Sayt xaritasi 00:00:00
Yangiliklar

Нурафшонда маҳалла фуқаролар йиғини профилактика инспекторлари учун тренинг ўтказилди

Тошкент вилоятида 883 та маҳалла мавжуд бўлиб, шулардан 471 тасида ҳеч қандай жиноят содир этилмаган. Яъни, вилоят ҳудудидаги маҳаллаларнинг катта қисми “яшил” тоифа талабларига мос келади.

Гап шундаки, Президент Шавкат Мирзиёев томонидан юртимиз маҳаллаларини инфратузилма, тадбиркорлик, камбағаллик, ишсизлик, жиноятчилик, низоли оилалар, аҳоли мурожаатлари кўрсаткичлари асосида «қизил», «сариқ», «яшил» тоифаларга ажратиш ҳамда юзага келган муаммоларнинг бартараф этилганлиги ҳолатини мониторинг қилиш ташаббуси илгари сурилди. Унга кўра маҳаллалар уч даражага ажратилади: яшил — хавфсиз, режали назорат етарли; сариқ — эҳтиёт чоралари талаб этилади; қизил — хавф юқори, техник-профилактика кўриклари ва кучайтирилган назорат зарур.

31 июль куни Нурафшон шаҳрида бўлиб ўтган «Инсон ҳуқуқлари: халқаро стандартлар ва миллий қонунчилик» мавзусидаги икки кунлик семинар-тренинг аввалида шу ҳақда сўз борди. Машғулотлар Тошкент вилояти ички ишлар органларининг маҳалла фуқаролар йиғини профилактика инспекторлари учун Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, ҳамда Олий Мажлиснинг Бола ҳуқуқлари бўйича минтақавий вакили ҳамкорлигида ташкил этилди.

Ўқув семинари Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 3 мартда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасида Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги жаҳон таълим дастурининг бешинчи амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида ўтказилди. Тадбирни Тошкент вилояти Ички ишлар бош бошқармаси бошлиғининг ўринбосари полковник Асилбек Раҳмонов очиб берди.

Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори академик Акмал Саидов тадбир иштирокчиларини қутлар экан, даставвал, Президент Шавкат Мирзиёев томонидан 2026 йил 29 июнда ўтказилган мажлисда профилактика инспекторлари фаолияти ва жамоат хавфсизлигини таъминлаш тизимини такомиллаштириш истиқболлари ҳақида алоҳида сўз юритилгани ҳақида тўхталди. Мамлакатимиз ҳудудларида маҳалла фуқаролар йиғинлари профилактика инспекторлари учун ўтказилаётган семинар-тренинглар давлатимиз раҳбари айни мажлисда илгари сурган масалалар тарғиботи билан уйғун тарзда олиб борилаётгани алоҳида таъкидланди.

Ўзбекистон Президенти ташаббуси асосида профилактика инспекторларининг ҳуқуқий мақоми, ваколатлари ва ижтимоий ҳимоясини мустаҳкамлаш мақсадида “Ички ишлар органлари профилактика инспекторининг мақоми тўғрисида”ги қонун лойиҳаси устида иш олиб борилаётгани қайд этилди. Давлатимиз раҳбарининг профилактика инспекторларига хос бўлмаган ортиқча вазифалардан уларни халос этиш, аҳолига хизмат кўрсатиш тизими асосида ишлаш самарадорлигини баҳолаш, шунингдек, кадрлар тайёрлаш жараёнида замонавий фанлар — хавф-хатар таҳлили, рақамли технологиялар, профайлинг ва оилавий медиация каби йўналишларни жорий этиш зарурлиги ҳақидаги кўрсатмалари юзасидан атрофлича тушунтириш берилди.

Машғулотлар давомида “Инсон ҳуқуқлари стандартлари: назариядан амалиётга”, “Бола ҳуқуқлари бўйича халқаро ва миллий стандартлар”, “Гендер тенглик. Хотин-қизлар ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро стандартлар ва уларнинг миллий даражадаги имплементацияси”, “Ногиронлиги бўлган шахслар ҳуқуқлари ҳамда соҳадаги халқаро стандартлар”, “Инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро стандартлар ва механизмлар”, “Қийноққа қарши конвенция ва унинг ички ишлар органлари фаолиятидаги аҳамияти” мавзуларида маърузалар тингланди.

Маърузаларни Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидов, Олий Мажлиснинг Бола ҳуқуқлари бўйича вакилининг Тошкент вилояти бўйича минтақавий вакили Муҳриддин Ҳамзаев, Миллий марказ директори ўринбосари Дилноза Муратова, Миллий марказ бўлим бошлиғи Камила Олимова, Ички ишлар вазирлиги Академияси кафедра бошлиғи Дилором Худойберганова ва мазкур Академия доценти Умид  Фозилов тақдим этди.

Машғулотларда профилактика инспекторларида жиноят ва ҳуқуқбузарликларни очиш, тергов қилиш ҳамда уларнинг олдини олиш борасидаги касбий фаолиятида, шунингдек, бошқа хизматлар, давлат органлари ва жамоат бирлашмалари билан ҳамкорлик жараёнида зарур бўладиган инсон ҳуқуқларига доир халқаро стандартлар бўйича билимларни шакллантиришга эътибор қаратилди. Шу билан бирга, ички ишлар органлари ходимларида инсон ҳуқуқларига риоя этиш ва уларни ҳурмат қилиш кўникмаларини ҳосил қилиш масаласи алоҳида эътибор марказида бўлди.

Семинар-тренинг якунида профилактика инспекторлари тест синовларидан ўтказилди ва уларга сертификатлар топширилди.

Профилактика инспекторларидан бир гуруҳи намунали хизматлари учун фахрий ёрлиқ, ташаккурнома ва рағбатлантирувчи мукофотлар билан тақдирланди.

 

Инсон ҳуқуқлари бўйича

Ўзбекистон Республикаси

Миллий марказининг

 матбуот хизмати

Nashr sanasi 03.08.2026 Ko'rishlar 32
Ulashish