Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясида инсон ҳуқуқларига оид янги нормалар, хусусан, аёллар, болалар, ёшлар ва ногиронлиги бўлган шахслар ҳуқуқларини ҳимоя қилишга қаратилган кўплаб нормалар ўз аксини топган.
Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш бўлими бошлиғи Отабек Норбоев она ва бола ҳуқуқлари амалда қандай таъминланаётгани ҳақидаги фикрлари билан ўртоқлашди:
– Фуқаро Д.Н. марказимизга ариза билан мурожаат қилиб, суднинг ҳал қилув қароридан норозилигини билдириб, қарор бекор қилинишида ва оналик ҳуқуқи ҳимоя қилинишида амалий ёрдам сўради.
Маълум бўлишича, суд қарори билан даъвогар Д.З.нинг (собиқ эри) жавобгар Д.Н.га нисбатан “Болани ўз тарбиясига олиб бериш ҳақида”ги даъво аризаси қаноатлантирилган.
Ҳали 5 ёшга тўлмаган болани жавобгардан даъвогар тарбиясига олиб бериш белгиланган. Тарафларга келгусида ўзаро келишувга асосан боланинг манфаатларига таъсир кўрсатмаган ҳолда бола билан учрашиш тартибини белгилаш ҳуқуқига эга эканлиги тушунтирилган.
Д.Н.нинг эри билан бирга яшашлари давомида қайнонаси доимий равишда камситиб келгани, эри эса психотроп моддалар қабул қилиши, бир марта наркология диспансерига ҳам ётиб даволангани, унинг салбий хатти-ҳаракатлари, оиласини моддий ва маънавий жиҳатдан таъминламагани, аёл қайнонасининг хўрлашларига чидамасдан онасининг уйига кетиб қолгани ва бирга яшамаслиги, эри суднинг алимент ундириш билан боғлиқ қарорини бажармаётгани сабабли 32 миллион сўмдан ортиқ алимент қарздорлиги вужудга келганлиги ҳақидаги кўрсатувлари судда эътиборга олинмаган.
Фуқаролик-процессуал кодексида иш учун аҳамиятга эга бўлган ҳолатларнинг тўлиқ аниқланмагани, ҳуқуқ нормаларининг бузилгани ёки нотўғри қўлланилгани суд ҳужжатини апелляция, кассация ва тафтиш тартибида бекор қилиш ёки ўзгартириш учун асос бўлиши мумкинлиги кўрсатилган.
Қолаверса, суд Оила кодексининг 71-моддасида белгиланган ота ва онанинг ҳуқуқ ва мажбуриятларининг тенглигига асосланган ҳолда, вояга етмаган болаларнинг манфаатларига ва хоҳишларига мос келадиган ҳал қилув қарори қабул қилиши лозим.
Тақдим қилинган ҳужжатлар ўрганиб чиқилганда, отанинг 3 нафар вояга етмаган фарзанди учун алимент қарздорлиги 32 миллион 146 минг 624 сўмни ташкил қилгани аниқланди.
Қисқача айтганда, Д.Н. узоқ йиллар мобайнида фарзанди учун ҳам оталик, ҳам оналик вазифасини ёлғиз ўзи бажарган.
Ўрганиш натижасига кўра, Миллий марказ томонидан 3 нафар вояга етмаган фарзанднинг онаси Д.Н.нинг Конституция ва қонунларда кафолатланган ҳуқуқлари ҳимоя қилиниши мақсадга мувофиқ, деб топилди ва Тошкент шаҳар судига тавсия киритилди.
Тошкент шаҳар суди фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати апелляция инстанцияси томонидан иш қайтадан кўрилиб, Д.Н.нинг боласи унинг ўз қарамоғида қолдирилишини таъминловчи суд ҳужжати қабул қилинди.
Н.Абдураимова, ЎзА
- Қўшилди: 10.02.2025
- Кўришлар: 512
- Чоп этиш