий вазифаларидан бири ижтимоий вазифадир. У аввало, одамлар ўртасида ўзаро ёрдам, қўллаб-қувватлаш ва маънавий тарбия тизимини шакллантиради. Маҳалла доирасида ўзаро алоқалар, оилавий ёрдам, нафақалар ва ижтимоий ҳимоя механизмлари яратилган.
Маҳалла фаолиятида оила институтининг аҳамияти катта, чунки ҳар бир оила маҳалланинг бир қисми сифатида ўзининг муаммолари ва эҳтиёжларини кўтаради. Жамиятдаги кам таъминланган, ногиронлиги бўлган, бева ёки ёлғиз кексалар учун маҳалла ёрдами жуда муҳим роль ўйнайди.
Маҳалла, шунингдек, сиёсий жараёнларда ҳам фаол иштирок этади. Ҳар бир маҳалла фуқароларни сайловларга, жамоат ишларига жалб қилишда, давлат сиёсатига нисбатан фикр ва мулоҳазаларни шакллантиришда иштирок этади. Маҳалла тизими фуқароларни жамиятдаги воқеаларга жалб қилиш, уларнинг давлат билан мулоқотини осонлаштиришда муҳим восита ҳисобланади.
Президент Шавкат Мирзиёев: “Маҳалла – тинчлик ва осойишталик пойдевори, аҳиллик ва ҳамжиҳатлик, маърифат ва тарбия қўрғонидир”, деб бежиз таъкидламайди. Чунки, маҳалла жамиятдаги нуфузли тузилма сифатида нафақат ижтимоий ёрдам тизимларини, балки маънавий қадриятларни ҳам сақлаб келади.
Маҳаллада ёшларни тарбиялаш, ёш авлод онгига миллий анъаналар ва қадриятларни сингдириш, ўзаро ҳурмат ва меҳр-оқибатни тарғиб этиш каби масъулиятли вазифалар амалга оширилади. Маҳалла жамиятнинг асосий устунларидан бири сифатида ўзининг мустаҳкам ўрнига эга, чунки у миллий маданият ва маънавиятни сақлашда беқиёс ўрин тутади.
Маҳалла ўз ҳудудида кичик бизнесни ривожлантириш, иш ўринлари яратиш ва камбағалликни қисқартириш, оилавий тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш орқали иқтисодиётни кўтаришда ҳам иштирок этади. Давлатнинг маҳаллага доир қабул қилган иқтисодий дастурлари ва қўллаб-қувватлаш механизмлари маҳалла ҳудудида яшовчи аҳоли учун ижобий натижалар бермоқда.
Мухтасар айтганда, маҳалла – жамиятнинг муҳим таркибий қисми бўлиб, унинг ижтимоий, сиёсий, иқтисодий ва маънавий тизимларида фаол иштирок этмоқда. Янада муҳими, замонавий шароитда маҳалла нафақат анъанавий ёрдам ва қўллаб-қувватлаш тузилмаси, балки инновацион ижтимоий ҳамкорликни амалга оширишнинг самарали воситаси сифатида ўз ўрнини мустаҳкамлашда изчил давом этмоқда.
Наврўзбек AСЛОНОВ,
Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси
Миллий маркази таянч докторанти
- Қўшилди: 11.12.2024
- Кўришлар: 372
- Чоп этиш