20 февраль - Бутунжаҳон ижтимоий адолат куни
Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясининг муқаддимаси “Инсоният оиласининг ҳамма аъзоларига хос қадр-қиммат ва уларнинг тенг, ажралмас ҳуқуқларини тан олиш эркинлик, адолат ва ялпи тинчлик асоси” эътирофи билан бошланиши бежиз эмас.
Янги технологиялар кенг жорий этилган, ғоялар, маҳсулотлар ва хизматлар жадал айирбошланаётган, капитал ва молиявий оқимлар тобора кенгайиб бораётган, бизнес ва тадбиркорлик фаолияти оммалашган ҳозирги шароитларда меҳнат соҳасида ҳам чуқур ўзгаришлар рўй бермоқда.
Кенг ва чуқур иқтисодий ҳамкорлик, меҳнат соҳаларида интеграциялашув жараёнлари фақат иқтисодий ўсиш суръатлари ортишига ва иш билан бандлик кенгайишига ёрдам бериши билан бирга иқтисодий ва ижтимоий тараққиёт мақсадларига хизмат қилиши билан бир қаторда интеграция ва инновация жараёнларини жадаллаштирмоқда. Шу билан бирга глобаллашган жараёнлари кўпгина мамлакатлар ва иқтисодиёт тармоқларида ишсизлик даражаси юқори бўлиши, даромадларда тенгсизлик, иш билан бандлик таъминланмаслиги каби жиддий муаммоларни юзага чиқаради.
Мана шу жиҳатлар ҳисобга олиниб, 1995 йилда Копенгагенда 117 давлат ва ҳукумат бошлиқлари иштирокида олий даражада умумжаҳон учрашуви ўтказилди. Ушбу анжуманда меҳнаткашларнинг турмуш шароитларини яхшилаш бўйича иш берувчиларнинг аниқ мажбуриятлари белгилаб олинди. Жаҳон ҳамжамияти мамлакатлар ўртасида тинчлик ва хавфсизликни таъминлаш билан бир қаторда меҳнат соҳасида ижтимоий тараққиёт ва ижтимоий адолат зарур, деган хулосага келди. Ўз навбатида ижтимоий тараққиёт ва ижтимоий адолатга инсоннинг ҳуқуқлари ва асосий эркинликларини ҳурмат қилиш натижасидагина эришиш мумкинлиги эътироф этилди.
Ушбу тамойиллар Халқаро меҳнат ташкилотининг “Адолатли глобаллашув мақсадларида ижтимоий адолат тўғрисида”ги декларациясида мустаҳкамлаб қўйилди. Бу масалада муносиб меҳнат дастури умумжаҳон хусусиятига эгалигига доир баёнот ишлаб чиқилди. Унда Халқаро меҳнат ташкилотига аъзо барча давлатлар иш билан бандлик, ижтимоий ҳимоя, ижтимоий мулоқот ҳамда меҳнат соҳасидаги ҳуқуқлар масалаларида стратегик вазифаларни ҳал этишга йўналтирилган сиёсатни олиб боришлари зарурлиги таъкидланган.
Ушбу сиёсат доирасида Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Бош Ассамблеяси бу ҳуқуқлар аҳамияти ҳисобга олинб, 2007 йилнинг 18 декабридаги ўзининг махсус резолюциясида 20 феврални Бутунжаҳон ижтимоий адолат куни деб эълон қилди. Бу байрам 2009 йилдан бошлаб ҳар йили нишонлаб келинмоқда.
Ушбу халқаро байрам қашшоқликка барҳам бериш, эркаклар ва аёлларнинг иш билан бандлигини тенг таъминлаш, шунингдек, ҳамма учун ижтимоий фаровонлик ва ижтимоий адолат ўрнатишни қўллаб-қувватлашга хизмат қилади. Бутунжаҳон ижтимоий адолат куни, шунингдек, барча мамлакатларни инсон қадриятларига эътиборни кучайтириш ва ҳамма учун имкониятлар яратишга даъват этиши зарурлигига даъват этади.
Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари ва асосий эркинликларига оид ижтимоий адолат қонуний ҳал этилган. Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 14-моддасида “Давлат ўз фаолиятини инсон ва жамият фаровонлигини кўзлаб, ижтимоий адолат ва қонунийлик принциплари асосида амалга оширади. Давлат ўз фаолиятини инсон ва жамият фаровонлигини кўзлаб, ижтимоий адолат ва қонунийлик принциплари асосида амалга оширади” деб мустаҳкамлаб қўйилган. Шу билан бирга 2019 йилда “Эркаклар ва аёллар учун тенг ҳуқуқлар ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида”ги қонун қабул қилинган.
Ўзбекистонда гендер тенглик тамойилларини ҳаётга жорий этиш учун фаол саъй-ҳаракатлар қилинмоқда. Мамлакатимизнинг янги парламентида депутат аёлларнинг сони Қонунчилик палатаси депутатлари умумий сонининг 32 фоизини, сенатор аёллар эса Сенат аъзоларининг 25 фоизини ташкил этади.
Ўзбекистоннинг 2024-2027 йилларда Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг иқтисодий ва ижтимоий кенгаши аъзоси этиб сайланиши мамлакатимизнинг глобал даражадаги халқаро нуфузининг ортаётганини тасдиқлайди. Шуниси эътиборга лойиқки, мамлакатимизнинг номзоди БМТда 185 та овоз олди, чунки бу халқаро миқёсда номзод бўлиш учун белгилаб қўйилганидан анча кўп ҳасобланади. Ана шу ҳолат халқаро ҳамжамиятнинг ижтимоий иқтисодий ривожлантириш соҳаларида ўтказаётган ислоҳотлари аҳамиятини намоён этади. Бу эътироф мамлакатимиз манфаатларини таъминлаш билан бир қаторда долзарб масалалар бўйича халқаро сиёсатни шакллантиришда фаол иштирок этишига ҳам кўмаклашмоқда.
Ўзбекистон вакилининг Халқаро меҳнат ташкилоти маъмурий кенгашига 2024-2027 йилларда аъзо этиб сайланиши ҳам муҳим аҳамиятга эгадир. Бундай ишонч мамлакатимизнинг меҳнат муносабатларини халқаро стандартларга мувофиқ амалга ошираётганлигини тасдиқлайди.
Ўзбекистон иқтисодий барқарорлик, ижтимоий адолат ҳамда атроф-муҳитни муҳофаза қилишга тааллуқли инновациявий ёндашувларни муҳокама қилишда иштирок этиш имкониятига ҳам эга. Бундай ишонч камбағалликка барҳам бериш, тенгсизликка йўл қўймаслик, атроф-муҳит ўзгариши билан курашиш каби глобал аҳамиятга эга масалаларни ҳал этишга, тажриба алмашишга имконият бермоқда.
Ушбу ҳолатлар мамлакатимизнинг меҳнат муносабатлари соҳасида халқаро стандартларга мос бўлишига интилишини тасдиқлайди. Имконияти чегараланган фуқуроларнинг ижтимоий ҳаётнинг барча соҳаларида қўллаб-қувватлаш, ногирон шахслар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, кам таъминланган ва ишсиз фуқароларни тадбиркорликка жалб этиш, уларни касбий тайёрлаш, зарур шарт-шароитлар яратишга йўналтирилган давлат сиёсати янги даражага кўтарилмоқда.
Ўзбекистонда, жумладан, Ногиронлиги бўлган шахсларнинг идоралараро кенгаши, Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги, иш билан бандликка кўмаклашиш марказлари ўз фаолиятларини муваффақиятли амалга оширмоқда. Тошкентда Халқаро меҳнат ташкилоти вакиллари иштирокида “Ўзбекистонда иш билан бандлик ва ижтимоий ҳимоя орқали ижтимоий адолат тамойилларини мустаҳкамлаш” мавзусида халқаро конференция бўлиб ўтди.
Ижтимоий давлат энг аввало инсон имкониятларидан тўлиқ фойдаланиш, муносиб турмуш кечириш учун зарур шарт-шароитлар яратиш, камбағалликни камайтириш учун муҳимдир. Бу ижтимоий тафовутларни камайтириш ҳамда муҳтожларга ёрдам бериш бўйича самарали сиёсат юритиш моделидир.
Ижтимоий адолат - энг аввало инсон салоҳиятидан тўлиқ фойдаланиш, одамларнинг муносиб турмуш кечириши учун зарур шарт-шароитларни яратиш, камбағалликни иложи борича камайтиришдир. Бу - ижтимоий тафовутларни камайтириш ва муҳтожларга ёрдам кўрсатиш сиёсатидир. Ушбу инсонпарварлик мақсадлари мамлакатимизда аҳоли турмуш даражасини ошириш, ишсизликдан ҳимоя қилиш, сифатли таълим беришни кафолатлаш, ҳамма учун кенг имкониятлар яратишдир.
Эркин ЭРНАЗАРОВ,
Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист
- Қўшилди: 20.02.2025
- Кўришлар: 269
- Чоп этиш