Эртага, 13 декабрь куни Тошкентда “Инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари соҳасида таълим ва инновациялар” миллий танлови ғолибларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтади. Танлов инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари соҳасида таълим ва инновацияларни қўллаб-қувватлаш мақсадида ташкил этилди.
Ушбу танлов Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази томонидан Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги, Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги, Ёшлар ишлари агентлиги ва Ёшлар иттифоқи билан ўзаро ҳамкорликда ўтказилди. Бунда Президентимизнинг 2023 йил 7 февралдаги “Ўзбекистон Республикасида Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Миллий таълим дастурини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори талабларидан келиб чиқилди.
Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълим ва тадқиқотлар жамият тараққиётининг асосий омилларидан ҳисобланади. Шунинг учун айни соҳадаги ижодий ғояларни қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш мақсадида 2020 йилдан бошлаб ушбу миллий танлов ўтказиб келинмоқда.
Танлов бўйича олдинги йиллар натижаларига тааллуқли қисқача маълумотга кўра:
· 2020 йилда “Рақамли иқтисодиёт, инсон ҳуқуқлари соҳасида таълим ва тадқиқотлар” мавзусида 12 номинацияда ташкил этилган танловда 80 дан ортиқ;
· 2021 йилда “Рақамли авлод. COVID-19 пандемияси даврида инсон ҳуқуқлари бўйича таълим” мавзусида 4 номинация бўйича ўтказилган танловда 60 дан зиёд;
· 2022 йилда “Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълим ва тадқиқотлар” мавзусида бўлиб ўтган танловда 70 дан ортиқ;
· 2023 йилги “Инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари соҳасида таълим ва инновациялар” мавзусига бағишланган танловда 80 дан зиёд иштирокчи қатнашган.
Бу йилги танлов “Инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари соҳасида таълим ва инновациялар” мавзусида ўтказилди. Танлов 1 июнь куни эълон қилинган бўлиб, 1 ноябрга қадар давом этди. Жами 6 та номинация бўйича танлов ташкил этилиб, 819 нафар иштирокчи қатнашди.
Танлов низомида агар қайсидир номинация бўйича 3 та ва ундан кам ариза келиб тушган тақдирда, танлов ўтказилмаслиги белгиланган. Шу сабабли “Инсон ҳуқуқлари ва эркинликларига бағишланган энг яхши ўқув адабиётлари” ва “Инсон ҳуқуқлари бўйича энг яхши ўқув курси” номинацияларида иштирокчилар сони кам бўлгани учун бу йўналишларда ғолиблар аниқланмади.
Яъни, ҳозирда фақат 4 та номинация бўйича ғолиблар аниқланди. Эртага уларнинг номлари эълон қилинади.
Инсон ҳуқуқлари соҳасида таълим ва инновацияларни янада ривожлантириш, ёш авлоднинг ҳуқуқий маданиятини ошириш ва ижтимоий масалаларга ечим топиш йўлидаги бундай ташаббуслар келгусида ҳам давом эттирилади.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
- Қўшилди: 12.12.2024
- Кўришлар: 314
- Чоп этиш