25 март куни Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий марказида Тошкент давлат юридик университетининг Оммавий ҳуқуқ факультети 2-курс талабалари учун “Инсон ҳуқуқлари” фани доирасида шу мавзуда маҳорат дарси ўтказилди.
Тингловчилар Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази фаолияти ҳақида ҳам зарур маълумот олдилар. Шунингдек, яқинда ташкил этилган Инсон ҳуқуқлари уйи имкониятлари билан танишдилар.
Миллий марказнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро ҳамкорлик бўлими бош мутахассиси А.Набиев ёшларга инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро шартномаларнинг аҳамияти ҳақида сўзлаб берди. Мулоқот асносида БМТ ва бошқа халқаро ташкилотлар томонидан қабул қилинган конвенциялар, декларациялар ва бошқа ҳуқуқий ҳужжатларни ратификация қилиш жараёнида инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлаш масалаларининг нечоғлик муҳимлиги тўғрисида батафсил фикр юритилди.
Шунингдек, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази қонунчилик ҳужжатларида белгилаб берилган ваколатлари доирасида жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш орқали уларнинг ҳуқуқлари ва манфаатлари бузилишининг олдини олишда мунтазам асосда амалий ёрдам кўрсатиб келаётганлиги таъкидланди.
Миллий марказнинг Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълим ва маърифат бўлими етакчи мутахассиси Х.Абдурасулов БМТ Хотинқизларни камситишнинг барча шаклларига барҳам бериш тўғрисидаги конвенциясининг асосий мақсад ва вазифалари бўйича маълумот берди. Бунда аёлларнинг ижтимоий, сиёсий, иқтисодий ва маданий соҳаларда тенг ҳуқуқларини таъминлаш зарурлиги алоҳида қайд этилди.
Мамлакатимизда бу борадаги ислоҳотлар ва қабул қилинган дастурлар натижасида гендер тенгликни таъминлашга оид мустаҳкам қонунчилик базаси яратилганига эътибор қаратилди. Хотинқизларнинг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш, уларни тадбиркорлик ва раҳбарлик лавозимларига жалб этиш бўйича олиб борилаётган ишлар ҳақида ҳам батафсил маълумот берилди.
Миллий марказнинг Ахборот-ресурс мультимедиа бўлими бошлиғи Х.Мўминов Инсон ҳуқуқлари уйи негизида қисқа даврда инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро ва миллий ҳужжатлар, илмий тадқиқотлар, шарҳлар ва таҳлилий ҳисоботларнинг замонавий кутубхонаси шакллантирилгани ҳамда ривожлантирилаётганини маълум қилди.
Миллий марказда жорий қилинган инсон ҳуқуқлари соҳасида таълим олишга йўналтирилган электрон платформадан (http://ecourse.nhrc.uz:8084/) фойдаланиш ҳамда ушбу платформадаги ўқув курслари йўналишлари, электрон платформанинг имкониятлари, инсон ҳуқуқлари соҳасида билим ва кўникмаларни оширишдаги ўрни ва аҳамияти тўғрисида ҳам батафсил маълумот тақдим этилди.
Маҳорат дарси давомида иштирокчилар гендер тенглик масалаларига оид турли жиҳатларни ўрганишга қизиқиш билдирдилар. Гендер тенглик принципларини амалга оширишда ҳар бир фуқаронинг масъулияти ва роли муҳимлиги таъкидланди.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
- Қўшилди: 25.03.2025
- Кўришлар: 380
- Чоп этиш