Ўзбекистон Хотин-қизлар мақоми бўйича комиссиянинг юбилей сессиясида иштирок этмоқда
2026 йил 9 март куни БМТнинг Нью-Йоркдаги бош қароргоҳида Хотин-қизлар мақоми бўйича комиссиянинг (CSW70) 70-юбилей сессияси ўз ишини бошлади. Бу йил жаҳон ҳамжамияти диққат марказида хотин-қизларнинг одил судловдан фойдаланиш имкониятларини мустаҳкамлаш масаласи турибди.
Тадбирнинг тантанали қисмида БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш, “БМТ-аёллар” тузилмаси ижрочи директори Сима Бахус, CSW70 раиси М.Валверде ҳамда фуқаролик жамияти вакиллари сўзга чиқдилар.
БМТ Хотин-қизлар мақоми бўйича комиссиясининг юбилей сессиясида Ўзбекистон делегацияси иштирок этмоқда. Делегациямиз таркиби – сенатор Гулнора Маъруфова, Олий суд раиси ўринбосари Малика Қаландарова, Оила ва хотин-қизлар қўмитаси раиси ўринбосари Мукаррам Нурматова, Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий марказ директори ўринбосари Дилноза Муратовадан иборат.
Сессияни очар экан, БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш камситувчи ҳуқуқий тизимларни йўқ қилиш ўта муҳим эканини таъкидлади. БМТ маълумотларига кўра, 2026 йилда ҳам аёллар эркакларга берилган қонуний ҳуқуқларнинг атиги 64 фоизига эгадир. Бош котиб ҳукуматларни бу соҳадаги ислоҳотларни жадаллаштиришга чақириб, ҳозирги суръатлар билан тўлиқ тенгликка фақат ярим асрдан сўнг эришиш мумкинлигини қайд этди.
“БМТ-аёллар” тузилмаси ижрочи директори Сима Бахус “жабрланувчиларга йўналтирилган одил судлов” тизимини яратишга эътибор қаратди. У ихтисослаштирилган судларни ташкил этишга ва онлайн зўравонликдан ҳимоя қилувчи рақамли воситаларни жорий этишга даъват қилди.
Сессиянинг биринчи куни икки ҳафталик муҳокамаларга замин яратди. Делегатларнинг асосий хулосаси бир овоздан қабул қилинди, яъни: сиёсий ирода ва ҳуқуқий ислоҳотларни давлат томонидан тўғридан-тўғри молиялаштирмасдан туриб, тараққиётга эришиб бўлмайди.
Биринчи кун ниҳоясида “Инклюзив ва адолатли ҳуқуқий тизимларни яратишга кўмаклашиш, камситувчи қонунлар, сиёсат ва амалиётларни бартараф этиш ҳамда тизимли тўсиқларни йўқ қилиш орқали барча хотин-қизларнинг одил судловдан фойдаланишини таъминлаш ва унинг имкониятларини кенгайтириш” номли якуний ҳужжат қабул қилинди.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
Ўзбекча
English
Русский