Миллий марказда Омер Фишер билан учрашув бўлди

6 март куни Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий марказида Миллий марказ директори ўринбосари Дилноза Муратова билан БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Бошқармаси Марказий Осиё бўйича минтақавий бўлинмасининг Инсон ҳуқуқлари бўйича маслаҳатчиси Омер Фишер ўртасида учрашув бўлиб ўтди.

Учрашувда асосан инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари, шу жумладан аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини рағбатлантириш ва ҳимоя қилиш соҳасидаги ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди.

Дастлаб Миллий марказ директори ўринбосари Д.Муратова БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Бошқармасининг Марказий Осиё бўйича минтақавий ваколатхонаси билан ўзаро ҳамкорлик самаралари тўғрисида қисқача маълумот берди. Хусусан, ўтказилган ахборот-маърифий тадбирлар, давра суҳбатлари ва семинар-тренинглар ҳақида сўз юритди.

Д. Муратова БМТ БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Бошқармасининг Марказий Осиё бўйича минтақавий ваколатхонаси вакилларига мамлакат парламенти ва Президентига тақдим этиладиган Ўзбекистоннинг халқаро мажбуриятлари бажарилиши бўйича ҳисобот тайёрланаётганини маълум қилди.

Миллий марказ директори ўринбосари, шунингдек, 2030 йилгача мўлжалланган Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий стратегия лойиҳаси устида олиб борилаётган ишлар хусусида тўхталди. Бўлажак стратегияда Универсал даврий ҳисобот тўртинчи цикли доирасида Ўзбекистонга тақдим этилган тавсиялар инобатга олиниши ва унинг Барқарор ривожланиш мақсадлари билан узвий боғлиқлигини таъминлаш назарда тутиши таъкидланди.

Ўз навбатида, БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Бошқармасининг Марказий Осиё бўйича минтақавий бўлинмаси маслаҳатчиси О.Фишер мазкур минтақавий бўлинма фаолиятининг устувор йўналишлари ҳақида маълумот берди. Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори А.Саидовнинг БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Бошқармасининг Марказий Осиё бўйича минтақавий бўлинмаси раҳбари М.Богнер билан яқинда бўлиб ўтган учрашуви ҳақида илиқ фикрлар билдирди.

Минтақавий офиснинг муҳим вазифаларидан бири халқаро шартномаларни амалга оширишда давлатларга кўмаклашишдир. Шу маънода, офис фаолиятининг 2025 йилдаги устувор йўналишлари, хусусан, фуқаролик жамияти институтларини қўллаб-қувватлаш, қийноқларга, етарли уй-жойга эга бўлиш ҳуқуқига, аёлларга нисбатан зўравонликка, ногиронлиги бўлган шахслар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, инсон ҳуқуқлари ва атроф-муҳитга қарши курашиш масалаларидан иборат эканига эътибор қаратилди.

Мулоқот якунида О. Фишер Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази фаолиятига юксак баҳо берар экан, инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро мажбуриятларнинг бажарилишига бу қадар мақсадли ва самарали кўмаклашадиган алоҳида давлат органлари барча давлатларда ҳам фаолият кўрсатмаётганини қайд этди.

Учрашувда БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Бошқармасининг Ўзбекистондаги Миллий лойиҳалари мувофиқлаштирувчиси Илдар Файзуллин, БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Бошқармасининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси ходими Азиза Сайдарипова, шунингдек, Миллий марказнинг халқаро ҳамкорлик бўлими бошлиғи Иқбол Абдумажидов, шу бўлим масъул ходимлари Аббосбек Набиев ва Асилбек Миржалилов ҳам иштирок этди.

 

Инсон ҳуқуқлари бўйича

Ўзбекистон Республикаси

Миллий марказининг

матбуот хизмати

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech