Ўзбекистон болалар ва ўсмирларининг «Тонг юлдузи» газетаси узоқ йиллардан буён Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази билан ҳамкорлик қилиб келади.
Ҳамкорлик доирасида шу йилнинг февраль ойида мактаб ўқувчилари учун «Инсон ҳуқуқлари – болалар нигоҳида» республика танлови эълон қилинган эди. Ўқувчилар «Энг яхши мақола ва иншо», «Энг яхши шеър», «Энг яхши расм», «Энг яхши видеоролик» йўналишлари бўйича ижодий ишларини йил давомида тақдим этишди.
13 декабрь куни ана шу танлов ғолиблари тақдирланди.
Тақдирлаш маросими куни кеча тантанали очилиш маросими бўлган Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий марказида «Инсон ҳуқуқлари уйи»да бўлиб ўтди. Энг қувонарлиси, танлов якунлари бўйича саралаб олинган ижодий ишлар намуналари «Инсон ҳуқуқлари уйи»нинг очилишида кўргазмага қўйилди. Натижада, иқтидорли болажонларимиз ўз ижодий ишларининг ушбу маърифат масканида нақадар эъзозланаётганидан бошлари осмонга етди.
Ёш газетхонларимизнинг танловга йўллаган ижодий ишларини кузатиб, бир ҳақиқатга амин бўлдим. Гап шундаки, инсон ҳуқуқлари ҳар қандай жамиятнинг тинчлиги, барқарорлиги, адолатли ривожланишининг асосий тамойили бўлса, инсон қадри бу борадаги энг олий неъматдир.
Шукурки, навқирон авлодимиз ана шу ҳикматлар замиридаги ҳаётий ҳақиқатларни тобора теран тушуниб бормоқдалар.
Бу эса ўзларининг танловга юборган ижодий ишларида акс этмоқда.
– «Инсон ҳуқуқлари – болалар нигоҳида» танловининг ғолиби бўлганимдан жуда хурсанд бўлдим, – дейди Абдулла Қодирий номидаги ижод мактабининг 10-синф ўқувчиси Самариддин Қодирий. – Тақдирлаш маросимида академик Акмал Саидов қўлидан дипломни олар эканман, «Бобонг ким?» деб сўрадилар.
Мен кучли ҳаяжон ва фахр билан «Абдулла Қодирий!», дея жавоб бердим. «Бобонгдан-да кучли ёзувчи бўлгин!», деб қўшимча қилди академик.
«Абдулла Қодирийга муносиб ворис бўлишга сўз бераман», дедим ҳаяжон ила.
– Тақдирлаш маросимига ота-онам билан келдик. Буни қарангки, биз чизган расм «Инсон ҳуқуқлари уйи»дан жой олибди. Биздан-да кўпроқ ота-онамиз қувонишди. Уларни хурсанд кўришдан ортиқ бахт бўлмаса керак, – дейди Сирдарё вилояти, Мирзаобод туманидаги 1-умумтаълим мактабининг 4-синф ўқувчилари Шарофиддин Абдурасулов ҳамда Алишербек Алибоев.
– Мен биринчи маротаба пойтахтга онам билан келдим. Биринчи маротаба танловда иштирок этдим. Биринчи маротаба поездга чиқдим. Менинг мақола йўналишидаги ижодий ишим ҳам 1-ўринга лойиқ кўрилди.
Хуллас, ҳаммаси биринчиси бўлди. Бу кунни ҳеч қачон унутмайман, – дейди Қорақалпоғ истон Республикаси, Тўрткўл туманидаги 45-умумтаълим мактабининг 7-синф ўқувчиси Мунисахон Мамбетсолиева.
«Инсон ҳуқуқлари – болалар нигоҳида» танлови ғолиблари келгусида инсон ҳуқуқлари соҳасида энг етук, билимли, соҳанинг холис ва одил мутахассислари сифатида бу суронли ҳаёт майдонида ўзларини дадил намоён этишларига ишонамиз. Бу борада ўқувчиларимиз изланишда давом этадилар. Зеро, «Инсон ҳуқуқлари уйи»нинг очилиш маросимида сўз олган миллий, хорижий ва халқаро даражалардаги нуфузли экспертлар инсон ҳуқуқларини таъминлаш – қандайдир якуний марра эмаслигини, аксинча, айни йўналишдаги ишлар изчил давом этадиган узлуксиз жараён эканлигини таъкидлашди. Шу нуқтаи назардан, Миллий марказ билан ҳамкорлик фаолиятимиз ҳам изчил ва бардавом бўлишига умид қиламиз.
«ТОНГ ЮЛДУЗИ» газетасининг 2024 йил 51-сони
- Қўшилди: 16.12.2024
- Кўришлар: 309
- Чоп этиш