Ўзбекистон Президентининг Учинчи Ренессанс ғояси талқин этилган китоб тақдимоти
Покистонлик ёзувчи ва журналист Муҳаммад Аббос Хоннинг урду тилида ёзилган “Ўзбекистон: Учинчи Ренессанс — тараққиёт концепти” номли китобида Президент Шавкат Мирзиёев илгари сурган Учинчи Ренессанс ғоясининг мазмун-моҳияти бадиий-публицистик руҳда очиб берилган. Покистонлик сиёсатчи ва илмий экспертларнинг фикрича, ушбу асар ва унда кўтарилган фикр ҳамда талқинлар нафақат Покистонда, балки Европа ва бошқа мамлакатларда ҳам юқори баҳоланмоқда. Китобга Покистон Бош вазири Муҳаммад Шаҳбоз Шариф ҳам сўзбоши ёзиб, унда асарнинг башарият тамаддуни истиқболини англашдаги илмий-мушоҳадавий аҳамиятини алоҳида таъкидлаган.
11 декабрь куни Ўзбекистон Миллий кутубхонаси “Маърифат маркази”нинг анжуманлар залида бўлиб ўтган мазкур китоб тақдимотида шу ҳақда сўз борди.
Тадбирда Покистон Президентининг Ахборот масалалари бўйича маслаҳатчиси, матбуот котиби М.Соланги, Покистон Бош вазирининг савдо масалалари бўйича координатори Р.Иҳсан, Покистон телерадиокомпаниясининг Янгиликлар бўлими катта муҳаррири, сиёсий таҳлилчиси Х.Фархана ва бошқа юқори мартабали шахслар, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси, вазирликлар, идоралар, мамлакатимизда фаолият кўрсатиб келаётган дипломатик корпус ҳамда нодавлат нотижорат ташкилотлари, оммавий ахборот воситалари ходимлари, ижодкорлар иштирок этди.
Сўзга чиққанлар асарнинг амалдаги ислоҳотларга уйғунлиги, мамлакатда кечаётган ижобий эврилишлар, Ўзбекистон ва Покистон ўртасидаги муштарак ғоя ҳамда бирдамлик руҳини алоҳида таъкидлади. Муаллиф концепциянинг маърифат, тинчлик, мулоқот ва инсониятни ҳамкорликка чорловчи юксак қадриятларга таянган ҳолда қандай глобал ўзгаришлар фалсафасини ифодалашини чуқур ёритади. Китоб бадиий-публицистика жанрида ёзилган.
Китобнинг бошида “Янги давр тасодифан шаклланмайди. У, аввало, шууримизда уйғониб, ҳаётимизда намоён бўлади”, деган фикрларга алоҳида урғу берилган. Президент Шавкат Мирзиёевнинг “Хайрли иш яхши ниятдан бошланади”, деган сўзлари муаллиф томонидан “Чин маънодаги ўзгаришлар инсоннинг эзгулик ва адолатга хизмат қилиш истагидан бошланади”, деб талқин этилган ҳамда китобнинг фалсафий асосини ташкил этган.
Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори академик Акмал Саидов янги ва муҳташам китоб ҳақида фикр-мулоҳазаларини билдирар экан, покистонлик адиб Ўзбекистон Президенти илгари сурган Учинчи Ренессанс ғоясини асар мағзига сингдириб юборгани бежиз эмаслигини таъкидлади. Таниқли ўзбек ҳуқуқшунос олимининг фикрича, ушбу тараққийпарвар ғоя негизида Ўзбекистон лидерининг, жумладан: "Агар жамият ҳаётининг танаси иқтисодиёт бўлса, унинг жони ва руҳи маънавиятдир. Биз янги Ўзбекистонни барпо этишга қарор қилган эканмиз, иккита мустаҳкам устунга таянамиз. Биринчиси – бозор тамойилларига асосланган кучли иқтисодиёт. Иккинчиси – аждодларимизнинг бой мероси ва миллий қадриятларга асосланган кучли маънавият", деган асосли фикрлари ўз мужассамини топган.
Шонли тарих шоҳидки, IХ-ХII асрларда минтақамизда юз берган ва "Мусулмон Ренессанси" деб номланган Биринчи Шарқ Уйғониш даврида ҳам, бутун дунёда "Темурийлар даври Ренессанси" дея эътироф этилган ХIV-ХVI асрлардаги Иккинчи Шарқ Уйғониш даврида ҳам жамиятда эътиқод – мустаҳкам, маънавият – кучли, инсонлар дунёқарашида маънавият – устувор, давлатчилик тузумида маънавият ва маърифат – етакчи бўлган.
Шарқнинг бутун инсоният тарихидаги нодир ижтимоий ҳодиса бўлган ҳар икки Ренессанси буюк аждодларимизнинг илм-маърифат ва кучли эътиқод, диний бағрикенглик ва инсонпарварлик борасидаги эзгу ғоялари билан йўғрилган эди. Бу ғоялар бизнинг давримизда, Ўзбекистон мустақиллиги йилларида алоҳида, янада теран маъно-мазмун касб этиб бормоқда.
Ҳар икки Ренессанс даврида илму ижод билан машғул бўлган буюк аждодларимиз ва улуғ алломаларимиз ўзларининг юксак маънавияти, собит эътиқоди, ҳавас қилса арзигулик миллий ғурур ва фахр-ифтихор туйғулари, миллий ҳамда умуминсоний қадриятларга йўғрилган гўзал ва ноёб фазилатлари билан алоҳида ажралиб туришган.
Севимли шоиримиз Абдулла Ориповнинг машҳур "Ўзбекистон" қасидасида эътироф этилганидек:
"Темур тиғи етмаган жойни
Қалам билан олди Алишер".
"Темурийлар даври Ренессанси"нинг ёрқин намояндаси бўлмиш улуғ шоир ва мутафаккир аждодимиз Алишер Навоийнинг олиймақом маънавияти юртимиз асрлар оша тараққий топиши ҳамда миллатимиз қадр-қиммати олам аро юксалиши борасида буюк Соҳибқирон Амир Темур бобомизнинг моҳирона давлатчилик фаолияти ва ҳарбий жасоратидан сира кам бўлмаган даражада улуғвор ўрин тутади.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида Янги Ўзбекистонни бунёд этишга қаратилган барча эзгу саъй-ҳаракатлар самараси сифатида юзага чиқадиган Маънавий-маърифий Уйғониш халқимиз, жамиятимиз, давлатимиз бунёд этишга киришган Учинчи Ренессанс учун мустаҳкам пойдевор бўлиб хизмат қилади. Янада аниқ қилиб айтганда, ҳар қандай Ренессанснинг муҳим асосини Маънавий-маърифий Уйғониш ташкил этади, деди пировардида академик А. Саидов.
Маълумот учун: покистонлик ёзувчи ва журналист Муҳаммад Аббос Хоннинг “Ўзбекистон: Учинчи Ренессанс — тараққиёт концепти” китоби ўзбек тилида ҳам нашр этилди.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
Ўзбекча
English
Русский