Бош қомусимиз — инсон ҳуқуқлари кафолати
Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 33 йиллиги мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётида алоҳида аҳамиятга эга тарихий сана сифатида нишонланмоқда. Мустақил давлатимиз пойдевори бўлган Бош қомусимиз ҳар бир фуқаронинг ҳуқуқ ва эркинликларини кафолатловчи, демократик қадриятларни мустаҳкамловчи, адолатли фуқаролик жамиятини барпо этишга қаратилган мукаммал ҳуқуқий ҳужжатдир.
1992 йил 8 декабрда қабул қилинган Конституция мамлакатимизда ҳуқуқий давлат қуришнинг бош йўналишларини белгилаб берди. У миллий давлатчилик анъаналари, замонавий демократик тамойиллар ҳамда инсон ҳуқуқларига оид халқаро стандартларнинг талаблари асосида ишлаб чиқилгани билан алоҳида аҳамиятга эга.
Сўнгги йиллардаги кенг кўламли ислоҳотлар натижасида Бош қомусимиз янги таҳрирда қабул қилиниб, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, фуқаролар турмуш даражасини юксалтириш ва давлатнинг жамият олдидаги масъулиятини ошириш борасида янги ҳуқуқий кафолатлар яратилди. Шу маънода, янгиланган Конституция «Инсон — жамият — давлат» тамойилига таянган Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегиясининг ҳуқуқий пойдеворига айланди. Конституциямизда инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари давлат томонидан энг олий қадрият сифатида эътироф этилган.
Унда фуқароларнинг:
-шахсий дахлсизлик;
-фикр, сўз ва эътиқод эркинлиги;
-меҳнат қилиш ва адолатли шароитларда иш ҳақи олиш;
-соғлиқни сақлаш, таълим ва ижтимоий ҳимояга доир кафолатлари;
-гендер тенглик;
-муносиб турмуш даражаси ва соф экологик муҳитда яшаш ҳуқуқи каби асосий ҳуқуқлари ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкам ифода этилган.
Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази мазкур ҳуқуқларнинг ҳаётда амалда тўла намоён бўлиши учун чора-тадбирлар тизимини ишлаб чиқиш, мониторинг юритиш ва аҳолининг ҳуқуқий маданиятини юксалтириш борасида изчил фаолият олиб бормоқда.
Конституция қабул қилинганининг 33 йиллиги мамлакатимизда ҳуқуқий маданиятни ошириш, фуқаролар онгида Бош қомусимизга ҳурмат ва садоқат туйғусини мустаҳкамлашда муҳим воқеадир. Бугунги кунда фуқароларнинг давлат бошқарувида иштирок этиш имкониятлари кенгайди, жамоатчилик назоратининг таъсири ортиб бормоқда. Бу эса Конституцияда ўз ифодасини топган демократия принципларининг амалиётда самарали татбиқ этилаётганини тасдиқлайди.
Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 33 йиллиги халқимизнинг сиёсий маданияти юксак эканлигини, демократик қадриятлар ва ҳуқуқий ислоҳотларнинг изчил давом этаётганини яна бир бор намоён этмоқда. Бош қомусимизда белгиланган нормалар — инсон ҳуқуқларининг барқарор таъминланиши, мамлакатимизда тинчлик, барқарорлик ва фаровонликни мустаҳкамлашга хизмат қилувчи асосий мезондир.
Ҳамид РАВШАНОВ,
Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон
Республикаси Миллий маркази
Ҳисоб-китоб бўлими бошлиғи
Ўзбекча
English
Русский