Бола ҳуқуқларини ҳимоя қилишда халқаро ҳамкорлик

2025 йил 27 март куни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси томонидан Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази ҳамда БМТ Болалар жамғармаси (ЮНИСЕФ)нинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси ҳамкорлигида семинар ўтказилди.

Семинарда Ўзбекистонда вояга етмаганлар ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишнинг муқобил чора-тадбирлари муҳокама қилинди.

Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари Мавлуда Хўжаева тадбирни кириш сўзи билан очиб, сўнгги йилларда мамлакатимизда болаларга ғамхўрлик қилиш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, болалар ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилишнинг институционал ва ҳуқуқий асосларини тубдан такомиллаштириш бўйича кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилаётганини таъкидлади.

Қайд этилганидек, бола ҳуқуқлари кафолатларини мустаҳкамлаш бўйича бир қатор норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди. Давлатимиз раҳбарининг “Бола ҳуқуқларининг кафолатларини таъминлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони билан Олий Мажлиснинг Бола ҳуқуқлари бўйича вакили (Болалар омбудсмани) институти таъсис этилди.

Янги таҳрирдаги Конституцияда ҳам боланинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш ҳамда ҳимоя қилиш, унинг жисмоний, ақлий ва маданий жиҳатдан тўлақонли ривожланиши учун шарт-шароитлар яратиш давлатнинг мажбурияти эканлиги алоҳида белгилаб қўйилди.

Семинарда ЮНИСЕФнинг болалар учун адолат бўйича халқаро эксперти, БМТнинг Бола ҳуқуқлари бўйича қўмитасининг собиқ раиси Рената Винтер бола ҳуқуқларини таъминлаш бўйича халқаро амалиёт ҳақида маълумотлар бериб ўтди.

Мамлакатимизда БМТнинг Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияси талабларини бажариш борасида кенг кўламдаги ишлар амалга оширилаётгани, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий стратегияси доирасида ҳам болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва рағбатлантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилаётгани таъкидланди.

Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенция қоидаларига асосан, Ўзбекистон Республикаси БМТнинг Бола ҳуқуқлари бўйича қўмитасига мазкур Конвенциянинг бажарилиши тўғрисида доимий равишда ҳисоботлар ҳам тақдим этиб бораётгани айтиб ўтилди.

Ушбу семинар болаларга ўз вақтида ва етарли ҳуқуқий ёрдам кўрсатишни таъминлаш масалалари бўйича халқаро тажрибаларни ўрганиш борасида, идоралараро ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, бу соҳадаги қонунчиликни такомиллаштириш борасида ўзаро фикр алмашиш учун муҳим майдон бўлиб хизмат қилишини қайд этдилар.

Шунингдек, болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасидаги қонунчиликни такомиллаштириш, қабул қилинган қонунларнинг ижросини назорат қилиш, бу борадаги халқаро стандартларни миллий қонунчиликка имплементация қилиш бўйича фикр-мулоҳазалар билдирилди.

Қизғин ва савол-жавобларга бой бўлган тадбирда боланинг ҳуқуқлари, эркинликлари, қонуний манфаатларини таъминлаш ва ҳимоя қилиш бўйича бир қатор таклиф ва тавсиялар берилиб, бу борадаги қонунчиликни мунтазам равишда халқаро ҳужжатлар билан уйғунлаштириб бориш, илғор хорижий тажрибаларни ўрганиш юзасидан амалий ҳамкорликни ривожлантиришга келишиб олинди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech

Sahifadagi xatolar bo`yicha manzil:

Matn xato bilan:

Sizning izoxingiz yoki to`g`ri versiya: