Янги Ўзбекистон: “давлат – халқ учун” тамойили амалда

23 июнь – БМТнинг Давлат хизмати куни

 

Ҳар йили 23 июнда БМТнинг Давлат хизмати куни бутун дунёда кенг нишонланади. Мазкур сана БМТ Бош Ассамблеясининг 2002 йил 20 декабрдаги 57/277-резолюцияси билан таъсис этилган.

Бундай муҳим қарор замирида жамият ривожига улкан ҳисса қўшаётган давлат хизматчиларининг меҳнатини мунтазам равишда қадрлаш, уларнинг касбий обрўсини ошириш, соҳада инновацияларни рағбатлантириш ва ёшларни давлат бошқаруви тизимида ишлашга жалб этишдек эзгу ниятлар мужассамдир. Ушбу халқаро сананинг таъсис этилиши бир қатор мақсадлар ижобатига қаратилган. Бу ўринда, хусусан:

биринчидан, хизматни қадрлаш: давлат хизматчиларининг жамият манфаатлари йўлидаги фидокорона ва масъулиятли меҳнатини эътироф этиш;

иккинчидан, инновацияларни рағбатлантириш: давлат бошқаруви тизимида замонавий технологияларни жорий этиш, шаффофлик ва аҳолига хизмат кўрсатиш сифатини ошириш.

учинчидан, айни соҳага ёшларни жалб қилиш: иқтидорли, янгича фикрлайдиган ёш кадрларни давлат секторига йўналтириш, уларнинг салоҳиятини рўёбга чиқаришга замин яратиш ҳақида сўз бормоқда.

Бундан ташқари, ушбу сананинг белгиланиши давлат хизматининг жамият учун нақадар қадрлилигидан ёрқин далолат бўлиб, тараққиёт жараёнига унинг муҳим ҳиссаси борлигини тасдиқлайди.

Айни сана муносабати билан ҳар йили БМТ шафелигида глобал форумлар ўтказилади. Анжуманларда давлат органларининг самарадорлигини ошириш, коррупцияга қарши курашиш ҳамда Барқарор ривожланиш мақсадларига (БРМ) эришиш йўлида илғор тажрибалар алмашилади.

Бу сана давлат хизматчилари фаолиятининг муносиб эътирофи ва ёшларни давлат секторида мансаб пиллапояларидан юксалишга рағбатлантиришнинг ўзига хос воситаси ҳамдир. Худди шу санада барча мамлакатларда давлат бошқаруви тизимининг янада ҳозиржавоблиги ва самарадорлигини оширишга муносиб ҳисса қўшган давлат хизматчилари ва давлат муассасалари ходимлари БМТнинг 2003 йилда жорий этилган “Давлат хизматини ривожлантиришдаги ҳиссаси учун” мукофоти билан тақдирланади.

Ушбу мукофот бир неча тоифа, хусусан:

  • давлат хизматларининг очиқлиги, ҳисобдорлиги ва ҳозиржавоблигини ошириш;

  • давлат хизматлари кўрсатиш тизимини такомиллаштириш;

  • инновация механизмлари негизида ҳал қилувчи қарорлар қабул қилиш жараёнидаги фаол иштирокни рағбатлантириш; 

  • давлат бошқаруви соҳасида тажриба алмашишга кўмаклашиш каби йўналишлар бўйича тақдим этилади.

БМТ мукофоти БМТнинг Иқтисодий ва ижтимоий масалалар департаменти (UN DESA) томонидан ҳар йили ташкил этиладиган БМТ Давлат хизмати форумида тантанали равишда топширилади. БМТ Давлат хизмати форуми – давлат бошқаруви соҳасидаги салоҳиятни ривожлантиришга қаратилган глобал анжумандир.

Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, 2025 йили бўлиб ўтган  БМТ Давлат хизмати форуми айнан 23 июнь – БМТнинг Давлат хизмати куни юртимиз заминида, Самарқанд шаҳрида тантанали очилди. Бундан роппа-роса бир йил аввал Янги Ўзбекистонда ўтказилган БМТ Форуми «2030 йилгача беш йил: Барқарор келажак учун давлат хизматларини кўрсатишни жадаллаштириш» мавзусига бағишланди.

Форум БМТнинг Иқтисодий ва ижтимоий масалалар департаменти ва Ўзбекистон ҳукумати ҳамкорлигида ташкил этилди. Президент Шавкат Мирзиёевнинг БМТ Давлат хизмати форуми иштирокчиларига табригида таъкидланганидек, “Бугунги кунда давлат бошқарувида рақамли трансформацияни рағбатлантириш, давлат хизматларини кўрсатишнинг инновацион ечимларини қўллаш, давлат сектори институтларида самарадорликни кескин ошириш, лидерлик бошқарув услубини ривожлантириш, узлуксиз таълим олишни кенгайтириш ва бўлажак раҳбарлар учун зарур кўникмаларни белгилаш бўйича илғор тажриба алмашиш ҳар қачонгидан ҳам долзарб аҳамиятга эгадир”.

Давлатимиз раҳбари табригида Янги Ўзбекистонда давлат хизмати соҳасида эришилган бир қатор ютуқлар қайд этилди. Хусусан:

  • сўнгги йилларда давлат хизматини чинакамига инклюзив халқ хизматига айлантириш бўйича тизимли ислоҳотларни олиб борилмоқда. Жумладан, халқаро экспертлар билан биргаликда “Давлат фуқаролик хизмати” тўғрисидаги қонун тайёрланди ва 2022 йилда қабул қилинди;

  • ислоҳотларнинг ҳар бир хонадонга қадар кириб бориши учун “маҳаллабай” ишлаш тизими йўлга қўйилди, манзилли кўмак ва ижтимоий ҳимоя институти кучайтирилди;

  • хотин-қизларнинг давлат бошқарувидаги улуши 35 фоизга етиб, мамлакатимиз бу борада минтақада етакчи ўринни эгаллади;

  • хизматлар электронлаштирилаётгани соҳага мансуб муҳим ютуқлардан бўлиб, 700 дан зиёд давлат хизматлари “ягона дарча” тамойили асосида онлайн платформалар орқали амалга оширилмоқда;

  • давлат хизмати ва бошқаруви жараёнларини тўлиқ рақамлаштириш натижасида Ўзбекистон БМТнинг электрон ҳукуматлар ривожланиш даражаси бўйича глобал рейтингида 24 поғонага, Сунъий интеллектга тайёрлик бўйича халқаро индексда бир йилда 17 поғонага кўтарилди;

  • давлат фуқаролик хизматини янги ёндашувлар асосида ташкил этиш мақсадида замон талабларига мос иқтидорли мутахассисларни жалб қилиш ва профессионал давлат хизматчилари корпусини шакллантириш бўйича кадрлар тайёрлаш кластери ташкил этилди;

  • институционал салоҳиятни ошириш ва инсон капиталига сармоя киритишга кўмаклашиш учун халқаро тажриба асосида эндаумент имкониятларидан фойдаланиш йўлга қўйилмоқда.

Яна бир муҳим ютуқ: мазкур Форум арафасида, 2025 йил 19 июнда Ўзбекистон Республикаси Президенти «Давлат фуқаролик хизматини янги ёндашувлар асосида ташкил этиш ҳамда профессионал ва натижадорликка йўналтирилган давлат хизматчилари корпусини шакллантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонини имзолагани эътиборга сазовор.

Фармонга кўра, жумладан, давлат ташкилотидаги инсон ресурсларини ривожлантириш ва бошқариш бўлинмалари раҳбарлари кадрлар сиёсати бўйича раҳбарнинг маслаҳатчиси мақомига эга бўлди. Улар давлат хизматини ривожлантириш агентлиги ёки унинг филиаллари билан келишилган ҳолда лавозимга тайинланади ва лавозимидан озод этилади.

Шунингдек, 2025 йил 1 сентябрдан бошлаб давлат хизматчилари ўртасида мулоқотни кучайтиришни назарда тутувчи «Давлат хизматчиси» мобил иловаси ишга туширилди. Унда ходим тўғрисидаги маълумотлар, боғланиш учун телефон рақами, почтаси ва ижтимоий тармоқлардаги саҳифалари ҳақидаги ахборотларни назарда тутувчи маълумотлар базаси яратилди.

БМТ томонидан 23 июнь – БМТнинг Давлат хизмати куни деб эълон қилинганлиги ҳамда ушбу кунда давлат хизмати аҳамиятини ёритишга оид махсус тадбирлар ташкил қилишга чақирилганлиги муносабати билан ҳар йили ҳар бир вазирлик ва идораларда давлат хизматчиларининг оила аъзолари учун «оила куни» тадбирлари ташкил этилмоқда.

Кейинги йилларда давлат хизматчиларининг мақоми, ҳуқуқ ва мажбуриятлари ҳамда коррупцияга қарши курашиш механизмларини аниқ белгилашга қаратилган ҳуқуқий ҳамда институционал янгиланишлар соҳага изчил татбиқ этилмоқда. Бу борада махсус орган – Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги (ARGOS) тузилиб, кадрларни селекция қилиш ва уларнинг касбий ўсишини таъминлаш тизими йўлга қўйилгани бунга яққол мисолдир.

Янги тизим жорий этилди. Бу ўринда 2026 йил 1 январдан бошлаб давлат хизматига биринчи марта кираётганлар учун 1 йиллик синов шартномаси ва мажбурий малака ошириш курслари тизими иш бошлагани ҳақида сўз бормоқда.

Тизимда инсон омили камайтирилишига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Айниқса, хизматларнинг рақамлашиши натижасида бюрократия ва навбат кутишлар кескин камайди, бу эса Ўзбекистоннинг БМТ Электрон ҳукумат рейтингида сезиларли даражада юқорилашига хизмат қилди.

Очиқлик ва меритократия, яъни адолатли танлов тамойиллари алоҳида диққат марказида турибди. Масалан, давлат идораларидаги бўш лавозимларга ишга қабул қилиш vacancy.argos.uz портали орқали фақат очиқ ва шаффоф танловлар (конкурс) асосида амалга оширилмоқда.

Шундай қилиб, Президентимиз таъбири билан айтганда, дунёга тобора очилаётган, жадал ислоҳотлар йўлидан бораётган ва илғор халқаро тажрибани кенг татбиқ этаётган, “давлат – халқ учун” тамойилига қатъий амал қилиб келаётган Янги Ўзбекистон давлат хизмати соҳасида глобал ўзгаришларнинг ажралмас бир қисмига айланмоқда.

 

Ғулом МИРЗО

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech