Давлатимиз раҳбарининг 2023 йил 7 февралдаги қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикасида Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги миллий таълим дастури қандай амалга оширилмоқда?
Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий марказ ахборот хизмати раҳбари Ғулом Мирзаев бу ҳақда маълумот берди:
– Дастур доирасида “Инсон ҳуқуқлари ҳафталиги” ўтказилиб, пойтахтда ва вилоятларда халқаро конференция ҳамда давра суҳбатлари ташкил этилди. Маҳаллаларда “Инсон ҳуқуқлари – олий қадрият” мавзусида учрашувлар ўтказилди.
Ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари, олий таълим муассасалари, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва бошқа идоралар билан ҳам самарали тарғибот ишлари олиб борилди. Миллий марказ ташаббуси билан 2023-2024 йиллар мобайнида икки маротаба «Инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари соҳасида таълим ва инновациялар» миллий танлови ўтказилди.
Дастлаб олтита олий таълим муассасасида “Инсон ҳуқуқлари”, “Аёллар ҳуқуқлари”, “Бола ҳуқуқлари” бўйича махсус курслар очилди. Бундай курслар 114 олий таълим муассасаси ва 330 профессионал таълим ташкилотига ҳам татбиқ этилди.
Шу билан бирга, 2023/2024-ўқув йилидан бошлаб тиббиёт олий таълим муассасаларида “Инсон ҳуқуқлари” бўйича 60 соатлик махсус ўқув модули жорий этилди.
Миллий марказ, Судьялар олий мактаби, Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академияси ва Олий суд ҳамкорлигида “Одил судловни амалга оширишда инсон ҳуқуқларини таъминлаш” мавзусида тўрт ҳафталик “Ёзги мактаб” ташкил этилди.
Ўзбекистон Миллий кутубхонаси ва ҳудудлардаги ахборот-кутубхона марказларида “Конституция ва инсон ҳуқуқлари” бурчаги очилди. Уларга Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий марказ томонидан 1,6 минг нусха ҳуқуқий адабиёт тақдим этилди.
Миллий марказ томонидан 2023-2024 йилларда ўнта янги тўплам нашр этилди. Жумладан, 2024 йилда 45 халқаро ҳужжат таржима қилиниб, тўртта халқаро шартномалар тўплами чоп этилди.
Ички ишлар ва прокуратура органлари, жазони ижро этиш муассасалари ходимлари учун “Қийноққа солишга қарши курашиш: халқаро амалиёт ва миллий тажриба” мавзусидаги ўқув курси ўтказилди.
Кейинги икки йил давомида “Инсон ҳуқуқларига риоя этиш ва уни ҳимоя қилишнинг халқаро стандартлари: амалиёт ва ҳисобот” мавзусида ўқув курси ташкил этилди. Бу машғулотларда 40 дан ортиқ давлат органи ва ташкилотлари вакиллари миллий ҳисобот тайёрлаш, халқаро тавсияларни амалиётга жорий этиш бўйича кўникма ҳосил қилди.
Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенция бажарилиши борасида учта жамоатчилик мониторинги ва ўнта тадбир ташкил этилди.
Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясининг 75 йиллиги, Хотин-қизларни камситишнинг барча шаклларига барҳам бериш тўғрисидаги конвенциянинг 45 йиллиги, Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенциянинг 35 йиллиги муносабати билан қатор тадбирлар ўтказилди.
Дастурнинг бешинчи йўналиши доирасида фуқаролик жамияти институтлари билан биргаликда 187 тадбир ўтказилди. Шунингдек, муқобил маърузалар тайёрлаш бўйича учта семинар-тренинг ташкил этилди.
Касаба уюшмалари тизимида инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича Меҳнат ва ижтимоий муносабатлар академиясида еттита таълим йўналишида “Инсон ҳуқуқлари” фанини ўқитиш йўлга қўйилди.
ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги лойиҳалари мувофиқлаштирувчиси, БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари бошқармасининг Марказий Осиё бўйича минтақавий ваколатхонаси, Европа кенгаши билан биргаликда қирққа яқин тадбир ўтказилди.
Дастур ижроси натижасида аҳолининг инсон ҳуқуқлари ҳақидаги маълумотлардан хабардорлиги ошди. Давлат органлари ходимлари, талаба-ёшлар, нодавлат ташкилотлар бу маърифий-ҳуқуқий жараёнга кенг жалб этилди.
БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг 2024 йил 9 октябрдаги резолюцияси билан эълон қилинган Инсон ҳуқуқлари бўйича Жаҳон таълим дастурининг бешинчи босқичини мамлакатимизда изчил амалга ошириш учун мустаҳкам асос яратилди.
Н.Абдураимова, ЎзА
- Қўшилди: 21.02.2025
- Кўришлар: 173
- Чоп этиш