Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги миллий таълим дастури қандай самара бермоқда?

Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2023 йил 7 февралдаги қарори билан Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги миллий таълим дастури тасдиқланган.

Дастур қандай ижро этилмоқда? Шу ҳақда Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директорининг биринчи ўринбосари Мирзатилло Тиллабоев қуйидагиларни гапириб берди:

– Дастур Инсон ҳуқуқлари соҳасида таълим бўйича жаҳон дастурининг тўртинчи босқичи талабларини миллий ҳуқуқий муҳитда амалга оширишга қаратилган. Яъни, айни ҳуқуқий ҳужжат бу борадаги жаҳон тажрибаси ва миллий амалиётни уйғунлаштирган ҳолда ишлаб чиқилган.

Миллий таълим дастури ижросини таъминлаш мақсадида уни амалга ошириш бўйича “Йўл харитаси” тасдиқланган. Шу асосда ҳар бир йўналиш бўйича парламент, ҳукумат ва маҳаллий ҳокимликлар ҳамда фуқаролик жамияти институтлари билан ҳамкорлик йўлга қўйилди. “Йўл харитаси”нинг 30 бандидан 17 таси тўлиқ бажарилди. Қолган бандларини амалга ошириш юзасидан ишлар изчил давом этмоқда.

Хусусан, “Инсон ҳуқуқлари ҳафталиги” ўтказилиб, пойтахтда ва вилоятларда халқаро конференция ҳамда давра суҳбатлари ташкил этилди. Маҳаллаларда “Инсон ҳуқуқлари – олий қадрият” мавзусида турли учрашувлар ўтказилди.

Ёшлар орасида “Инсон ҳуқуқлари олий қадрият” хештеги ва “Инсон ҳуқуқлари билимдони” викторинаси бўлиб ўтди. Ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари, олий таълим муассасалари, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва бошқа идоралар ҳам самарали тарғибот ишларини олиб борди.

Олтита олий таълим муассасасида “Инсон ҳуқуқлари”, “Аёллар ҳуқуқлари”, “Бола ҳуқуқлари” бўйича махсус курслар очилди. Бундай курслар 14 ҳудуддаги 114 олий таълим муассасаси ва 330 профессионал таълим ташкилотида ҳам фаолият бошлади.

Шу билан бирга, 2023/2024 ўқув йилидан бошлаб 11 тиббиёт олий таълим муассасасида “Инсон ҳуқуқлари” бўйича 60 соатлик махсус ўқув модули жорий этилди.

Дастур доирасида Миллий марказ ҳамкорлар билан бирга “Одил судловни амалга оширишда инсон ҳуқуқларини таъминлаш” мавзусида 4 ҳафталик “Ёзги мактаб” ташкил этилди. Тадбирда 60 га яқин суд ва прокуратура ходими – офлайн, вилоятлардан эса шу соҳалар вакиллари онлайн тартибда иштирок этди.

Ўзбекистон Миллий кутубхонаси ва ҳудудлардаги ахборот-кутубхона марказларида “Конституция ва инсон ҳуқуқлари” бурчаги ташкил қилинди. Уларга Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий марказ томонидан 1,6 минг нусха ҳуқуқий адабиёт тақдим этилди.

Миллий марказ 2023-2024 йилларда ўнта янги тўплам нашр этган бўлиб, уларнинг аксариятини аёллар ва болалар ҳуқуқлари, суд-ҳуқуқ соҳасига тааллуқли халқаро шартномаларга оид китоблар ташкил этди.

Кейинги икки йил давомида “Инсон ҳуқуқларига риоя этиш ва уни ҳимоя қилишнинг халқаро стандартлари: амалиёт ва ҳисобот” мавзусида курслар ташкил этилди. Бу машғулотларда 40 дан ортиқ идора ва ташкилот вакиллари миллий ҳисоботлар тайёрлаш, халқаро тавсияларни амалиётга жорий этиш бўйича кўникма ҳосил қилди.

Парламент комиссиясининг қарори билан Олий Мажлис ҳузуридаги Жамоат фонди томонидан инсон ҳуқуқлари соҳаси бўйича навбатдаги грант танлови эълон қилинди. Натижада 2023 йилда 10 та, 2024 йилда эса 8 та нодавлат ташкилот лойиҳаси ғолиб, деб топилиб, жами 2 миллиард 215 миллион сўм миқдорида давлат гранти билан қўллаб-қувватланди.

Фуқаролик жамияти институтлари билан биргаликда юртимиз бўйлаб 2023-2024 йиллар давомида “Инсон ҳуқуқлари”, “Аёллар ҳуқуқлари” ва “Бола ҳуқуқлари” мавзуларида 187 тадбир ўтказилди. Шунингдек, муқобил маърузалар тайёрлаш бўйича учта семинар-тренинг ташкил этилди. Тадбирлар давомида ногиронлиги бўлган шахслар, ёшлар ва аёллар ҳуқуқлари, халқаро талаблар ва нодавлат секторнинг ўрни кенг муҳокама қилинди.

Дастур доирасида туркум радио-теледастурлар, кўрсатувлар ташкил этилиб, оммавий ахборот воситаларида инсон ҳуқуқлари мавзусида 690 материал эълон қилинди.

Давлат органлари ва маҳаллий ҳокимликлар ахборот хизматлари, ОАВ ходимлари учун “Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасидаги давлат сиёсати ва бу борада халқаро мажбуриятларнинг бажарилиши” мавзусидаги ўқув курси ташкил этилиб, унда 79 нафар масъул мутахассис қатнашди.

Давлат хизматчилари ва кенг жамоатчиликка мўлжалланган инсон ҳуқуқлари таълими бўйича “Электрон платформа” (http://ecourse.nhrc.uz) фаоллаштирилиб, унда бешта интерфаол курс йўлга қўйилди. Ҳар бир курс якунида тестдан муваффақиятли ўтган тингловчи сертификат олиши мумкин.

Дастурга кўра, ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги лойиҳалари мувофиқлаштирувчиси, БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари бошқармасининг Марказий Осиё бўйича минтақавий ваколатхонаси, ЕХҲТ, Европа кенгаши билан биргаликда салкам 40 та тадбир ўтказилди.

Инсон ҳуқуқлари соҳасида таълим ва тарбия жамиятда ҳуқуқий онг ва маданиятни шакллантириш учун асосий восита бўлиб, у ҳар бир шахсга ўз ҳуқуқларини таниш ҳамда ҳимоя қилиш имконини беради. Шу маънода, инсон ҳуқуқлари соҳасидаги миллий таълим дастури мамлакатимизда бу соҳада янги босқични бошлаб берди.

Албатта, дастур ҳамма йўналишда тўлиқ бажарилди, дейиш имконсиз. Баъзи бир олий таълим муассасаларида “Инсон ҳуқуқлари”, “Аёл ҳуқуқлари” ва “Бола ҳуқуқлари” мавзуларини ўқитиш бўйича ҳали ҳам имкониятлар чекланганлиги аниқланди. Яъни, бир томондан, бу борада дарсликлар, мультимедиа ресурслари етарли эмас, иккинчи томондан, ўқув дастурларини стандартлаштириш талаб этилмоқда.

Шу билан бирга, дастур доирасида муайян ютуқларга эришилганини ҳам назардан четда қолдиришга ҳаққимиз йўқ. Биринчидан, аҳолида инсон ҳуқуқлари ҳақидаги маълумотлар ошди, давлат органлари ходимлари, талаба-ёшлар, нодавлат ташкилотлар жараёнга кенг жалб этилди. Иккинчидан, халқаро анжуманлар, ўқув курслари, семинарлар тарзида кўплаб амалий ишлар бажарилди.

БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг Инсон ҳуқуқлари бўйича жаҳон таълим дастурининг бешинчи босқичини мамлакатимизда изчил амалга ошириш учун мустаҳкам асос яратилди.

Н.Абдураимова, ЎзА

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech