8 март – Халқаро хотин-қизлар куни
Бугунги кунда Ўзбекистон хотин-қизлари – ўз хонадонининг файзу фариштаси бўлган аёлларимиз жамият ва давлат ҳаётининг барча соҳаларидаги ислоҳотларда ҳам фаол иштирок этмоқда. Уларнинг ўз соҳаларида эришган ютуқларига айрим мисоллар келтирамиз.
Биринчи мисол: Мамлакатимизда ҳозирги вақтгача 17 нафар аёл энг олий мукофот – “Ўзбекистон Қаҳрамони” унвони билан тақдирланган. Шу муҳим мезоннинг ўзи ҳам юртимизда хотин-қизлар учун яратилаётган имкониятлар ва имтиёзлар натижасида фаол ва юксак салоҳиятли аёллар сафи изчи кенгайиб бораётганини яққол тасдиқлаб турибди.
Иккинчи мисол: Бугунги кунда хотин-қизларимизнинг давлат бошқарувидаги улуши 35 фоизга, тадбиркорлик соҳасида 37 фоизга, сиёсий партиялар таркибида эса 49 фоизга етди.
Учинчи мисол: Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатларининг 38 фоизи (57 нафар), Сенат аъзоларининг 27 фоизи (16 нафар), маҳаллий кенгашлар депутатларининг 25 фоизини аёллар ташкил этмоқда.
Тўртинчи мисол: Вазир ва вазирга тенглаштирилган лавозимларда хотин-қизлар улуши 2018 йилда атиги 3 фоиздангина иборат бўлгани ҳолда, ўтган даврда айни кўрсаткич икки баробар ошиб, 5,7 фоизга кўтарилди.
Буларнинг барчаси бежиз эмас. Мамлакатимизда инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлашга устувор аҳамият қаратилаётгани натижасида оилага, аёл зотига бўлган муносабат тобора юксалиб, муҳтарама оналаримиз, суюкли рафиқа, опа-сингил ва салоҳиятли хотин-қиз ҳамкасбларимизга ҳурмат-эҳтиром кўрсатиш ҳаётимизнинг маъно-мазмунига, асосий мақсадига айланган.
Ушбу соҳадаги ишлар, хусусан, аёллар ҳуқуқлари тўғрисидаги қонун ҳужжатлари такомиллаштирилиб, аёлларни ҳимоя қилишнинг институционал асослари мукаммаллаштирилмоқда. Аҳолининг гендер тенглик ва аёллар ҳуқуқлари тўғрисида хабардорлигини ошириш, ҳуқуқни қўллаш амалиётида аёллар ҳуқуқлари тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилишини таъминлаш учун масъул мансабдор шахсларни тегишли ҳуқуқий нормалар асосида ўқитиш каби муҳим йўналишларда изчил иш олиб борилмоқда.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев БМТ Бош Ассамблеяси 75-юбилей сессиясида қайд этганидек, "Биз учун гендер тенглик сиёсати устувор масалага айланди. Хотин-қизларнинг давлат бошқарувидаги ўрни тобора кучаймоқда". Бу ҳақда фикр юритганда, мамлакатимизда хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини кенгайтиришга, оилалар фаровонлигини таъминлашга оид миллий тажриба – Ўзбекистон модели амалга оширилаётганини алоҳида таъкидлаш лозим.
Шу асосда соҳага доир халқаро стандартларга мос миллий қонунчилик такомиллаштирилиб, юртимизда хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоялаш юзасидан 40 дан зиёд норматив-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилинди. Бу борада, айниқса, “Ўзбекистон – 2030” стратегияси доирасида амалга оширилаётган хотин-қизларнинг сиёсий, ижтимоий, иқтисодий фаоллигини ошириш, оналик ва болаликни ҳимоя қилиш, гендер тенгликни қарор топтириш, аёлларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлашга доир кенг кўламли чора-тадбирлар ўз натижасини бераётгани алоҳида таҳсинга лойиқ.
Хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, оила институтини ҳар томонлама мустаҳкамлаш бўйича энг қуйи бўғин – маҳалла ва хонадонгача кириб борадиган вертикал тизим яратилгани туфайли ҳам муҳим самаралар қўлга киритилмоқда. Хусусан, маҳаллаларда хотин-қизлар фаоли лавозими жорий этилгани ва унга давлат хизматчиси мақоми берилгани, аёллар меҳнати тўлиқ ёки қисман қўлланилиши тақиқланадиган меҳнат шароити ноқулай бўлган ишлар рўйхати бекор қилингани каби янгиликлар диққатга сазовордир.
Давлатимиз раҳбари БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг 46-сессиясидаги нутқида мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий ҳаёти ва ишбилармонлик соҳасида аёлларнинг ролини тубдан оширишга қаратилган ишларнинг келгусида ҳам қатъий давом эттирилишини таъкидлагани бежиз эмас. Чунки бу – давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан биридир.
Кейинги йилларда қабул қилинган "Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида", "Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида" ҳамда “Фуқароларнинг репродуктив саломатлигини сақлаш тўғрисида”ги янги қонунлар бунда алоҳида аҳамият касб этади. Шунингдек, 2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикасининг Миллий стратегияси, Барқарор ривожланиш соҳасидаги миллий мақсад ва вазифаларнинг қабул қилиниши ушбу соҳанинг ҳуқуқий асосларини тубдан мустаҳкамлади ва тегишли тизимли фаолиятни йўлга қўйишга хизмат қилмоқда.
Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегиясининг 60-мақсадида репродуктив ёшдаги ва ҳомиладор аёллар, болалар учун юқори технологик тиббий ёрдам кўрсатиш бўйича долзарб масалалар қамраб олинган бўлса, 69-мақсади хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг жамият ҳаётидаги фаол иштирокини таъминлашга қаратилган. Ўз навбатида, Тараққиёт стратегиясининг 85-мақсади доирасида аёллар орасидаги ишсизлик даражасини 2 баробар камайтириш, 80 мингдан зиёд ишсиз хотин-қизни давлат ҳисобидан касб-ҳунарга ўқитиш, хотин-қизларни тадбиркорлик ва ўзини ўзи банд қилиш бўйича комплекс чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Президентимизнинг 2022 йил 7 мартдаги “Оила ва хотин-қизларни тизимли қўллаб-қувватлашга доир ишларни янада жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони билан 2022-2026 йилларда хотин-қизларнинг мамлакат иқтисодий, сиёсий ва ижтимоий ҳаётининг барча жабҳаларида фаоллигини ошириш бўйича миллий дастур тасдиқланди. Мазкур ҳужжат билан хотин-қизларнинг ижтимоий, сиёсий ва иқтисодий ҳуқуқларини таъминлашга қаратилган қатор чора-тадбирлар белгилаб олинди ва амалий ижроси таъминланаяпти.
Меҳнат кодекси ва бошқа тегишли норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга хотин-қизлар учун тақиқланган касбий фаолият соҳаларини қисқартириш, қонунчиликдаги гендер-ассиметрик қоидаларни бартараф этишга қаратилган қўшимчалар ва ўзгартишлар киритилди. Хотин-қизлар ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари ҳимоя қилинишини таъминлашнинг институтциявий асослари янада мустаҳкамланди.
Ушбу дастурий ҳужжатларнинг ижроси Пекин декларацияси ва Ҳаракатлар режаси, Хотин-қизларни камситишнинг барча шаклларига барҳам бериш тўғрисидаги конвенция, Барқарор ривожланиш мақсадлари каби халқаро шартномалар доирасидаги мажбуриятларимизни бажаришга ҳам кўмаклашмоқда.
Яна бир муҳим ҳужжат – 2030 йилга қадар Ўзбекистон Республикаси гендер тенгликка эришиш стратегияси ҳаётга кенг татбиқ этилмоқда. Ўзбекистон 2024 йилда гендер тенглик ва бошқарув индекси бўйича 72,8 балл тўплади. Яъни, мамлакатимиз бу борада 2022 йил қайд этилган 103-ўриндан 51 поғонага кўтарилиб, 52-ўринни эгаллади. Ушбу индекс 158 та мамлакатни қамраб олиб, гендер тенгликка эришиш йўлида муваффақият ва камчиликларни аниқлаш имконини беради.
Мамлакатимиз, шунингдек, 2024 йилда Жаҳон банкининг “Аёллар, бизнес ва қонун” индексида 48 поғонага юқорилаб, 190 та давлат орасида 91-ўринни эгаллади. Ўзбекистон аёллар ҳуқуқлари ва гендер тенглик соҳасида энг катта натижаларга эришган 5 та мамлакатдан бири сифатида қайд этилди.
Бундай юксак кўрсаткичлар, албатта, Янги Ўзбекистоннинг гендер тенгликка эришишдаги ютуқлари БМТ, Парламентлараро Иттифоқ, Жаҳон банки томонидан алоҳида эътироф этилиб, халқаро индексларда ўз аксини топаётганининг ёрқин ифодасидир. Шу маънода, ўтган йили Ўзбекистонда Хотин-қизларни камситишнинг барча шаклларига барҳам бериш тўғрисидаги конвенция қабул қилинганининг 45 йиллиги доирасида тизимли тадбирлар ташкил этилгани алоҳида мазмун-моҳият касб этди.
Ўз навбатида, 1995 йил 15 сентябрда Хотин-қизлар аҳволи бўйича тўртинчи Бутунжаҳон конференциясида қабул қилинган Пекин декларацияси ва Ҳаракатлар платформасининг 30 йиллиги жорий йилда дунёнинг барча тараққийпарвар мамлакатлари қатори Ўзбекистонда ҳам кенг нишонланмоқда. Шу муносабат билан Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази манфаатдор вазирлик, идора ва ташкилотлар ҳамкорлигида турли тадбирларни ўтказишга киришди.
Жорий йилда мамлакатимизда аҳоли, жумладан, хотин-қизларнинг саломатлигини яхшилаш, экологик турмуш тарзини шакллантириш ва инсон салоҳиятини рўёбга чиқариш учун шарт-шароитларни яратиш борасида бир қатор таъсирчан чора-тадбирлар амалга оширилади. Хусусан, “Экофаол фуқаро” ҳаёт тарзини кенг тарғиб қилишга қаратилган “Бир миллион яшил оила” умуммиллий ҳаракати йўлга қўйилмоқда.
Бу борадаги устувор вазифалар Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2025 йил 7 февралдаги Фармони билан тасдиқланган “Ўзбекистон – 2030” стратегиясини “Атроф-муҳитни асраш ва “яшил иқтисодиёт” йилида амалга оширишга оид давлат дастурида белгилаб берилди.
Давлат дастурининг “Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш тизимини кучайтириш, уларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини таъминлаш, ижтимоий, иқтисодий, сиёсий фаоллигини ошириш ва гендер тенгликни таъминлаш”, деб номланган 25-мақсадида ушбу йўналишдаги бир қатор муҳим вазифалар белгилаб берилган. Айни муҳим омил ҳам Янги Ўзбекистон тараққиётида хотин-қизларимиз алоҳида ўрин тутишини яққол англатиб турибди.
Хулоса қилиб айтганда, янги таҳрирдаги Конституция асосида мамлакатимизда хотин-қизларнинг бандлигини таъминлаш, давлат ва жамият бошқарувидаги ўрни ва нуфузини янада ошириш, уларнинг ўз салоҳиятини намоён этишлари учун шароитларни кенгайтириш, гендер тенглик, оила, оналик ва болаликни ҳимоя қилиш борасидаги ишлар янги босқичга кўтарилиб бормоқда.
Фарида ХАКБЕРДИЕВА,
Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази
Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш бўлими бош мутахассиси
«Iste’mol madaniyati» газетасининг 2025 йил 27 февраль кунги 3 (195)-сони
- Қўшилди: 05.03.2025
- Кўришлар: 319
- Чоп этиш