Медиасаводхонликни ошириш – рақамли давр талаби

Инсоният аллақачон рақамли технологиялар даврида яшамоқда. Ахборот алмашинуви суръати тезлашган сари, жараённи назорат қилиш, муайян хабар асосли ёки асоссизлигини аниқлаш қийинлашиб боряпти. Бундай шароитда медиатаълим, медиасаводхонлик ва медиамаданият тушунчалари ўта долзарб аҳамият касб этади.

Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директорининг матбуот котиби – ахборот сиёсати масалалари бўйича маслаҳатчиси Ғулом Мирзаев айни мавзуда мулоҳаза юритади.

– Янги, 2025 йил инсониятнинг ҳаққоний ва холис ахборотдан фойдаланиш ҳуқуқига тўғридан-тўғри дахл қиладиган бир қадар ташвишли воқеалар билан бошланди. Гап шундаки, америкалик медиа магнат, тадбиркор, “Meta” ижрочи директори Марк Цукерберг назоратидаги интернет-платформалар Америка Қўшма Штатларида фактни текшириш дастури фаолиятини тўхтатиши ҳамда “Facebook” ва “Instagram”да фикр билдирилишига қўйилган чеклов бекор қилиниши ҳақида баёнот берди. У мазкур қарорини, биринчидан, ахборотни текшириш билан шуғулланадиган шахс, гўёки, айни жараёнда сиёсий калтабинликка йўл қўйиши эҳтимоли мавжудлиги билан изоҳлади. Иккинчидан, ўзини ўзи назорат қилиш ва тартибга солиш, охир-оқибат, ҳаддан зиёд цензурага олиб келиши мумкинлигини даъво қилиб, “Meta” платформаларида яна эмин-эркин фикр билдириш амалиётига қайтишга чорлади.

Ушбу баёнот таҳлил қилинган “The wall street journal” мақоласида қайд этилишича, ижтимоий тармоқ компаниялари ўз платформаларида чоп этилган контентни ҳеч қачон тажовузкорона назорат қилишни истамаган. Аниқроғи, эндиликда бунга ҳожат ҳам қолмаяпти.

Фактни текшириш халқаро тармоғи (IFCN) Цукербергнинг “уйдирмадан иборат” даъвосини инкор қилди ва бундай қарор таҳликали оқибат келтиришидан огоҳлантирди.

Нима бўлганда ҳам таҳлилчилар ҳақ: “Facebook”, “Instagram” каби фойдаланувчилари ва обуначилари сонига кўра етакчи икки йирик платформада контент мониторинги юритилмаслиги Интернетда “фейк”, дезинформация, яъни сохта ва ёлғон ахборот кўпайиб кетишига олиб келади.

БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Фолькер Тюрк “Meta”нинг фактни текшириш тўхтатилишига оид қарорига муносабат билдирди. Бош ҳуқуқ ҳимоячиси айтганидек, ижтимоий тармоқдаги нафрат ва адоватга гиж-гижлайдиган хабарлар “том маънода ёмон оқибат”га олиб келади ва шу боис компаниялар контентни тартибга солиш учун жавобгар.

Тюркнинг фикрича, бундай маҳсулотни тартибга солиш цензура ҳисобланмайди. Аксинча, нафрат кайфиятини қўзғайдиган чиқишга йўл қўяркан, компаниялар сўз эркинлигини чеклаган, фойдаланувчига етказиши тайин бўлган “зарар”ни билиб, билмаганга олган бўлиб чиқади.

Олий комиссар ижтимоий тармоқ одамларни бирлаштириб, жамиятга ижобий таъсир кўрсатиш борасида улкан салоҳиятга эгалиги ва шу билан бирга низо келтириб чиқариши ёки фойдаланувчи хавфсизлигига чинакам таҳдид солиши мумкинлигини ҳам таъкидлади.

– Идеал ҳолатда ижтимоий тармоқ турли қарашга эга кишилар бир-бири билан келишмаган тақдирда ҳам ўзаро фикр алмашиши мумкин бўлган майдон, – дейди Ф.Тюрк. – Шу боис рақамли маконни тартибга солиш ва шунга мос равишда оммавий очиқ мулоқотни ҳамда барча иштирокчилар қадр-қимматини ҳимоя қилишга чорлашда давом этамиз.

БМТ онлайн маконни доимий равишда кузатиб, баҳолаб боради, албатта. Ташкилотнинг Женева бўлими вакили, телевидение, радио ва веб-трансляция учун масъул шахс Мишель Заккео “Биз учун далилларга асосланган маълумот тақдим этиш ҳамон муҳим”, дея уқтирди.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) ҳам сифатли, илмий асосланган маълумот тақдим этишга содиқлигини тасдиқлади. Глобал коммуникациялар департаменти ҳам рақамли дезинформация туфайли юзага келган айни инқирозга жавобан, сохта маълумотга қарши фаол курашмоқда.

Бундай инқироз ахборот-коммуникация технологиялари ва рақамли ахборот соҳасида изчил илгарилаб бораётган Янги Ўзбекистон жамиятини ҳам сергак ва ҳушёр бўлишга ундаши табиий. Зеро, бугунги кунда замондошларимиз, айниқса ёшлар нафақат ўқув даргоҳи ва иш жойи, балки радио-телевидение, матбуот, интернет каби воситалар, яъни медианинг хилма-хил турлари орқали ранг-баранг ахборот олмоқда.

Глобаллашув ва ахборот асри одамзот учун мўъжизавий қулайлик яратиш баробарида қатор муаммоларни ҳам келтириб чиқармоқда. Янгидан-янги коммуникация технологиялари томонидан тарқатилаётган беҳисоб ахборот оқими муҳим-номуҳимлик жиҳатидан муайян тизимга солинмасдан, пала-партиш ҳолда таклиф этилаётгани кутилмаган жиддий муаммо –ҳаққоний ахборот етишмовчилигини юзага чиқармоқда. Яъни, фойдаланувчи ўзига керак ахборотни топиши тобора мураккаблашмоқда.

Медиа майдонда саноқсиз ахборот орқали акс эттирилаётган воқелик кўпинча “ҳаққоний” эмаслигининг ўзи яна бир муаммо. Янги медиа воситаларида ягона тил ва маданият яққол устунлик қилиши мисолида фойдаланувчига ахборот босими ўтказилаётганидан ҳам кўз юмиб бўлмайди.

Афсуски, замонавий технологияларни чуқур эгаллаган аксар ёшлар тақдим этилаётган ахборотнинг асл маъноси, туб мазмун-моҳиятини холис баҳолаш ва тўғри илғаб олиш учун етарли кўникмага эга эмас. Қолаверса, хорижий экспертлар фикрича, бугунги кунда дунёда рақамли медиадан фойдаланиш имконига эга бўлмаган киши ва (ёки) медиа маҳсулот мазмунини танқидий баҳолаш кўникмаси шаклланмаган фойдаланувчи ўртасида янги ижтимоий портлаш юз бериши таҳдиди ҳам мавжуд.

ЮНЕСКО яқинда ўтказган тадқиқотга кўра, инфлюенсерлар, яъни блогерлар 62 фоиз маълумотни улашишдан олдин текширмайди. Бу ҳол, албатта, дезинформация тарқалиши ва жамоатчилик ишончи пасайишига олиб келаркан. Шу боис ташкилот “Медиасаводхонлик ва фактни текшириш муҳим, чунки ижтимоий тармоқдаги ахборот ишончсиз бўлиши ҳам мумкин”, деган огоҳлантириш билан чиқди.

Шу маънода, халқаро миқёсда контент модерацияси таназзулга учраётган ҳозирги ташвишли даврда айни мавзу бўйича қатор фикр-мулоҳазалар билдирилаётгани эътиборга лойиқ.

Биринчи мулоҳаза. Мустақиллик йилларида таълим, маданият ва санъат, ОАВ фаолиятининг мустаҳкам ҳуқуқий асоси яратилди. Шу билан бирга “медиатаълим”, “медиасаводхонлик”, “медиамаданият” тушунчалари қўлланиши билан боғлиқ меъёр ва қоидалар миллий қонунчилигимизда ҳали мавжуд эмас.

Ваҳоланки, бу атамалар халқаро ҳуқуқда кўп йилдан буён  истеъмолда бўлиб, қуйидаги халқаро-минтақавий ҳужжатларда акс этган: “Грюнвальд медиатаълим декларацияси” (1982 йил), “Рақамли даврда медиатаълим” (Вена конференцияси тавсияномаси. ЮНЕСКО, 1999), Европарламентнинг 2008 йил 16 декабрдаги Рақамли технологиялар дунёсидаги медиасаводхонлик бўйича қарори (2008), Европа Комиссиясининг 2007 йил 20 декабрдаги “Рақамли технологиялар дунёсида медиасаводхонликка Европа ёндашуви” номли баёноти (2007), “Парламент Ассамблеясининг Медиатаълим бўйича тавсияномаси” (Европа Кенгаши, 2000 йил 6 июнь).

Шундай экан, миллий қонунчилик ҳужжатлари янги тушунчалар ва муайян илғор меъёрлар билан тўлдирилиши ўринли. Хусусан, лойиҳаси муҳокама қилинаётган Ахборот кодексида миллий манфаат ва умумэътироф этилган халқаро стандартга жавоб берадиган бу борадаги қоидалар аксини топиши лозим, деб ўйлаймиз.

Иккинчи мулоҳаза. Янги Ўзбекистон таълим тизимига юқорида санаб зтилган замонавий тушунчаларни ўргатадиган махсус ўқув дастури киритилиши керак. Соҳага оидчуқурроқ билим бериш ўқувчи-талабаларда танқидий фикрлаш кўникмасини ривожлантириш орқали уларни рақамли дунёдан янада масъулиятли фойдаланишга ундаши, ижтимоий-маданий салоҳиятни кучайтириши, пировардида ўсмирларда тўғри ахборотни танлаш қобилиятини ошириш орқали жамиятнинг умумий ахборот хавфсизлигига ҳисса қўшиши тайин.

Зеро, “Медиатаълим” (media education) медианинг барча турлари ва технологиялари билан боғлиқ тушунча бўлиб, матнни яратиш ва таҳлил қилиш, танқидий мушоҳада юритиш, манбани аниқлаш, сиёсий, ижтимоий, тижорий ва/ёки маданий манфаатнинг туб мазмун-моҳиятини англаб олиш, матнни ва медиа томонидан тарғиб этилаётган қадриятни тўғри талқин қилишга доир билим ва кўникма шаклланишини англатади.

Учинчи мулоҳаза. Интернетдан фойдаланишда танқидий фикрлаш ва ишончли манбадан фойдаланишни ўрганиш жамиятимизнинг ҳар бир аъзоси учун жуда муҳим. Негаки, ёлғон ахборот “қурбони”га айланмаслик учун ҳар бир маълумотни “фактчекинг қилиш”, яъни текшириш талаб этилади. Акс ҳолда, глобал ахборот ва рақамли асрда “фейклар гирдоби”га тушиб қолиш ҳеч гап эмас.

Хуллас, узлуксиз жараён ҳисобланмиш медиасаводхонликни ошириш жамиятнинг барча қатламларини жалб этадиган даражада кенг қамровли бўлиши мақсадга мувофиқ. Айниқса, давлат институтлари, ОАВ ва жамият ўртасида соғлом тамойиллар ҳамда самарали мулоқотга асосланган коммуникация ўрнатиш, контент яратишда оммавий ахборот воситалари вакиллари касбий маҳоратини ошириш алоҳида аҳамиятга эга.

Миллий экспертлар фикрича, рақамли асрда дипфейк (сунъий интеллект ёрдамида инсоннинг юз ифодаси, овози ва ҳатто ҳаракатини сохталаштирувчи технология), кибер жиноят ва бошқа шаклларда тобора мураккаблашиб бораётган дезинформация оқимига қарши курашиш масаласи ҳар қачонгидан долзарблашган. Айни жараёнда аҳоли медиасаводхонлигини ошириш энг самарали ечимлар сирасига киради. Бинобарин, дезинформациянинг таъсир доираси анча кенгаяди. Яъни, анъанавий ОАВ ва институтларга ишончни камайтиради, ижтимоий низо келтириб чиқаради, жамият қутбланишини кучайтиради, одамларнинг сиёсат, соғлиқни сақлаш, экология каби муҳим соҳаларда асосли қарор қабул қилишига тўсқинлик қилади.

Мухтасар айтганда, медиа таълими, саводхонлиги ва маданияти нафақат тўғри ахборот манбасини танлашга ёрдам беради, балки жамиятнинг соғлом ва масъулиятли фуқароларини тарбиялашда ҳам қўл келади. Бинобарин, холис, далилларга асосланган, ишончли ахборотни тезкор етказишда ижтимоий тармоқ ва сунъий интеллектдан оқилона, унумли фойдаланиш жамиятни фаровонлик, мамлакатни тараққиёт сари етаклайди.

ЎзА мухбири Саидмурод РАҲИМОВ ёзиб олди.

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech

Sahifadagi xatolar bo`yicha manzil:

Matn xato bilan:

Sizning izoxingiz yoki to`g`ri versiya: