Давлат ташкилотлари ва ногиронлиги бўлган шахслар ташкилотларининг ижтимоий шериклиги

3 декабрь – Халқаро ногиронлиги бўлган шахслар куни муносабати билан пойтахтимизда БМТнинг Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенциясини амалга ошириш доирасида давлат ташкилотлари ва ногиронлиги бўлган шахслар ташкилотларининг ижтимоий шериклигига бағишланган давра суҳбати ўтказилди. Тадбир Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази томонидан БМТ Тараққиёт дастури в Ўзбекистон Ногиронлар ассоциацияси билан ҳамкорликда ташкил этилди.

Давра суҳбати бошида Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидов, БМТ Тараққиёт дастурининг Ўзбекистондаги доимий ваколатхонаси раҳбари Акикo Фужии, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги Ногиронлиги бўлган шахсларнинг функционаллигини баҳолаш бошқармаси бошлиғи Мирзабек Ниязов ва Ўзбекистон Ногиронлар ассоциацияси раҳбари Ойбек Исаков сўзга чиқди.

Тадбирнинг асосий эътибор Ўзбекистон ратификация қилган БМТнинг Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияси талабларини амалга оширишда давлат ва фуқаролик жамиятининг ўзаро ҳамкорлиги ва ижтимоий шериклигининг муҳимлигига қаратилди. Бу борадаги амалий механизмлар атрофлича муҳокама қилинди.

Сўзга чиққанлар таъкидлаганларидек, Ўзбекистон томонидан 2021 йилда БМТнинг Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияси ратификация қилингани ва 2020 йилда “Ногиронлиги бўлган шахслар ҳуқуқлари тўғрисида”ги қонун қабул қилингани мамлакатимизнинг ижтимоий сиёсатида ногиронлиги бўлган фуқароларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва қонуний манфаатларини таъминлаш масалаларига устувор аҳамият қаратилаётганини яна бир бор тасдиқлайди. Ушбу давомийлик ва изчиллик тамойилларига қатъий амал қилиниши Ўзбекистонда инклюзив жамият қуриш, ногиронлиги бўлган шахслар учун тенг имкониятларни яратиш ва уларнинг жамият ҳаётидаги фаол иштирокини қўллаб-қувватлаш борасидаги давлат сиёсатининг қатъий ва ўзгармас эканлигидан далолат беради.

Ушбу давра суҳбати айнан 3 декабрь – Халқаро ногиронлиги бўлган шахслар кунида ташкил этилгани ҳам мамлакатимизнинг ижтимоий сиёсатида ногиронлиги бўлган фуқароларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва қонуний манфаатларини таъминлаш масалаларига устувор аҳамият қаратилаётганининг ўзига хос ифодасидир. Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро мажбуриятларнинг бажарилишида инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлар, жумладан Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази, Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ҳамда нодавлат нотижорат ташкилотлари, жумладан, Ўзбекистон Ногиронлар ассоциацияси ва Ўзбекистон Ногиронлар жамияти ўртасидаги ҳамкорлик муҳим ўрин тутади.

Янги Ўзбекистоннинг «Инсон қадри учун» тамойилига асосланган сиёсати ногиронлиги бўлган шахсларнинг тўлақонли ҳаётини таъминлашга қаратилган. Қабул қилинган қонун ва қарорларнинг ҳар бир туман, шаҳар ва маҳалла даражасида сўзсиз, очиқ амалга оширилиши – ногиронлиги бўлган шахслар учун барча шарт-шароитлар таъминлашнинг муҳим шартидир.

Давра суҳбатида давлат органлари ходимлари, ногиронлиги бўлган шахсларнинг жамоат ташкилотлари ва фуқаролик жамияти институтлари вакиллари ва халқаро экспертлар қатнашди. Иштирокчилар ушбу жонли мулоқот Ўзбекистонда БМТ Конвенцияси амалга оширилишини янада жадаллаштиришга, ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқларини самарали ҳимоя қилишга ва уларнинг жамият ҳаётида тўлиқ иштироки учун шароит яратишга қаратилган яна бир муҳим қадам бўлганини эътироф этдилар.

Тадбир доирасида “Инклюзив жамият сари” мавзусида видеороликлар танлови бўйича ғолиблар эсдалик совғалари билан тақдирланди.

 

Инсон ҳуқуқлари бўйича

Ўзбекистон Республикаси

Миллий марказининг

матбуот хизмати

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech