Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг парламент сайловидан кейинги илк йиғилишида давлатимиз раҳбари алоҳида эътибор қаратган масалалардан бири – ёш авлод ҳимояси бўлди. Президентимиз жамиятда болаларга нисбатан тазйиқ ва зўравонлик ҳолатлари кузатилаётганини таъкидлаб, бундай миллий қадриятларимизга зид иллатларга қарши муросасиз кураш олиб бориш зарурлигини қатъий белгилаб берди. Давлатимиз раҳбарининг ушбу масалани шахсан ўз назоратига олиши – Ўзбекистонда бола ҳуқуқларини ҳимоя қилиш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири эканлигининг яққол ифодасидир.
11 февраль куни Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий марказининг Инсон ҳуқуқлари уйида ўз ишини бошлаган “Ўзбекистон Республикасининг болалар ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро мажбуриятларини амалга ошириш ва ушбу мажбуриятларни бажаришнинг миллий механизмлари” мавзусидаги икки кунлик семинарда шу ҳақда cўз борди. Тадбир Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси, ЮНИСЕФнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси ва БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Бошқармасининг Марказий Осиё бўйича минтақавий ваколатхонаси томонидан ташкил этилди.
Семинар Ўзбекистоннинг болалар ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро мажбуриятларини амалга оширишга қаратилган чора-тадбирлар муҳокамасига бағишланган. Шунингдек, БМТнинг Бола ҳуқуқлари бўйича қўмитаси тавсияларини амалга ошириш ва Миллий ҳаракатлар режасида назарда тутилган чора-тадбирларни янада самарали амалга ошириш йўллари атрофлича кўриб чиқилади.
Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидов, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг ўринбосари Мавлудахон Ходжаева, ЮНИСЕФнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Реҳина Кастижио ва БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Бошқармаси Марказий Осиё учун минтақавий бўлимининг инсон ҳуқуқлари бўйича маслаҳатчиси Омер Фишер ўз табрик сўзлари билан семинарни очиб берди.
Хусусан, А.Саидов таъкидлаганидек, бугунги кунда Ўзбекистонда 18 ёшгача бўлган болалар 13 млн нафарни, яъни жами аҳолининг қарийб 35 фоизини ташкил этади. Шу маънода, Ўзбекистон учун бола ҳуқуқларини таъминлаш масаласи принципиал аҳамиятга эга ҳисобланади.
Ўзбекистон мустақилликка эришганидан сўнг, 1992 йил 9 декабрда инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро конвенциялар қаторида биринчи бўлиб Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияга қўшилган. Мамлакатимиз 2008 йил 11 декабрда Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияга доир “Болалар савдоси, болалар фоҳишабозлиги ва болалар порнографиясига тааллуқли Факультатив протокол”ни, 2008 йил 12 декабрда Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияга доир “Болаларнинг қуролли можароларда иштирокига тааллуқли Факультатив протокол”ни ратификация қилди.
Ҳозирги кунда БМТ Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенциясининг мурожаат қилиш жараёнларига тааллуқли 3-Факультатив протоколига Ўзбекистон Республикасининг қўшилиши масаласи экспертлар даражасида ўрганиб чиқилмоқда. Мазкур ҳужжатнинг мамлакатимиз парламенти томонидан ратификация қилиниши бўйича тайёргарлик кўрилмоқда.
Мавлуда Ходжаева эътироф этганидек, Конституциянинг 78-моддасида боланинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш ҳамда ҳимоя қилиш, унинг жисмоний, ақлий ва маданий жиҳатдан тўлақонли ривожланиши учун энг яхши шарт-шароитларни яратиш давлатнинг мажбурияти эканлиги белгилаб қўйилганлиги эътиборга молик.
Ўзбекистон ўтган давр ичида 80 дан зиёд халқаро шартномага қўшилган. Ўзбекистон халқаро мажбуриятларга сўзсиз амал қилишга, болаларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишга катта аҳамият қаратган давлатлардан биридир. Бу мажбуриятларнинг ижроси юзасидан миллий марузалар БМТнинг ва бошка халқаро ташкилотларнинг тегишли қўмиталарига тақдим этиб келинмоқда.
ЮНИСЕФнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Регина Кастижио сўзларига кўра, парламентнинг роли мамлакат қонунчилик базаси ва сиёсатининг БМТнинг Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияси каби халқаро инсон ҳуқуқлари шартномалари доирасидаги мажбуриятларга мувофиқлигини таъминлашдан иборат. Қонунчилик, бюджет ва ҳимоя соҳасидаги парламент назорати болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва рағбатлантириш учун шароит яратишга ёрдам беради.
Сўнгги йилларда Ўзбекистон болалар манфаатларига қаратилган давлат сиёсатини амалга оширар экан, “ҳеч бир бола эътибордан четда қолмайди” тамойилига амал қилмоқда. Мамлакатда болалар ҳуқуқларини таъминлашга доир 40 дан ортиқ қонун ва қонуности ҳужжатлар қабул қилиниб, улар асосида болаларнинг маънавий, интеллектуал, жисмоний ва ахлоқий жиҳатдан камол топишига кўмаклашишнинг ҳуқуқий механизми яратилди.
Муҳими, қабул қилинаётган қонунлар “Боланинг энг яхши манфаатлари” принципини ҳаётга жорий этишга хизмат қилмоқда. Мамлакат ўзининг халқаро мажбуриятларига, жумладан, БМТнинг Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенциясига мувофиқ қабул қилинган мажбуриятларга содиқдир. Мазкур сиёсатни такомиллаштиришда БМТ конвенциявий органлари, ЮНИСЕФ ва халқаро экспертларнинг тавсияларига катта эътибор қаратилмоқда.
Ўзбекистон БМТнинг Бола ҳуқуқлари бўйича қўмитасига Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенциянинг бажарилиши тўғрисида доимий равишда ҳисоботлар тақдим этиб бормоқда. Бугунги кунга қадар Ўзбекистон Республикаси томонидан БМТ Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияси бажарилиши юзасидан БМТнинг Бола ҳуқуқлари бўйича қўмитасига 5 та даврий ҳисобот тақдим этилди.
Шуни таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари бола ҳуқуқларига оид халқаро стандартларни миллий қонунчиликка имплементация қилиш, мавжуд қонунларни такомиллаштириш ва янги қонунлар қабул қилиш орқали ҳуқуқий асосни мустаҳкамламоқда. Жумладан, 2024 йил 14 ноябрда “Болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш тўғрисида”, 2024 йил 29 февралда “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Бола ҳуқуқлари бўйича вакили (Болалар омбудсмани) тўғрисида”ги қонунлар қабул қилингани бунинг яққол намунасидир.
Тадбирда сўзга чиққан экспертлар Янги Ўзбекистонда бола ҳуқуқлари соҳасидаги ислоҳотлар қатъий, узвий ва изчил тарзда давом эттирилаётганига эътиборни қаратдилар. Бу борадаги самарали саъй-ҳаракатлар миллий, минтақавий ва халқаро даражаларда кенг қўллаб-қувватланаётгани эътироф этилди.
Хусусан, БМТнинг Бола ҳуқуқлари бўйича қўмитаси раиси ўринбосари Софи Киладзе эътирофича, Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенция ва унинг факультатив протоколларида мустаҳкамлаб қўйилган ҳуқуқларни ҳимоя қилиш ва рағбатлантиришда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси муҳим ўрин тутади.
Тадбир иштирокчиларига Ўзбекистон Республикасининг бола ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро мажбуриятлари ва уларни амалга ошириш механизмлари, Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенциянинг асосий қоидалари, БМТнинг Бола ҳуқуқлари бўйича қўмитаси тавсиялари юзасидан атрофлича маълумотлар берилди. Парламент назоратининг самарали механизмлари орқали болалар манфаатларини ҳимоя қилиш, уларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш борасида муҳим натижаларга эришилаётгани ҳақида ҳам батафсил сўз юритилди.
Семинар ўз ишини 12 февралда давом эттиради. Тадбирда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, Олий Мажлис Сенати аъзолари, шунингдек, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенати ҳузуридаги Ёшлар парламенти аъзолари, халқаро экспертлар иштирок этмоқда.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси
«Янги Ўзбекистон» ва «Правда Востока» газеталари таҳририяти»
- Қўшилди: 12.02.2025
- Кўришлар: 510
- Чоп этиш