Инсон ҳуқуқларини таъминлаш борасида миллий марказ қандай ишларни амалга оширмоқда?

Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси миллий маркази ҳузуридаги Жамоатчилик кенгашининг яқинда бўлиб ўтган йиғилишида кенгаш аъзоларига миллий марказнинг 2024 йилдаги фаолиятига доир ҳисобот тақдим этилди.

Миллий марказ ахборот хизмати раҳбари Ғулом Мирзаев шу ҳақда маълумот берди: 

– Ўзбекистонда инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, қонунчилик ва ҳуқуқий амалиётни такомиллаштириш билан боғлиқ йўналишларда изчил ишлар амалга оширилди. 2024 йил Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси миллий стратегиясини амалга ошириш бўйича “йўл харитаси”нинг 78 бандидан 69 таси тўлиқ бажарилди. 

БМТ органлари, шартномавий қўмиталар ва бошқа механизмлари тавсияларини амалга ошириш мақсадида Олий Мажлис палаталари тасдиқлаган 6 та миллий ҳаракатлар режасининг ижроси бўйича мониторинг амалга оширилди.

Миллий ва халқаро ҳамкорлар билан бирга универсал даврий ҳисобот тавсияларини амалга оширишга бағишланган давра суҳбатлари, семинарлар, жамоатчилик маслаҳатлашувлари ўтказилди. 

Халқаро шартномаларни ратификaция қилиш масаласи ўрганилди, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари ишлаб чиқилди. Миллий марказ томонидан 2024 йилда 6 норматив-ҳуқуқий ҳужжат экспертизадан ўтказилиб, уларни такомиллаштириш бўйича таклиф ва тавсиялар тайёрланди. 

Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро шартномаларнинг миллий қонунчиликка ва ҳуқуқни қўллаш амалиётига имплементaция қилинишини таъминлаш мақсадида 11 марта мониторинг ташкил қилинди. Шунингдек, 7 та халқаро шартномани ратификaция қилиш бўйича зарур чора-тадбирлар амалга оширилди.

2024 йилда инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълимга алоҳида эътибор қаратилди ҳамда Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги миллий таълим дастурини амалга ошириш бўйича ишлар давом эттирилди. 

Давлат органлари ва фуқаролик жамияти институтларининг 4 минг 317 нафар ходимининг инсон ҳуқуқлари, гендер тенглик ва қийноққа қарши курашиш соҳасидаги билим ва кўникмалари оширилди.

Миллий марказда давлат органлари ва фуқаролик жамияти институтлари билан кенг кўламли ҳамкорлик йўлга қўйилди. Шунингдек, хорижий ташкилотлар билан иккита ҳамкорлик меморандуми имзоланди. 

БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари бошқармаси, ЮНЕСКОнинг мамлакатимиздаги ваколатхонаси, БМТ тизимидаги инсон ҳуқуқлари бўйича дастурлар, фондлар ва ихтисослаштирилган муассасалар билан самарали ҳамкорлик алоқалари изчил давом эттирилди.

Ўтган йилда бир қатор хорижий делегациялар инсон ҳуқуқлари бўйича тажриба алмашиш мақсадида юртимизга ташриф буюрди. Ўз навбатида, миллий марказ вакиллари хорижий мамлакатларда бўлиб, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича долзарб масалаларни муҳокама қилди.

Миллий марказга 2024 йилда фуқаролар томонидан 1 минг 455 мурожаат келиб тушди. Турли давлат идоралари ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига киритилган тавсияларга биноан фуқароларнинг ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқлари тикланмоқда. Бу жараёнда мурожаат эгаларига моддий зарарлар ундириб берилиши ҳам таъминланмоқда.

2024 йил 3 декабрда “Инсон ҳуқуқлари уйи” ўз фаолиятини  бошлади. Ушбу маърифат маскани Марказий Осиё минтақасида инсон ҳуқуқлари бўйича ягона ихтисослашган кутубхона ҳисобланади.

Н.Абдураимова,

ЎзА

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech