Тошкентда Ўзбекистоннинг болалар ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро мажбуриятларини бажаришга оид миллий механизмларга бағишланган семинар бўлиб ўтмоқда

ТОШКЕНТ, 11 февраль /"Дунё" AA/. Бугун Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Миллий марказининг Инсон ҳуқуқлари уйида "Ўзбекистон Республикасининг болалар ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро мажбуриятларини амалга ошириш ва ушбу мажбуриятларни бажаришнинг миллий механизмлари" мавзусидаги икки кунлик семинар ўз ишини бошлади, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Тадбир Ўзбекистон Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси, ЮНИСЕФнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси ва БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Бошқармасининг Марказий Осиё бўйича минтақавий ваколатхонаси томонидан ташкил этилди.

 

Семинар Ўзбекистоннинг болалар ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро мажбуриятларини амалга оширишга қаратилган чора-тадбирлар муҳокамасига бағишланган. Шунингдек, унда БМТнинг Бола ҳуқуқлари бўйича қўмитаси тавсияларини амалга ошириш ва Миллий ҳаракатлар режасида назарда тутилган чора-тадбирларни янада самарали амалга ошириш йўллари атрофлича кўриб чиқилмоқда.

 

Семинар очилишида Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Миллий маркази директори Акмал Саидов, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг ўринбосари Мавлудахон Ходжаева, ЮНИСЕФнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Реҳина Кастижио ва БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Бошқармасининг Марказий Осиё бўйича минтақавий вакили Матильда Богнер қатнашдилар.

 

Акмал Саидов ўз нутқида таъкидлаганидек, бугунги кунда Ўзбекистонда 18 ёшгача бўлган болалар 13 миллион нафарни, яъни жами аҳолининг қарийб 35 фоизини ташкил этади. У, шунингдек, Ўзбекистон учун бола ҳуқуқларини таъминлаш масаласи принципиал аҳамиятга эга масала ҳисобланишини ва Ўзбекистон мустақилликка эришганидан сўнг, 1992 йил 9 декабрда инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро конвенциялар қаторида биринчи бўлиб Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияга қўшилганини қайд этди.

 

Семинар ўз ишини 12 февраль куни давом эттиради. Тадбирда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, Сенат аъзолари, шунингдек, Парламент палаталари ҳузуридаги Ёшлар парламенти аъзолари ва халқаро экспертлар иштирок этмоқда.

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech