Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро стандартлар ва қамоқда сақлаш жойларини бошқариш: уч кунлик тренинг

22 июнь куни пойтахтимиздаги Инсон ҳуқуқлари уйида «Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро стандартлар ва қамоқда сақлаш жойларини бошқаришнинг илғор амалиёти» мавзусида уч кунлик тренинг бошланди.

Тадбир Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази, ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги лойиҳалари мувофиқлаштирувчиси ва Ички ишлар вазирлигининг қўшма лойиҳаси ҳамда 2025–2026 йилларга мўлжалланган ЕХҲТ лойиҳаларини Ўзбекистон Республикасида амалга ошириш бўйича тасдиқланган «Йўл харитаси» доирасида ҳамда Буюк Британиянинг Метрополитан полицияси идораси кўмагида ташкил этилмоқда.

Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки,  ушбу тренинг Метрополитан полицияси вакилларининг фаол қўллаб-қувватлаши ва бевосита иштирокида бўлиб ўтмоқда. Метрополитан полицияси — Буюк Британиянинг Катта Лондон ҳудудидаги полиция хизмати бўлиб, мамлакатдаги энг йирик полиция бўлинмаси ҳисобланади ва Лондонда ҳуқуқ-тартиботни сақлаш учун масъулдир.

Метрополитан полицияси бош қароргоҳи Лондондаги Нью-Скотленд-Ярдда жойлашган. Метрополитан полицияси 1829 йилда сер Роберт Пил томонидан ташкил этилган ва унинг таркибида Ушбу хизмат Лондонда жамоат тартибини сақлаш билан бир қаторда, терроризмга қарши кураш ва қирол оиласи аъзоларини қўриқлаш каби бир қатор умуммиллий вазифаларни ҳам бажаради.

40 мингдан ортиқ ходим фаолият юритади.

Инсон ҳуқуқлари уйида бошланган тренингда асосий эътибор тергов ҳибсхоналарида фаолият юритаётган ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимларининг қийноқлар олдини олиш ва инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро стандартларга риоя этиш соҳасидаги салоҳиятини оширишга қаратилаётир.

Тадбирнинг очилишида Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори, академик Акмал Саидов, ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги лойиҳалари мувофиқлаштирувчиси офисининг лойиҳалар бўйича халқаро маслаҳатчиси Эндрю Юрковский, Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Тергов департаменти бошлиғининг биринчи ўринбосари Мансур Сатторов, БМТнинг Қийноқлар олдини олиш бўйича қуйи қўмитаси раиси ўринбосари ва мазкур қўмита аъзоси, Тараққиёт ва адолат халқаро маркази раиси Элина Штайнарте сўзга чиқди.

Акмал Саидов қийноқлар ва шафқатсиз муносабатни тақиқлаш инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро шартномаларда ҳамда миллий қонунчиликда эътироф этилган асосий ҳуқуқ эканлигини қайд этди. Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясида қийноқ ҳар қандай шароитда ва истисносиз тақиқланганлигини таъкидлади.

Сўнгги беш йил ичида Миллий марказ ва ЕХҲТ томонидан қийноқларга қарши кураш бўйича 15 та ўқув семинар ва тренинг ўтказилди, шунингдек, 2025–2026 йилларда мамлакатнинг бир қатор ҳудудларида тегишли ўқув курслари ташкил этилди. А. Саидов уқтирганидек, Нельсон Мандела қоидалари миллий қонунчиликка изчил жорий этилмоқда, маҳкумлар ҳуқуқлари доираси кенгайтирилиб, эҳтиёт чорасини қўллаш ва қамоқда сақлаш муддатлари қисқартирилмоқда.

Очилиш маросимида ЕХҲТ халқаро маслаҳатчиси Э. Юрковский, Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Тергов департаменти бошлиғининг биринчи ўринбосари Мансур Сатторов, БМТ қуйи қўмитаси вакили Э.Штайнарте ҳам қийноқларнинг олдини олиш соҳасидаги халқаро ҳамкорликнинг аҳамиятига юқори баҳо бердилар. Шу маънода, мазкур тренингни бевосита амалиётда фаолият юритаётган ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари учун ўтказилишининг долзарблиги алоҳида эътироф этилди.

Тренингнинг биринчи куни қамоқда сақланаётган шахслар ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг халқаро стандартлари ва кафолатларига бағишланди. Иштирокчилар қийноқлар ва шафқатсиз муомаланинг олдини олишнинг халқаро-ҳуқуқий ва миллий норматив асослари — БМТнинг Қийноқларга қарши конвенцияси, унга Факультатив протокол ва қамоқда сақланаётган шахсларни ҳимоя қилишнинг асосий кафолатлари билан танишдилар.

Ушбу масалаларни Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази Халқаро ҳамкорлик бўлими бошлиғи Иқболбек Абдумажидов ҳамда қамоқхона ислоҳоти ва инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро маслаҳатчи, Халқаро пенитенциар жамғарма вакили Азамат Шамбилов ёритиб берди.

Буюк Британиянинг Метрополитан полицияси вакиллари Филип Майкл Эндрюс ва Жон Нортон Дантурн қамоқда сақлаш ва вақтинчалик ушлаб туриш жойларига оид инсон ҳуқуқлари стандартларини, ушлаб турилган пайтдан бошлаб амал қиладиган асосий ҳимоя чоралари — адвокатдан фойдаланиш, тиббий ёрдам, қариндошларни хабардор қилиш, рўйхатга олиш ва ҳужжатлаштиришни, шунингдек қамоқда сақлаш шароитларини бошқариш ва ҳисобдорлик механизмларини тақдим этди.

Кун якунида қийноқлар ва шафқатсиз муомала қўлланилишининг хавф омиллари бўйича интерактив муҳокама ўтказилиб, амалий кейслар таҳлил қилинди.

 

Инсон ҳуқуқлари бўйича

Ўзбекистон Республикаси

Миллий марказининг

 матбуот хизмати

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech