Инсоният тараққиёти – адолат ва тенглик асосида барқарор

21 март – Халқаро ирқий

камситишларга барҳам бериш куни

 

Мамлакатимиз ирқий ва миллий камситишнинг олдини олиш, миллатлараро тотувликни мустаҳкамлаш ҳамда фуқароларнинг тенг ҳуқуқлилигини таъминлашга қаратилган ҳуқуқий ва институционал механизмларни яратишга катта эътибор қаратиб келмоқда. Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 19-моддасида барча фуқароларнинг миллати, ирқи, тили ва диний мансублигидан қатъи назар, тенг ҳуқуқларга эгалиги белгиланган бўлиб, бу мамлакатда инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилишнинг муҳим кафолати ҳисобланади.

Президентимизнинг 2019 йил 15 ноябрдаги фармони билан тасдиқланган Миллатлараро муносабатлар соҳасида Ўзбекистон Республикаси давлат сиёсати концепцияси бу борадаги муҳим норматив-ҳуқуқий ҳужжатдир. Ушбу Концепция Ўзбекистонда миллатлараро тотувлик ва бағрикенглик муҳитини мустаҳкамлаш, ирқий ва этник камситишларнинг олдини олиш ҳамда барча фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини тенг таъминлашга қаратилган.

Дискриминация –  халқаро ҳамжамиятнинг иш столида доимий тарзда ҳал қилиниши муҳим бўлган “бош оғриқлар” қаторида турувчи инсоният муаммоси. Дискриминация сўзини луғавий таҳлилидан шуни тушуниш мумкинки, уч субъект – давлат, юридик ва жисмоний шахсларнинг ҳуқуқлари худди шу уч субъект томонидан ҳар қандай тарзда чекланиши демак.

Дискриминация инсон ҳуқуқлари бузилиши ва суиистеъмол қилинишининг энг кенг тарқалган туридир. Дискриминация жинсга, шахснинг жисмоний ҳолатига, ёшига, диний эътиқодига ва этник келиб чиқишига нисбатан бўлиши мумкин. Энг кўп дискриминация ҳолатлари ирқий камситиш борасида кузатиляпти. Дискриминациянинг хавфи шундаки, у жамиятда ижтимоий тенгсизликни ҳаддан ташқари кучайтириб юборади.

Одамлар дискриминацияга ёши, имконияти чекланганлиги, миллати, келиб чиқиши, сиёсий қарашлари, ирқи, дини, жинси, тили, маданияти ва бошқа сабаблар туфайли дуч келиши мумкин. Кўпинча нотўғри қарашлар натижасида юзага келадиган дискриминация одамларни ночор ва ноқулай вазиятда қолдиради, уларнинг фаол фуқаро бўлишига тўсқинлик қилади, уларнинг ўз маҳоратини такомиллаштиришида, ишга жойлашишида, саломатлик, таълим ёки уй-жой масалаларида қийинчиликлар туғдиради.

Ирқий ва этник камситиш, ксенофобия, гендер (жинсий) камситиш, ногиронлиги туфайли камситиш – бугунги кунда дискирминациянинг кенг тарқалган турларига киради.

Ирқий камситиш – ирқий ёки этник келиб чиқишига қараб одамларга нисбатан тенгсиз, салбий муносабатдир. У ҳаётнинг турли соҳаларида, жумладан, меҳнат муносабатлари, таълим, уй-жой, соғлиқни сақлаш ва бошқа соҳаларда намоён бўлиши мумкин. Бундай камситилишлар тенглик принципи, яъни кўплаб халқаро ҳужжатларда мустаҳкамланган, барча одамлар ўз қадр-қиммати ва ҳуқуқларида эркин ва тенг туғилади, деган асосий тамойилининг бузилиши ҳисобланади.

Ирқий камситиш ижтимоий тенгсизликка олиб келади ва жамиятда тўлиқ иштирок этиш учун тўсиқлар яратади. Ирқий камситиш қурбонлари ривожланиш имкониятларидан фойдаланишнинг чекланишига дуч келади. Улар қабул қилинмаслик ва бегоналашиш туйғусини бошдан кечиришлари мумкин, бу эса ўз қадр-қиммати ва ишончига путур етишига олиб келади.

Замонавий дунёда кўплаб давлатлар тенглик ва адолат сари интилаётган бўлса-да, ҳанузгача ирқий камситиш ва дискриминация каби салбий ҳолатлар учраб турибди. Бутун жаҳонда ҳар йили 21 март куни – Халқаро ирқий камситишларга барҳам бериш куни сифатида нишонланади. Бу сана ирқий тенгсизлик ва дискриминацияга қарши курашда глобал ҳамкорликни мустаҳкамлаш, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва адолатли жамият қуриш учун муҳим аҳамиятга эга.

Ушбу сананинг тарихига назар ташлайдиган бўлсак, 1960 йил 21 мартда Жанубий Африканинг Шарпевилле шаҳрида ирқий сегрегацияга қарши тинч намойишга полиция ўт очиб, 69 нафар бегуноҳ инсоннинг ҳалок бўлишига сабаб бўлган. Ушбу фожиали воқеа халқаро ҳамжамиятни ларзага солди ва ирқий камситиш муаммосига жиддий эътибор қаратишга туртки берди. БМТ Бош Ассамблеяси 1966 йилда 21 мартни Халқаро ирқий камситишларга барҳам бериш куни деб эълон қилди.

Бу халқаро куннинг 2025 йилги мавзуси – Ирқий камситишнинг барча шаклларига барҳам бериш тўғрисидаги халқаро конвенциянинг 60 йиллиги. БМТ Бош Ассамблеяси 1965 йил 21 декабрда Ирқий камситишнинг барча шаклларига барҳам бериш тўғрисидаги халқаро конвенцияни қабул қилди, бу ирқчиликни йўқ қилиш бўйича глобал саъй-ҳаракатларда инқилобий қадам бўлди.

Конвенция БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича асосий халқаро шартномаларидан биринчиси бўлиб, инсон ҳуқуқлари соҳасида келажакдаги ютуқларга замин яратди. Унинг ирқий камситишни бартараф этиш ва тенгликни рағбатлантиришга содиқлиги ирқий ажратишдан холи глобал ўзаро тушуниш ва бирдамликни мустаҳкамлашга қаратилган ирқчилик ғоялари ва амалиётига қарши курашни кучайтирди.

БМТнинг Ирқий камситишларга барҳам бериш бўйича қўмитаси 1970 йилда ташкил этилди. Ушбу Қўмита иштирокчи давлатлар томонидан Ирқий камситишнинг барча шаклларини тугатиш тўғрисидаги конвенциянинг бажарилишини назорат қилувчи 18 нафар мустақил экспертдан тузилган БМТнинг шартномавий органи ҳисобланади.

Барча иштирокчи давлатлар Қўмитага тегишли ҳуқуқларни амалга ошириш юзасидан мунтазам равишда ҳисоботлар тақдим этиб боради. Иштирокчи-давлатлар Конвенцияга қўшилганидан кейин бир йил ўтгач, дастлабки ҳисоботларни, сўнгра ҳар икки йилда бир марта даврий ҳисоботларни тақдим этишлари шарт. Қўмита тақдим этилган ҳисоботни ўрганиб чиқиб, иштирокчи-давлатга “якуний мулоҳазалар” шаклида ўз фикр ва тавсияларини беради.

Қўмита ҳар йили Женевада учта сессиядан иборат мажлис ўтказади, сессия одатда уч-тўрт ҳафта давом этади. Қўмита, шунингдек, инсон ҳуқуқлари қоидаларининг мазмуни ва шарҳларини, тематик масалалар бўйича умумий тавсиялар ёки умумий шарҳларни нашр қилади ҳамда маълум мавзу доирасида муҳокамаларни ташкиллаштиради.

Ўзбекистонда тарихий нуқтаи назардан ҳар доим кўплаб маданиятлар ва ирқлар вакиллари аҳил яшаб келган ва бу юртимизнинг афзалликларидан биридир. Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон Республикаси 1995 йилда Ирқий камситишнинг барча шаклларини тугатиш тўғрисидаги халқаро конвенцияга қўшилди. Ушбу Конвенция қоидалари бажарилиши юзасидан Ўзбекистоннинг 1999 йилда дастлабки ва  иккинчи, 2005 йилда учинчи-бешинчи, 2008 йилда олтинчи-еттинчи, 2012 йилда саккизинчи-тўққизинчи, 2018 йилда ўнинчи-ўн иккинчи, 2022 йилда ўн учинчи-ўн тўртинчи даврий ҳисоботлари БМТнинг Ирқий камситишни тугатиш қўмитасига топширилган.

Шу билан бир қаторда, 2001 йилда Жанубий Африканинг Дурбан шаҳрида бўлиб ўтган БМТнинг ирқчилик, ирқий камситиш, ксенофобия ва уларга алоқадор муросасизликка қарши Бутунжаҳон конференциясида халқаро ҳамжамият ирқчиликка қарши курашиш бўйича кенг қамровли дастур қабул қилди. Ушбу конференцияда қабул қилинган Дурбан декларацияси ва Ҳаракат дастури африкалик келиб чиқишга эга шахсларнинг тарихий адолатсизлик қурбонлари бўлганини тасдиқлаб, уларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва тенг имкониятларни таъминлаш бўйича муҳим чора-тадбирларни илгари сурди.

Ҳужжатда ирқий камситиш ва унга сабаб бўлувчи ижтимоий-иқтисодий муаммоларни бартараф этиш бўйича давлатлар зиммасига халқаро мажбуриятлар юклатилган. Бундан ташқари, Дурбан декларацияси ирқчиликнинг ҳар қандай кўринишини қоралаб, барча давлатларни инсон ҳуқуқлари ва адолатни таъминлаш борасидаги саъй-ҳаракатларни кучайтиришга чақиради.

Ушбу халқаро ҳужжатнинг қабул қилиниши нафақат тарихий воқеа, балки БМТ томонидан ирқий тенглик ва ижтимоий адолат сари ташланган муҳим қадам бўлди.

Мамлакатимиз инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилиш бўйича халқаро ҳамкорликни янада ривожлантириш йўлидан изчил одимламоқда. Олий Мажлиснинг Қонунчилик палатаси Кенгаши ва Сенати Кенгаши 2020 йил 15 октябрда бу борада муҳим аҳамият касб этадиган қўшма қарор қабул қилди.

Ушбу қўшма қарор билан "Ирқий камситишнинг барча шаклларини тугатиш тўғрисидаги халқаро конвенция қоидаларини бажариш бўйича Ўзбекистон Республикасининг ўнинчи – ўн иккинчи даврий ҳисоботларини кўриб чиқиш якунлари юзасидан БМТ Ирқий камситишни тугатиш бўйича қўмитасининг якуний мулоҳазалари ва тавсияларини бажариш юзасидан 2020 – 2022 йилларга мўлжалланган Миллий ҳаракатлар режаси" тасдиқланди.

Миллий ҳаракатлар режасида БМТ Ирқий камситишни тугатиш бўйича қўмитасининг 19 та тавсиясини амалга ошириш бўйича бир қатор аниқ тадбирлар қайд этилган. Ушбу вазифаларни амалга ошириш механизмлари аниқ белгилаб берилган.

Хусусан, аҳолининг турли этник гуруҳлари ҳуқуқларини таъминлаш ва ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича 2020-2025 йилларга мўлжалланган чора-тадбирлар мажмуини ишлаб чиқиш, Ўзбекистон Республикасининг 1954 йилги Апатридлар мақоми тўғрисидаги конвенция ва 1961 йилги Фуқароликка эга бўлмаганликни қисқартириш тўғрисидаги конвенцияга қўшилишининг мақсадга мувофиқлиги тўғрисидаги масалани ўрганиш каби муҳим вазифалар белгиланган. Миллий ҳаракатлар режасида миллатлараро муносабатлар соҳасидаги давлат сиёсатини такомиллаштиришга қаратилган жами 20 дан ортиқ чора-тадбирни амалга ошириш назарда тутилган.

Шуни ҳам қайд этиш керакки, “Ҳар бир инсон учун адолат” янги ташаббуси ирқий тенгсизликка қарши курашнинг замонавий ечимларини кўриб чиқишда эътиборга лойиқдир. У Ўзбекистоннинг барча фуқароларини адолат учун қайғуришга ва камситишнинг ҳар қандай кўринишига қарши курашишга ундайди. Бу ташаббус муаммо ҳақида хабардорликни ошириш ва ирқий ҳамда этник фарқларга ҳурмат руҳини сингдиришга қаратилган таълим ва ахборот кампаниясидир.

Ўзбекистон ҳукуматининг ирқий тенгсизликка қарши курашда сезиларли саъй-ҳаракатлари бўлишига қарамай, муаммо ҳали ҳам мавжуд ва қўшимча эътибор талаб этади. Аҳолини бағрикенглик, тенглик ва ҳурмат тушунчалари билан таништирувчи таълим дастурларини янада ривожлантириш зарур. Ўзбекистонда ирқий тенгсизликни тўлиқ бартараф этишга фақат давлат ва жамиятнинг фаол иштироки орқали эришиш мумкин.

Ирқий тенгсизлик мураккаб ва кўп қиррали муаммо бўлиб, уни ҳал этиш жамиятнинг барча аъзоларининг ҳамкорликдаги саъй-ҳаракатларини талаб қилади. Ўзбекистонда бу иллатга қарши курашиш учун сиёсий ва ижтимоий чоралар аллақачон мавжуд ва уларни жадал ва изчил тарзда амалга ошириш, шунингдек, келажакда ирқий тенгсизликнинг олдини олиш учун янги стратегиялар ишлаб чиқиш бўйича ишлар амалга оширилмоқда. Энг муҳими, мамлакатимизда Конституцияда белгиланган инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашни чекловчи мавжуд муаммоларни ҳал этишнинг аниқ тизими шаклланмоқда.

Хулоса қилиб айтганда, 21 март билан боғлиқ халқаро сана – ирқий камситишга қарши кураш йўлидаги глобал ҳаракатнинг рамзи. Ушбу сана нафақат ўтган фожиаларни эслаш, балки келажак авлодлар учун адолатли ва тенг жамият барпо этиш йўлида астойдил ҳаракат қилиш учун имкониятдир.

Ҳар бир инсон ирқий камситишга қарши курашиши, тенг ҳуқуқли жамият шаклланишига ҳиссасини қўшиши лозим. Чунки инсониятнинг тараққиёти фақат адолат ва тенглик асосида барқарор бўлиши мумкин.

  

Асилбек МИРЖАЛИЛОВ,

Инсон ҳуқуқлари бўйича

Ўзбекистон Республикаси

Миллий маркази масъул ходими

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech