Устоз журналист китоблари тақдимоти ўтказилди

Миллий матбуот марказида Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси томонидан уюшма аъзоси, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист Маматқул Ҳазратқуловнинг “Қирғоқсиз дарёлар” ва “Варақсиз дафтар” номли бадиий-публицистик асарлари тақдимоти бўлиб ўтди.

Маматқул Ҳазратқуловнинг “Варақсиз дафтар” бадиий-публицистик асарида  мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар самаралари талқин этилган бўлса, “Қирғоқсиз дарёлар” китобида адабиётимиз ва санъатимизнинг дарғалари ҳаёти ва ижоди, хулқининг ибратли жиҳатлари ҳақидаги эсселар ўрин олган.  

Тақдимот давомида Ўзбекистон халқ ёзувчиси, “Тафаккур” журнали бош муҳаррири Эркин Аъзам, “Халқ сўзи” ва “Народное слово” газеталари бош муҳаррири Ўткир Раҳмат, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими Насиба Иброҳимова, таниқли журналист Исмат Хушев ва бошқалар Маматқул Ҳазратқулов ижоди ҳақида ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди.  

Мазкур китоблар етук журналистнинг кўп йиллик тажрибаларини ўзида мужассам этгани билан ҳам қадрли. Ушбу китоблар  Ватанимиз тақдирига ва ўз шахсининг такомиллашишига  бефарқ бўлмаган кенг китобхонлар оммасига мўлжалланган. Айниқса, журналистика соҳасида фаолият юритаётган кишиларга ёхуд шу йўналишда таълим олаётган талабаларга бу китоблар яхшигина услубий қўлланма бўлиб хизмат қилади.

Н.Усмонова,

Носиржон Ҳайдаров (сурат),

ЎзА мухбири

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech