Ўзбекистонда инсон ҳуқуқларини таъминлаш борасидаги ислоҳотларга назар

15 март – БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши ташкил топган кун

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши бутун дунёда инсон ҳуқуқлари рағбатлантирилиши ва ҳимоя қилиниши учун асосий масъул орган ҳисобланади.  Кенгаш 2006 йил 15 март куни БМТ Бош Ассамблеясининг 60/251-резолюцияси билан ташкил этилди. 

Унинг мақсад ва вазифалари юзасидан Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директорининг ахборот сиёсати масалалари бўйича маслаҳатчиси Ғулом МИРЗАЕВнинг фикрларига қизиқдик.

– Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашнинг бош вазифаси – эркинлик, қонун устуворлиги ва адолатни тарғиб қилишдир. Кенгаш инсон ҳуқуқлари соҳасида ҳар бир давлат мажбуриятлари бажарилишининг универсал даврий таҳлилини амалга оширади ва шу орқали глобал миқёсда давлатларга бир хил муносабатни таъминлайди, – дейди Ғ.Мирзаев. – Яъни инсон ҳуқуқларини қўпол тарзда ва мунтазам равишда бузиш ҳоллари билан боғлиқ воқеалар ва амалиётни муҳокама этиб боради.

Шунингдек, адолат ва тенглик асосида барча учун инсон ҳуқуқлари ҳамда асосий эркинликларини умумҳурмат қилиш, ҳимоя қилиш ишига кўмаклашади. БМТ тизимида инсон ҳуқуқларининг турли соҳаларига ихтисослашган 59 нафар махсус маърузачи мавжуд. Улар инсон ҳуқуқлари бўйича муайян мамлакатдаги вазият ёки аниқ бир мавзуни ўрганиб, маърузалар тақдим этувчи экспертлардир.

Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаш жаҳон бўйлаб инсон ҳуқуқлари рағбатлантирилиши ва ҳимоя қилиниши борасидаги вазиятни назорат қилиб, ҳукуматларга кўрсатма ва тавсиялар бериб боради. Энг муҳими, Кенгашга аъзо ҳар бир давлат ўз мажбуриятларини ёдда тутиши, мезонларга амал қилишда намуна бўлиши лозим саналади.

Бугунги кунда БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашига 47 та давлат аъзо. Ўзбекистон эса 2020 йил 13 октябрь куни БМТ Бош Ассамблеяси сессиясида бўлиб ўтган сайловларда кенгаш аъзолигига уч йил муддатга – 2021-2023 йилларга сайланди. 

2021 йил 22-24 февраль кунлари БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг баҳорги сессияси доирасида Женева шаҳрида бўлиб ўтган Юқори даражадаги сегмент ишида Ўзбекистон Президенти ушбу Кенгашга аъзо давлат раҳбари сифатида биринчи марта иштирок этди ва сўзга чиқди. 

Ўша йили 8 октябрь куни БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг 48-сессияси доирасида Ўзбекистон ташаббуси асосида Ёшларнинг инсон ҳуқуқларига COVID-19 пандемияси таъсирининг оқибатлари тўғрисидаги резолюция қабул қилинди. Резолюцияни ишлаб чиқиш ва қабул қилиш ташаббусини Ўзбекистон Президенти 2021 йил 22 февраль куни БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг 46-сессиясида илгари сурган.

Давлатимиз раҳбари ўша нутқида ёшлар ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг халқаро механизмларини мустаҳкамлаш зарурлигини алоҳида таъкидлагани бежиз эмас. Зеро, Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашнинг 48-сессиясида Ўзбекистон киритган резолюция матни БМТ Кенгашига аъзо барча давлатлар томонидан қўллаб-қувватланди. Шунингдек, Ўзбекистон илгари сурган халқаро ҳужжат лойиҳасига дунёнинг 37 мамлакати ҳаммуаллифлик қилди.

БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг 2022 йил 4 октябрдаги 51-сессиясида эса “Ёшлар ва инсон ҳуқуқлари” резолюцияси қабул қилинди. Ушбу резолюция 41 та давлат, шу жумладан, Ўзбекистон ташаббуси билан қабул қилиниб, унда ёшларнинг ўз мамлакатлари ривожланишидаги иштирокини кенгайтириш, улар учун тенг имкониятлар яратиш, ёшларни виртуал оламдаги таҳдидлардан ҳимоя қилиш, ёшлар учун инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълим бўйича ташаббусларни илгари суриш каби масалалар ифодасини топган.

Буларнинг барчаси, бир томондан, давлатимиз раҳбари халқаро ҳамжамият эътиборини қаратган мазкур умуминсоний муаммо нечоғлик долзарблигини яна бир бор яққол намоён этмоқда. Иккинчи томондан, бу – Ўзбекистон Президентининг халқаро ташаббуслари ва мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар дастурини жаҳон жамоатчилиги кенг қўллаб-қувватлаётганининг ёрқин далолати ҳисобланади.

Ўзбекистоннинг БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши аъзоси сифатида амалга оширган фаолияти самараларини жаҳон ҳамжамияти яққол кўриб турибди. Айниқса, Президентимизнинг 2023 йил 7 февралдаги қарори билан Ўзбекистон Республикасида Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Миллий таълим дастури тасдиқлангани улкан аҳамиятга эга бўлди.

– Ўзбекистоннинг БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши аъзоси сифатида зиммасига олган мажбуриятлари доирасидаги фаолиятига қандай фикр билдирасиз?

– Бу ҳақида сўз юритганда, мамлакатимиз 2021 йилда БМТ Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенциясини ратификация қилганини алоҳида қайд этиш лозим. Ўз навбатида Тошкентда 2021 йил августида “Глобал ҳаракатларга ёшларни жалб қилиш” мавзусида Ёшлар ҳуқуқлари бўйича бутунжаҳон конференцияси ҳамда 2022 йил декабрида “Марказий Осиё мамлакатлари етакчи аёлларининг мулоқоти” шафелигида, фуқаролик жамиятининг хотин-қизлар ташкилотлари ва “БМТ-аёллар” тузилмаси иштирокида минтақавий форум ўтказилди.

Шунингдек, БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Фолькер Тюрк 2023 йил март ойида мамлакатимизга расмий ташриф билан келган эди. Ушбу ташриф якунлари бўйича Ўзбекистон парламенти қабул қилган “Йўл харитаси” Олий комиссар тавсияларини амалга ошириш бўйича аниқ чора-тадбирларни ўз ичига олди.

2025 йил 24 февраль куни Женевада ўз ишини бошлаган БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши 58-сессиясининг Олий даражадаги сегментида Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Миллий маркази директори, академик Акмал Саидов сўзга чиқиб, ҳозирги пайтда Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикасининг 2030 йилгача бўлган Миллий стратегиясини тайёрлаш жараёни бошланганини қайд этди. 

Ўзбекистон вакили маърузаси якунида БМТ Бош Ассамблеясининг “Марказий Осиёда иқлим ўзгаришининг салбий оқибатларига қарши курашиш шароитида инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида“ги резолюциясини ишлаб чиқиш ташаббусига оид мамлакатимиз ҳукуматининг таклифини илгари сурди. БМТ бош котиби Aнтониу Гутерришга ўтган йил июль ойида Ўзбекистонга иккинчи ташрифи давомида мамлакатда изчил давом этаётган ислоҳотларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлагани учун миннатдорлик изҳор этди.

Мамлакатимизда қонун устуворлиги, демократия ва инсон ҳуқуқларини таъминлаш соҳаларида ислоҳотларни янада чуқурлаштиришнинг устувор йўналишлари ҳақида фикр юритганда, 2023 йил апрелида Конституциямизни янги таҳрирда қабул қилиш бўйича биринчи умумхалқ референдуми ўтказилгани муҳим тарихий воқеа бўлганини қайд этиш лозим. Шу асосда қабул қилингани 2026 йилгача мўлжалланган Тараққиёт стратегияси ва “Ўзбекистон – 2030” стратегияси ҳам БМТнинг Барқарор ривожланиш мақсадларига тўламос келади.

Дарҳақиқат, Ўзбекистон БМТнинг “Инсон ҳуқуқлари ҳимояси учун ҳаракатга чақирув” ташаббусини рўёбга чиқариш мақсадида БМТга аъзо давлатлар ва барча халқаро ҳамкорлар билан яқин ҳамжиҳатликни ҳамиша қўллаб-қувватлаб келмоқда.

Абдулазиз РУСТАМОВ, 

ЎзА

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech

Sahifadagi xatolar bo`yicha manzil:

Matn xato bilan:

Sizning izoxingiz yoki to`g`ri versiya: