Инсон ҳуқуқлари уйида: “Раҳбар ва ёшлар учрашуви”

20 декабрь куни Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори академик Акмал Саидов Миллий марказнинг бир гуруҳ фаол ёшлари билан учрашди. Инсон ҳуқуқлари уйида бўлиб ўтган ушбу учрашув мамлакатимизда 2024 йил – “Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили” сарҳисоби ҳисобланувчи “Ёшлар форуми – 2024” доирасида ташкил этилаётган “Раҳбар ва ёшлар” туркумидаги очиқ мулоқотлардан бири бўлди. Ўзбекистон том маънода ёшлар мамлакатидир. Чунки юртимиз аҳолисининг асосий қисмини ёшлар ташкил этади ва бу – жуда катта имконият ҳамда салоҳиятдир. Шунинг учун кейинги йилларда Янги Ўзбекистонда ёшлар сиёсатига устувор йўналиш деб қаралмоқда. Президентимиз Шавкат Мирзиёев таъкидлаганидек, “Ёшлар – юртимиз истиқболи, ёруғ келажагимиз бунёдкори”.

БМТ экспертларининг таҳлилларига кўра, 2023 йилда дунё аҳолисининг ўртача ёши 31,8 ёш бўлса, Марказий Осиёда ушбу кўрсаткич 27,6 ёшни ташкил этади ва минтақамиз дунёдаги энг “навқирон” минтақалардан бири саналади. Ўз навбатида, Ўзбекистон аҳолисининг ўртача ёши 28,7 ёшга тенг. Аҳолимизнинг 10,5 миллион нафари – 18 ёшгача бўлган болалар, 4 миллион нафардан ортиғи 18-30 ёшгача бўлганлар, яъни ёшлардир.

А.Саидов мулоқот аввалида шу ҳақда сўз юритар экан, жаҳонда кечаётган глобаллашув жараёнлари, шунингдек, Янги Ўзбекистон ҳаётининг барча соҳаларида изчил амалга оширилаётган қамровдор ислоҳотлар самаралари, фан-техника тараққиёти ва инновацион жамиятга кучли эҳтиёж ёшлар учун кўплаб имкониятлар яратаётганига эътиборни қаратди. Шу билан бирга, шиддат билан ўзгараётган ҳозирги давр ёшларнинг олдига тезкор қарорлар қабул қилиш, инновацион тафаккурни шакллантириш, интеллектуал салоҳиятни ошириш каби талабларни ҳам қўймоқда.

Янги таҳрирдаги Конституциямизда давлат зиммасига ёшларга ғамхўрлик масаласида ғоят муҳим мажбуриятлар юкланган. Асосий қонунимизда ёш авлоднинг ҳуқуқ ва манфаатлари аниқ моддалар билан муҳрлаб қўйилгани, шубҳасиз, бу борадаги ҳуқуқий базани янада кенгайтириш ва амалий ишларимизни янги босқичга кўтариш имконини беради.

Энг муҳими, Ўзбекистон Президентининг ташаббуслари ва ушбу ҳуқуқий асослар негизида мамлакатимизда ёшлар тарбияси борасида алоҳида тизим яратилди. Бугунги кунда бу тизим навқирон ўғил-қизларимизни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, Ватанимиз истиқболи учун масъулиятни ўз зиммасига олишга қодир бўлган ташаббускор ва шижоатли ёшларни тарбиялашга хизмат қилмоқда.

Шунингдек, академик А.Саидов ҳуқуқ соҳасини ва хорижий тилларни ўрганиш сирлари, инсон ҳуқуқлари соҳасининг ўзига хос хусусиятлари ҳақида атрофлича сўзлади. Адабиёт ва ҳуқуқ ўртасидаги узвийлик масалалари юзасидан ҳам ўз фикрларини билдирди.

Мулоқотда Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий марказининг масъул ходимлари, амалиётчилар ва докторантлар, Ўзбекистон Фанлар академиясининг Давлат ва ҳуқуқ институти илмий изланувчилари, Меҳнат ва ижтимоий муносабатлар академияси талабалари – жами 50 нафар ёш ҳуқуқшунос мутахассис иштирок этди. Очиқ ва самимий руҳда ўтган учрашув давомида ёшлар ўзларини қизиқтирган саволларни бериб, таклиф ва ташаббусларини илгари суриш имконига эга бўлди.

Жумладан, Инсон ҳуқуқлари уйида таниқли давлат ва жамоат арбоблари, дипломатлар, олимлар ва адиблар каби машҳур шахслар билан учрашувлар уюштириш, ёш ҳуқуқшунослар учун “Инсон ҳуқуқлари мактаби” тарзида доимий мулоқот майдони ташкил этиш таклиф қилинди. Адабиёт ва ҳуқуқ мавзусидаги илмий-ижодий баҳсларда қатнашиш, спорт ва интеллектуал ўйинлар билан боғлиқ мусобақаларда жамоавий иштирок этиш билан боғлиқ таклифлар ҳам билдирилди.

Миллий марказ директори ёшларнинг ушбу таклифларини эътиборга олиб, уларнинг аксариятини қўллаб-қувватлади. Ёшлар билан доимий мулоқот дастури лойиҳасини ишлаб чиқиш учун масъулларга тегишли вазифалар юкланди. Бундан ташқари, айрим таклифлар юзасидан ҳуқуқий тушунтиришлар, йўл-йўриқ ва тавсиялар берилди.

Мазкур учрашув ёшларнинг илм-фан ва инновация йўналишидаги салоҳиятини ошириш, лидерлик қобилиятини кучайтириш, жамият ҳаёти ва давлат ишларидаги иштирокини янада фаоллаштириш, хусусан, ҳуқуқ фанини ўрганиш ва инсон ҳуқуқлари соҳасидаги илмий-назарий ҳамда амалий фаолиятда янги ютуқларга эришишлари йўлида муҳим қадам бўлди.

 

Инсон ҳуқуқлари бўйича

Ўзбекистон Республикаси

Миллий марказининг

матбуот хизмати

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech