Ўзбекистонда кўп йиллардан буён ёш авлоднинг камол топиши учун қулай шарт-шароит яратиш бўйича тизимли ишлар олиб борилмоқда. Сўнгги йилларда мамлакатимизда Президент Шавкат Мирзиёев бошчилигида болалар ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлашга қаратилган кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
Болаларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлашнинг ҳуқуқий ва институционал асослари изчил такомиллаштирилмоқда. Сўнгги йилларда ёш авлодни ҳимоя қилиш, уларнинг фаровонлигини таъминлаш ва баркамол ривожланиши учун шарт-шароитлар яратишга қаратилган қатор муҳим қонунлар ва норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди.
Шунингдек, 2024 йил ноябрь ойида Ўзбекистон Президенти Болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонунни имзолади. Бу болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш миллий тизимини мустаҳкамлашда муҳим босқич бўлди. Ушбу ҳужжат зўравонликнинг барча шаклларини тақиқлайди ва уларни содир этганлик учун жавобгарлик кучайтирилишини назарда тутади.
Республикада инклюзив таълим тизими ҳам фаол ривожланмоқда, соғлиқни сақлаш, болаларни ижтимоий ҳимоя қилиш ва ўқитиш соҳасида кенг кўламли дастурлар амалга оширилмоқда.
11 декабрь куни Тошкентда Ўзбекистоннинг БМТ Болалар жамғармаси (ЮНИСEФ) билан ҳамкорлигининг 30 йиллигига бағишлаб ўтказилган тантанали тадбирда шу ҳақда сўз борди. Унда Ўзбекистоннинг давлат ҳокимияти органлари, вазирлик ва ташкилотлари раҳбарлари, фуқаролик жамияти фаоллари ҳамда халқаро ташкилотларнинг мамлакатимиздаги ваколатхоналари намояндалари қатнашди.
Тантанали тадбирда Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидов сўзга чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2017 йилда БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессияси минбаридан туриб Ўзбекистонда болалар меҳнатининг ҳар қандай шаклларига барҳам бериш энг устувор вазифалардан бири эканлигини эълон қилгани бежиз эмаслигини таъкидлади. Мамлакатда мажбурий меҳнат ва болалар меҳнатига қарши курашишнинг ташкилий механизмлари яратилди. Болалар меҳнатига барҳам беришнинг қонунчилик асослари кучайтирилди.
А.Саидов, шунингдек, миллий қонунчилик ва амалиёт янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, “Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги қонун нормалари ҳамда БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Бошқармаси, БМТнинг Бола ҳуқуқлари қўмитаси, ЮНИСЕФ, Халқаро меҳнат ташкилоти ва бошқа халқаро ташкилотлар тавсияларини ҳисобга олган ҳолда, “бола манфаатларининг энг устуворлиги” принципи асосида изчил такомиллаштирилаётганига эътиборни қаратди.
Янги таҳрирдаги Конституция қоидалари болаларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини тўлақонли таъминлашга эришишга қаратилган кенг миқёсли ислоҳотларни рўёбга чиқариш асосларини кучайтирди. Мамлакатимизда бола ҳуқуқларини таъминлашга доир 50 га яқин қонун ва қонуности ҳужжатлар қабул қилинди.
Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий стратегиясида болалар ҳимоясига бағишланган устувор йўналишлар ҳамда бола манфаатларининг энг устуворлиги принципини қонунчилик ва амалиётга самарали жорий этиш, Ўзбекистон Республикасининг Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Миллий таълим дастурида эса аҳолининг бола ҳуқуқлари бўйича хабардорлигини ошириш тадбирлари белгиланди.
Шунингдек, таълим муассасаларида «Инсон ҳуқуқлари», «Аёллар ҳуқуқлари», «Бола ҳуқуқлари» ўқув курслари жорий этилди. Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси қабул қилинганлигининг 75 йиллигига бағишланган тадбирлар доирасида фуқароларнинг бола ҳуқуқларидан хабардорлигини ошириш ишлари амалга оширилди.
Бундан ташқари, Миллий марказ 2023-2024 йилларда ЮНИСЕФ билан ўзаро ҳамкорликни барқарор ривожланди. ЮНИCЕФ билан ҳамкорлик Ўзбекистон ҳукумати ва ЮНИCЕФ ўртасида Ўзбекистонда бола ҳуқуқларини амалга оширишда ҳукуматга техник кўмак ва ёрдам кўрсатишга қаратилган дастур доирасида амалга оширилмоқда.
Иштирокчилар томонидан ЮНИСEФ билан ҳамкорлик Ўзбекистоннинг бола ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасидаги халқаро стандартларга содиқлигидан ва мамлакатимизнинг болалар манфаатлари ишончли ҳимоя қилинадиган шарт-шароитлар яратишга интилишидан дарак бериши эътироф этилди. Биргаликдаги саъй-ҳаракатлар соғлиқни сақлаш, ижтимоий ҳимоя, таълим каби бошқа муҳим йўналишларда давом эттирилишига қатъий ишонч билдирилди.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
- Қўшилди: 12.12.2024
- Кўришлар: 383
- Чоп этиш