ЖУРНАЛНИНГ ЯНГИ СОНИ ИНСОН ҲУҚУҚЛАРИ ТЎҒРИСИДАГИ ХАЛҚАРО ПАКТЛАРНИНГ 60 ЙИЛЛИГИГА БАҒИШЛАНДИ

Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази муассислигидаги “Демократлаштириш ва инсон ҳуқуқлари” журналининг навбатдаги сони нашрдан чиқди. Журналнинг ушбу сони Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги ҳамда Иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пактлар қабул қилинганининг 60 йиллигига бағишланди.

Инсон ҳуқуқлари тўғрисидаги иккала халқаро пакт ҳам БМТ Бош Ассамблеяси томонидан айни бир санада – 1966 йил 16 декабрда қабул қилинган. Аммо уларнинг амалиётга жорий қилиниши учун қарийб 10 йил вақт талаб этилган. Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пакт 1976 йил 23 мартдан, Иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пакт 1976 йил 3 январдан бошлаб кучга кирган.

Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пакт муқаддима, 6 қисм ва 53 моддадан иборат. Унда инсоннинг асосий ҳуқуқлари, жумладан, яшаш ҳуқуқи, фикр, виждон ва дин эркинлиги, шахсий дахлсизлик ҳамда сайлов ҳуқуқлари кабилар мустаҳкамланган. Жумладан, ушбу пактнинг 26-моддасида: “Барча кишилар қонун олдида тенгдирлар ва ҳеч бир камситишсиз қонун орқали тенг ҳимоя қилиниш ҳуқуқига эгадирлар”, – дея белгиланган.

Ҳозирда жаҳоннинг 175 та давлати Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пактга аъзо ҳисобланади.

Ушбу пактнинг иккита Факультатив баённомаси мавжуд. Биринчиси 1966 йил 16 декабрда, иккинчиси эса 1989 йил 15 декабрда БМТ Бош Ассамблеяси томонидан қабул қилинган.

Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пактнинг биринчи Факультатив баённомаси 14 та моддадан иборат бўлиб, унда ушбу ҳужжатга аъзо мамлакатлар фуқаролари томонидан БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича қўмитасига ўз ҳуқуқлари тикланишини сўраб, шикоят йўлланиши тартиби белгиланган. Қўмита ўзининг ёпиқ мажлисларида алоҳида шахслардан ва манфаатдор давлатлардан келган ёзма ахборотни кўриб, ўз фикр-мулоҳазасини ишлаб чиқади ҳамда уни алоҳида шахсларга ёки давлатларга юборади. Бу соҳада қилинган ишлар бўйича мухтасар ахборот ҳар йили Бош Ассамблеяга Иқтисодий ва ижтимоий кенгаш маърузаси орқали юборилади. Ушбу Факультатив баённомага 116 та давлат қўшилган.

Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пактнинг иккинчи Факультатив баённомаси муқаддима ва 11 та моддадан иборат бўлиб, унда ўлим жазосидан воз кечиш кўзда тутилган. Яъни ушбу ҳужжатга аъзо бўлган давлатлар ўз қонунчилигида ва амалиётда ўлим жазосини қўллашдан воз кечишлари шарт. Ҳозиргача 92 та давлат ушбу Факультатив баённомага қўшилган.

Аъзо давлатларнинг Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пактга ҳамда унинг Факультатив баённомаларига риоя этиши БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича қўмитаси томонидан мониторинг қилинади.

Иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пакт муқаддима, 5 қисм ва 31 моддадан ташкил топган. Унда адолатли шароитда меҳнат қилиш, касаба уюшмалари ташкил этиш, ижтимоий суғурта, малакали тиббий хизматдан фойдаланиш, маданий ҳаётда иштирок этиш каби инсоннинг асосий ҳуқуқлари мустаҳкамланган. Масалан, пактнинг 10- моддасида оила давлат ва жамият муҳофазасида бўлиши зарурлиги, айниқса, ёш оилаларга ҳар томонлама кўмак кўрсатиш кераклиги, никоҳ никоҳланувчиларнинг эркин розилиги асосида тузилиши шартлиги белгиланган. Бугунги кунда 173 та давлат Иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пактга аъзо бўлган.

2008 йил 10 декабрда БМТнинг Бош Ассамблеяси томонидан Иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пактга доир Факультатив баённома қабул қилинган. Унда мазкур пактда белгиланган инсон ҳуқуқларининг бузилишига оид шикоят ва таклифларни кўриб чиқиш механизмлари белгиланган. Ушбу Факультатив баённомага 31 та давлат қўшилган.

Аъзо давлатларнинг Иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пактга ҳамда унинг Факультатив баённомасига риоя этиши БМТнинг Иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқлар бўйича қўмитаси томонидан мониторинг қилинади.

Ўзбекистон Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пакт, унинг биринчи Факультатив баённомаси ҳамда Иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пактга 1995 йил 31 августда қўшилган. Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пактнинг иккинчи Факультатив баённомасига эса 2008 йил 10 декабрда аъзо бўлган.

Ушбу халқаро-ҳуқуқий ҳужжатларда белгиланган инсон ҳуқуқларига оид нормалар мамлакатимиз Конституцияси ҳамда миллий қонун ҳужжатларида ўз ифодасини топган.

Инсон ҳуқуқлари тўғрисидаги халқаро пактларнинг қабул қилиниши, халқаро ҳуқуқ ривожига кўрсатган таъсири ҳамда бугунги глобаллашув давридаги аҳамияти “Демократлаштириш ва инсон ҳуқуқлари” журнали саҳифаларидан ўрин олган бир қатор мақолаларда, жумладан, юридик фанлар доктори, профессор Мирзатилло Тиллабаевнинг инглиз тилидаги “Инсон ҳуқуқлари тўғрисидаги халқаро пактларнинг 60 йиллиги: меъёрий бўлинишдан институционал бирлашувгача” (“Sixty Years of the International Covenants on Human Rights: from Normative Division to Institutional Convergence”) номли мақоласида ёритилган.

Мақолада “совуқ уруш” даврида фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқларнинг иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқлардан ажралиб чиқишига олиб келган сиёсий ҳамда мафкуравий омиллар тадқиқ этилган. Унда мониторингнинг икки алоҳида механизми шаклланиши таҳлил қилинган ҳамда иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқларнинг ҳуқуқий табиати, суд тартибида ҳимоя қилиниши ва амалга оширилиши юзасидан узоқ йиллардан буён давом этиб келаётган баҳс-мунозаралар кўриб чиқилган. Барча инсон ҳуқуқларининг универсал, бўлинмас ва ўзаро боғлиқ эканлиги тамойилига алоҳида эътибор қаратилиб, ушбу тамойил 1968 йилдаги Теҳрон прокламацияси ҳамда 1993 йилдаги Вена декларацияси ва Ҳаракатлар дастурида яна бир бор тасдиқлангани таъкидланган. Тадқиқотда, шунингдек, БМТнинг Инсон ҳуқуқлари қўмитаси ҳамда Иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқлар бўйича қўмитасининг институционал эволюцияси, жумладан уларнинг ҳисобот тақдим этиш тартиб-таомиллари, индивидуал шикоятлар механизмлари, умумий изоҳлари ва талқин этувчи функциялари таҳлил қилинган. Муаллиф сўнгги олтмиш йил давомида эришилган сезиларли ютуқларга қарамай, шартномавий мониторинг механизмларининг тарқоқлиги инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро мажбуриятларни изчил амалга оширишда ҳанузгача қийинчиликлар туғдираётганини таъкидлаган.

Шунингдек, журналнинг ушбу сонида “Жамият ва ҳуқуқ”, “Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий марказининг 30 йиллиги”, “Халқаро ҳуқуқ ва Ўзбекистон тажрибаси” рукнларида долзарб мавзулардаги мақолалар тақдим этилган. Жумладан, академик Акмал Саидовнинг “Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Конституцияси – ҳақиқий халқ Конституцияси” номли мақоласида янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг қабул қилиниши ва мазмун-моҳияти батафсил таҳлил қилинган. Мақолада таъкидланганидек, янги таҳрирдаги Конституциямиздаги моддалар сони амалдаги 128 тадан 155 тага, нормалар сони 275 тадан 434 тага ошди. Яъни, Конституциямиз матни қарийб 65 фоизга ортди ва халқимиз таклифлари асосида янгиланди.

Муаллиф янги    таҳрирдаги     Конституция   лойиҳаси  7 турдаги назарий ва амалий, илмий ва ҳуқуқий экспертизадан ўтказилганини қайд этган. Айниқса, илмий муассаса ва таълим ташкилотлари янги таҳрирдаги Конституция лойиҳаси юзасидан таклифлар киритиш борасида алоҳида пешқадамлик кўрсатишган. Ўзбекистондаги конституциявий ислоҳот жараёнида Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ва унинг тегишли тузилмалари, айниқса, фаол ҳамкорлик қилгани эътироф этилган.

Сўнгги уч йилда Янги Ўзбекистон эришган муваффақиятлар сарҳисоб қилиниб, жамият ҳаётининг турли соҳаларида давом этаётган кенг кўламли ислоҳотлар натижаларини мустаҳкамлашда янги таҳрирдаги Конституциямиз беқиёс аҳамият касб этиши тўғрисида хулоса чиқарилган.

Шунингдек, Ф. Юсупова, Ж. Раматов, Р. Умарова, П. Зиё, Б. Расулов, А. Саидов, Р. Атовуллоев, Е. Тилеуов, Н. Фахриддинованинг ўзбек тилидаги, Ш. Садуллаева, С. Эгамбердиев, Ш. Сулейманходжаева, М. Худайбердиева, М. Сафиханли, С. Мамадиев, Ф. Юлдашовнинг инглиз тилидаги, Н. Юсупов, Р. Саекеева, Э. Рустамов, Х. Кабулов, И. Худайназарова, Т. Аметов, Ф. Ҳамдамованинг рус тилидаги илмий мақолалари инсон ҳуқуқлари соҳасининг долзарб масалаларига бағишлангани билан аҳамиятли.

Маълумот учун: “Демократлаштириш ва инсон ҳуқуқлари” журнали Олий аттестация комиссиясининг сиёсий фанлар, ҳуқуқшунослик, фалсафа, тарих, исломшунослик ва социология фанлари бўйича диссертация асосий илмий натижаларини чоп этиш тавсия этилган илмий нашрлар рўйхатига киритилган. 

 

Азизбек РАМАЗОНОВ,

“Демократлаштириш ва инсон ҳуқуқлари” журнали бош муҳаррирининг ўринбосари

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech