Инсон ҳуқуқлари соҳасида халқаро ҳамкорликни ривожлантириш йўлида
Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидов 26 май куни Россия Ташқи ишлар вазирлигининг Москва давлат халқаро муносабатлар институтида ташкил этилган давра суҳбатида XXI асрда инсон ҳуқуқлари мавзусида сўзга чиқди.
Ушбу тадбир “Инсон ҳуқуқлари тўғрисидаги халқаро пактларнинг 60 йиллигига ва Ривожланиш ҳуқуқи тўғрисидаги декларациянинг 40 йиллигига: эволюция, аҳамият ва истиқболлар” мавзусига бағишланди. У халқаро ҳуқуқ соҳасидаги етакчи мутахассислар, илмий доиралар, халқаро ташкилотлар ва тегишли давлат тузилмалари вакилларини бирлаштирди.
БМТнинг Инсон ҳуқуқлари қўмитаси аъзоси, академик А. Саидов “XXI асрда инсон ҳуқуқлари: халқаро пактлар ва ривожланиш ҳуқуқи: замонавий таҳдидлар” номли маърузасида инсон ҳуқуқлари тўғрисидаги халқаро пактлар инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишнинг универсал тизими учун фундаментал асос бўлиб қолаётганини, ривожланиш ҳуқуқи эса замонавий глобал таҳдидлар шароитида тобора муҳим аҳамият касб этаётганини таъкидлади. Халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш, инсон ҳуқуқлари бўйича кун тартибини сиёсийлаштиришга йўл қўймаслик, тенг ҳуқуқли ва адолатли халқаро мулоқотни таъминлаш, шунингдек, инсон ҳуқуқлари, барқарор тараққиёт ҳамда халқаро бирдамлик тамойилларининг ўзаро боғлиқлигига алоҳида урғу берилди.
Давра суҳбати чоғида инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро стандартлар эволюциясининг замонавий тенденциялари, ҳозирги халқаро муносабатларда инсон ҳуқуқлари тўғрисидаги халқаро пактларнинг аҳамияти ҳақида фикр юритилди. Шунингдек, Ривожланиш ҳуқуқи тўғрисидаги декларациянинг адолат, тенг ҳуқуқлилик ва халқаро ҳамкорлик принципларини мустаҳкамлашдаги ўрни кўриб чиқилди.
Қатнашчилар инсон ҳуқуқларини таъминлаш соҳасидаги замонавий хатарларга, халқаро-ҳуқуқий механизмларнинг умумбашарий хусусиятини мустаҳкамлаш, инсон ҳуқуқлари муаммоларини сиёсийлаштиришга йўл қўймаслик ва ўзаро манфаатли халқаро мулоқотни ривожлантириш заруратига алоҳида эътибор қаратдилар.
Давра суҳбати якунида иштирокчилар халқаро ҳамкорликни янада ривожлантириш, экспертлар ва илмий доиралар ўртасидаги ҳамкорликни кенгайтириш ҳамда инсон ҳуқуқларини таъминлаш ва ҳимоя қилишда умумбашарий халқаро-ҳуқуқий механизмларнинг ролини кучайтириш лозимлигини таъкидладилар.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
Ўзбекча
English
Русский