Янгиланган Конституция ва инсон ҳуқуқлари
Мустақиллик – бу, аввало, ҳуқуқ. Мустақиллик – инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашнинг асосий омилидир. Истиқлол йиллари Марказий Осиё минтақасида биринчи бўлиб инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлар тизими айнан мамлакатимизда инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро андозалар ва илғор хорижий тажриба асосида ташкил этилди ва сўнгги 10 йилда уларнинг фаолияти доимий равишда такомиллаштириб борилмоқда.
Ўзбекистон Президенти “Янги таҳрирдаги Конституция бизга инсон ҳуқуқлари, демократия, эркинлик, барқарорлик, тенглик ва тараққиёт тамойилларига асосланган ҳуқуқий ва адолатли давлат қуриш йўлларини кенг очиб берди”, деб таъкидлагани замирида ғоят улуғвор ҳақиқатлар мужассам. Агар дунё мамлакатлари конституцияларида инсоннинг 110 дан ортиқ ҳуқуқи қайд этилган бўлса, бу ҳуқуқларнинг 90 таси эндиликда мамлакатимизнинг Асосий қонунида мавжуд ва шу ҳуқуқлардан 40 таси янги конституциявий ҳуқуқлардир.
2023 йил 30 апрель куни бўлиб ўтган референдумда умумхалқ овоз бериш йўли билан қабул қилинган янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 20-моддасига биноан: “Инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликлари бевосита амал қилади. Инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликлари қонунларнинг, давлат органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, уларнинг мансабдор шахслари фаолиятининг моҳияти ва мазмунини белгилайди”.
Бинобарин, Конституциямизнинг 56-моддасида қайд этилганидек, “Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлар инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилишнинг мавжуд шакллари ҳамда воситаларини тўлдиради, фуқаролик жамиятини ривожлантиришга ва инсон ҳуқуқлари маданиятини юксалтиришга кўмаклашади. Давлат инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлар фаолиятини ташкил этиш учун шарт-шароитлар яратади”.
Янги Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлар тизими таркибига Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) ва Бола ҳуқуқлари бўйича вакили (Болалар омбудсмани), Президент ҳузуридаги тадбиркорлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича вакил (Бизнес-омбудсман), Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази киради.
Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий марказини тузишда, бир томондан, мамлакатимизда инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини муҳофаза қилишнинг таъсирчан воситасини барпо этиш, иккинчи томондан, халқаро ташкилотлар ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари билан ҳамкорликни кенгайтириш, учинчи томондан, давлат муассасалари ходимлари ва барча аҳолининг инсон ҳуқуқлари бўйича маданиятини оширишдек эзгу мақсадлар кўзда тутилган.
Янги Ўзбекистон: инсон ҳуқуқлари соҳасидаги давлат сиёсати
Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган сиёсий, ҳуқуқий ва ижтимоий-иқтисодий модернизация жараёнларининг марказида инсон қадри, ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш ғояси устувор аҳамият касб этмоқда. Мамлакатимизда инсон ҳуқуқлари соҳасидаги давлат сиёсатининг самарали амалга оширилишида Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази ўз ўрни ва аҳамиятига эга. Айниқса, кейинги йилларда Миллий марказнинг бу борадаги мувофиқлаштирувчилик фаолияти доираси янада кенгайди.
БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Бошқармаси экспертлари иштирокида ишлаб чиқилган ва 2020 йилда тасдиқланган Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий стратегияси – бу соҳадаги илк ҳужжат бўлиб, мамлакатимизда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш механизмини такомиллаштириш ва инсон ҳуқуқлари маданиятини шакллантиришда катта аҳамият касб этди. Ушбу дастурий ҳужжат бўйича тегишли "Йўл харитаси" ижросининг назорати билан бевосита Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази шуғулланди.
Миллий стратегияда белгиланган вазифаларни бажариш доирасида болалар, ёшлар, аёллар, ногиронлиги бор шахслар ва аҳолининг бошқа заиф қатламларининг ҳуқуқлари, эркинликлари ва манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш тизими такомиллаштирилди. Миллий стратегия доирасида, шунингдек, қийноқларнинг олдини олиш бўйича миллий превентив механизмнинг қонунчилик асослари яратилди, мажбурий меҳнат ва болалар меҳнати бартараф этилди.
Буларнинг барчаси ислоҳотларни тизимлаштириш ва халқаро мажбуриятларни, жумладан Барқарор ривожланиш мақсадларини, айниқса, тинчлик, адолат ва самарали институтларга доир 16-мақсадни амалга ошириш йўлида муҳим қадамлар бўлди.
Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий стратегияни амалга ошириш доирасида Ўзбекистон БМТнинг устав ва шартномавий органлари тавсияларини ижро этишнинг тизимли механизмини яратди. Натижада давлат органларининг ҳисобдорлиги оширилиб, халқаро ташкилотлар билан доимий мулоқот ва мониторинг тизими мустаҳкамланди, бу эса мамлакатнинг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро мажбуриятларини сифатли бажаришига хизмат қилмоқда.
Ўз навбатида, Президентимизнинг 2026 йил 16 февралдаги Фармони билан “Ўзбекистон — 2030” стратегияси доирасида жорий йилда ишлаб чиқиладиган стратегик режалаштириш ҳужжатлари лойиҳалари рўйхати тасдиқланди. Ушбу рўйхатда “Инсон ҳуқуқлари – 2030” стратегиясини тасдиқлашга оид норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини ишлаб чиқиш назарда тутилди.
Шу асосда Миллий марказ томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Инсон ҳуқуқлари – 2030” стратегиясини тасдиқлаш тўғрисида”ги фармони лойиҳаси ишлаб чиқилди. Фармон лойиҳасига кўра, шахс қадр-қиммати, турмуш даражаси ва фаровонлигини оширишнинг энг муҳим ва зарурий шарти сифатида Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлаш бўйича изчил олиб борилаётган давлат сиёсатини амалга оширишнинг асосий вазифалари ва йўналишлари белгилаб берилмоқда.
“Инсон ҳуқуқлари – 2030” стратегиясини амалга ошириш бўйича чора-тадбирлар дастури 4 та устувор йўналишдан иборат “натижа” кўрсаткичлари ва “бевосита фаолият натижаси” кўрсаткичларини ўз ичига олган. Бу ўринда:
биринчи йўналиш – инсон ҳуқуқлари соҳасида миллий қонунчиликни такомиллаштириш;
иккинчи йўналиш – аҳолининг эҳтиёжманд тоифалари ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ҳамда инклюзив ва ижтимоий адолатли жамиятни шакллантириш;
учинчи йўналиш – инсон ҳуқуқлари маданиятини юксалтириш ва инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълим тизимини ривожлантириш;
тўртинчи йўналиш – Ўзбекистоннинг инсон ҳуқуқлари соҳасида халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва халқаро мажбуриятлар ижросини таъминлашдан иборат устувор йўналишлар ҳақида сўз бормоқда.
Ҳозирги кунда Инсон ҳуқуқлари бўйича V Самарқанд форумига қизғин тайёргарлик кўрилмоқда. Ушбу халқаро тадбир БМТнинг 1966 йил 16 декабрда қабул қилинган иккита тарихий ҳужжати – Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пакт ҳамда Иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пактнинг 60 йиллигига, шунингдек, Ривожланиш ҳуқуқи тўғрисидаги декларация қабул қилинганлигининг 40 йиллиги ҳамда Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий марказининг 30 йиллигига бағишланиши кўзда тутилмоқда.
Форумни ўтказиш билан боғлиқ асосий масъулият Миллий марказ зиммасига юкланган. Шуни ҳам қайд этиш жоизки, Инсон ҳуқуқлари бўйича Самарқанд форуми 2018 йилдан бошлаб анъанавий тарзда ҳар икки йилда ташкилий жиҳатдан юқори савияда ўтказиб келинмоқда.
Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш: миллий даражадаги ҳамкорлик
Миллий марказ Ўзбекистон Республикасининг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро мажбуриятларини бажариш бўйича давлат органлари ва бошқа ташкилотларнинг ўзаро алоқаларини, миллий маърузалар тайёрлашни, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликни кенгайтиришни таъминловчи мувофиқлаштирувчи давлат органи ҳисобланади.
Миллий марказ фаолиятида инсон ҳуқуқлари масалалари бўйича давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятини мувофиқлаштириш ва уларни маслаҳат-эксперт жиҳатдан қўллаб-қувватлаш катта ўрин тутади. Ушбу фаолиятда ташқи ишлар, адлия, ички ишлар вазирликлари, Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси каби давлат ташкилотлари Миллий марказнинг етакчи шериклари ҳисобланади.
Миллий марказ ҳамда давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари биргаликда инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш бўйича, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари фаолиятида инсон ҳуқуқлари маданиятини шакллантиришнинг долзарб жиҳатларига бағишланган ахборот-маърифий тадбирларни ташкил этмоқда.
Инсоннинг ҳақ-ҳуқуқи олий қадриятдир. Чунки ҳуқуқи йўқ киши мисоли жонсиз тана, унинг на овози ва на эрки бор. Жамиятда ўзаро тенглик, адолат ва ҳақиқатни қарор топтириш учун ҳам инсон ҳуқуқлари биринчи галда Конституциямизда кафолатлаб қўйилган.
Инсон қадр-қимматини эъзозлаш, адолатни қарор топтириш масаласи кейинги йилларда Янги Ўзбекистонда устувор аҳамиятга эга бўлган вазифага айланди. Шу нуқтаи назардан, бу борадаги ишларни бевосита назорат қиладиган, тартибга соладиган, ўрганадиган ва бошқа давлат органларидан мутлақо мустақил бўлган Миллий марказ ўз ишини янгича услубда йўлга қўйди.
Миллий марказ ўзининг ваколатларини барча давлат органлари ва ташкилотлари, уларнинг мансабдор шахсларидан мустақил равишда амалга оширади. Миллий марказ давлат органлари, фуқаролик жамияти институтлари, таълим, илмий-тадқиқот муассасалари ва бошқа ташкилотларнинг фаолиятига инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро мажбуриятларимизни бажариш масалалари бўйича кўмаклашади.
Миллий марказ ҳар йили Ўзбекистон Республикаси Президенти, Олий Мажлис палаталари, Вазирлар Маҳкамасига инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Ўзбекистон Республикасининг халқаро мажбуриятларига риоя этилиши ҳолати тўғрисида ахборот тақдим этиб келмоқда. Шунингдек, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенатининг қўмита ва комиссияларида инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро мажбуриятларимизни бажариш бўйича миллий маърузалар лойиҳалари муҳокамаларини ўтказиш йўлга қўйилди.
Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро мажбуриятларни бажариш бўйича миллий маърузалар ҳамда БМТнинг устав ва шартномавий органларида кўриб чиқиш якунларини парламентда эшитиш амалиёти жорий этилди. Бугунги кунда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича халқаро ва минтақавий тузилмаларнинг тавсияларини амалга ошириш бўйича миллий ҳаракат режалари – “йўл хариталари” айнан Парламент томонидан тасдиқланмоқда.
Кейинги даврда Миллий марказнинг қонун лойиҳаларини тайёрлашда иштирок этиш кўлами янада кенгайди. Ҳатто Миллий марказ фаолиятига Олий суд Пленуми қарорларини ҳуқуқий экспертизадан ўтказиш амалиёти ҳам кириб келди.
Таҳлилларимизга кўра, Миллий марказ томонидан 2025 йилда 84 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат экспертизадан ўтказилган бўлса, 2026 йилнинг биринчи ярмида бу кўрсаткич 49 тани ташкил этди.
Президент Шавкат Мирзиёев Конституциявий суд фаолиятини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш, фуқароларнинг конституциявий одил судловга бўлган ҳуқуқларини кенгайтириш ҳамда тизимни рақамлаштиришга қаратилган муҳим ислоҳотларни амалга оширмоқда. Масалан, янги даврда Конституциявий судга мурожаат қилиш ҳуқуқига эга бўлган янги институтлар белгиланди. Жумладан, Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий марказ ҳамда Бола ҳуқуқлари бўйича вакил (Болалар омбудсмани) ушбу ҳуқуққа эга бўлди.
Ёки бўлмаса, мурожаат қилиш тизимининг соддалаштирилиши жараёнларида бюрократияни камайтириш талабини олайлик. Бу борада фуқаролар ва юридик шахсларнинг Конституциявий судга мурожаат қилиш тартиблари соддалаштирилгани таҳсинга лойиқдир.
Бундай қулайлик жисмоний ва юридик шахслар учун алоҳида аҳамият касб этмоқда. Жумладан, Миллий марказ Конституциявий судга мурожаат қилиш ҳуқуқидан фаол фойдаланмоқда ва бир қатор ташаббуслар билан чиқди.
Миллий марказ қонун ҳужжатларини тайёрлаш, эксперт жиҳатдан баҳолаш ва такомиллаштиришга йўналтирилган мулоҳазалар ва тавсиялар ишлаб чиқиш жараёнида ҳам фаол қатнашаётганини айтиб ўтиш жоиз, деб ҳисоблайман.
Энг асосийси, фуқароларнинг ҳуқуқлари ва эркинликларига риоя қилиш ва уларни чеклаш масалалари бўйича қонун лойиҳалари Миллий марказ билан мажбурий равишда келишилади. Бундан ташқари, ҳозирги вақтда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасида давлат органлари, шу жумладан, судлар ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи тузилмалар фаолиятининг муҳим йўналишларидан бири – инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро мажбуриятларни бажаришда фаол ва бевосита иштирок этиш, идоралараро ҳамкорлик қилиш ҳисобланади.
Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро ҳамкорлик
Янги Ўзбекистон инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича халқаро ва минтақавий тузилмаларда фаол иштирок этмоқда, бу борада хорижий давлатлар билан ҳамкорлик қилмоқда. Зеро, давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, “Янги Ўзбекистон барча давлатлар билан ўзаро ҳамжиҳатлик, очиқ мулоқот ва яқин шериклик тарафдоридир. Биз халқлар, маданиятлар ва цивилизациялар ўртасидаги мулоқотни мустаҳкамлаш, умумбашарий мақсадларни рўёбга чиқариш йўлида ўз ҳиссамизни қўшишга доим тайёрмиз”.
Сўнгги йилларда Янги Ўзбекистон жаҳон сиёсатининг объекти эмас, балки том маънода фаол ва ташаббускор субъектига айланди. Зеро, ХХ аср бошидан токи яқин даврларгача Ўзбекистон жаҳон сиёсати объекти бўлган ва унга нисбатан гоҳ “яқин хориж”, гоҳ “хомашё базаси”, гоҳ эса “постсовет ҳудуди” каби беписанд “ёрлиқ”лар қўлланиб келингани сир эмас.
Кейинги ўн йилда мамлакатимиз жаҳон сиёсатида бошқаларнинг ортидан эргашадиган ташаббуссиз объект ҳолатидан дадил чиқиб олди. Янада эътиборлиси, дунёда кескин геосиёсий ўзгаришлар юз бераётган бугунги мураккаб шароитда Янги Ўзбекистон халқаро ҳамжамиятга иқлимни муҳофаза қилиш, “яшил” иқтисодиётни жорий этиш, фуқаросизликка барҳам бериш, инсон ҳуқуқларини таъминлаш каби турли соҳаларда янги ғоя ҳамда лойиҳаларни тақдим этаётган жаҳон сиёсатининг фаол актори ҳисобланади.
Эътибор беринг: Мамлакатимиз БМТнинг фуқаросизликни бартараф этиш бўйича тавсияларини бажариш борасида тарихий ютуққа эришди. Гап шундаки, 1991 йилдан 2016 йилгача бор-йўғи 482 киши Ўзбекистон фуқаролигини олган бўлса, 2017 йилдан 2026 йилгача 85 мингдан ортиқ киши Ўзбекистон фуқаролигига эга бўлди. Бу кўрсаткич мамлакатимиздаги инсонпарвар сиёсат жамиятнинг ҳамма қатламларини қамраб олишга ва инсон қадр-қимматини том маънода ҳурмат қилишга қаратилганини баралла намоён этади.
Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаш ва унинг махсус тартиб-таомиллари билан фаол ҳамкорлик давом этмоқда. Ўзбекистон БМТнинг турли органлари тавсиялари асосида еттита миллий ҳаракат режасини ишлаб чиқди ва амалга оширмоқда.
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ва Ўзбекистон: инсон ҳуқуқлари соҳасида ҳамкорлик
Янги Ўзбекистонда амалга оширилган кенг қамровли ислоҳотлар самаралари туфайли мамлакатимизнинг халқаро майдондаги нуфузи тобора юксалмоқда. Бу ютуқларимизга муносиб ҳисса қўшган муҳим омиллардан айримларига мухтасар тўхталишни лозим топдим.
Биринчидан, Ўзбекистон миллий давлатчилигимиз тарихида илк бор 2020 йил 13 октябрь куни БМТ Бош Ассамблеяси сессиясида бўлиб ўтган сайловларда БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши аъзолигига уч йил муддатга – 2021-2023 йилларга сайланди. Мамлакатимиз БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши аъзоси сифатида бу борадаги вазифаларини муваффақият билан бажарди.
Иккинчидан, 2024 йил 7 июнь куни Женева шаҳрида бўлиб ўтган Халқаро меҳнат конференциясининг 112-сессиясида Ўзбекистон илк маротаба Европа ҳудудидан энг кўп овоз тўплади ва Халқаро меҳнат ташкилоти Маъмурий кенгаши аъзолигига сайланди. Бу ютуқ Ўзбекистоннинг глобал меҳнат сиёсатида, Халқаро меҳнат ташкилоти томонидан қабул қилинаётган қарорларда, меҳнат муносабатлари тизимини такомиллаштириш юзасидан янги таклиф ва ғояларнинг ишлаб чиқилишида бевосита иштирок этишига қулай имконият яратди.
Учинчидан, 2024 йил июнь ойида 2025-2027 йиллар учун БМТ Иқтисодий ва ижтимоий кенгаши аъзолигига ўтказилган сайловда Ўзбекистон 185 мамлакат томонидан қўллаб-қувватланиб, ЭКОСОСга сайланди. Мамлакатимиз ўз тарихида илк бор ушбу тузилмага аъзо бўлди. Бинобарин, БМТ доирасида барқарор ривожланишнинг барча уч йўналиши – иқтисодий ва ижтимоий соҳалар, шунингдек, атроф-муҳитни ривожлантиришга қаратилган саъй-ҳаракатларда ЭКОСОС муҳим ўрин тутади.
Тўртинчидан, БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича қўмитасининг 2025 йил 3 мартда очилган 143-сессияси ишида илк бор Ўзбекистон вакили – БМТнинг ушбу нуфузли органи таркибига 2025-2028 йиллар даврига сайланган академик А. Саидов иштирок этгани жамиятимиз ва давлатимиз учун ушбу сессиянинг алоҳида аҳамиятини кўрсатди. Бугунги кунда Ўзбекистон вакили Қўмита ишида фаол қатнашмоқда.
Бешинчидан, мамлакатимизда инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Жаҳон таълим дастури ва Миллий таълим дастурини амалга ошириш доирасида инсон ҳуқуқлари маданиятини шакллантириш, таълим жараёнининг барча босқичларида инсон ҳуқуқлари бўйича ўқув курсларини жорий этиш бўйича кенг қамровли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Бугунги кунда БМТнинг Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги жаҳон таълим дастури бутун дунё миқёсида изчил амалга ошириб келинмоқда. Ушбу халқаро ташаббуснинг навбатдаги — бешинчи босқичини Ўзбекистонда самарали жорий этиш, шунингдек инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълимни янада ривожлантириш ва аҳолининг, хусусан, ёш авлоднинг бу борадаги ҳуқуқий онгини шакллантириш мақсадида мақсадида Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази ташаббуси билан 2026 йил 3 мартда Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарори қабул қилинди.
Миллий марказ томонидан шу асосда жорий йилнинг ўтган даврида “Инсон ҳуқуқлари соҳасида халқаро стандартлар ва миллий қонунчилик” мавзусида мамлакат миқёсида – Қорақалпоғистон Республикаси, барча вилоятлар ва Тошкент шаҳрида 14 та семинар-тренинг ташкил этилди. Ушбу машғулотларда жойлардаги ички ишлар органлари ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш бўйича маҳалла фуқаролар йиғинлари профилактика инспекторлари – жами 5 минг 255 нафар тингловчи иштирок этди.
Шунингдек, Тошкент шаҳри, Тошкент, Бухоро ва Хоразм вилоятларида “Қийноққа солишга қарши курашиш” мавзусида ўқув курслари ўтказилди. Бу машғулотларда 4 та ҳудуддан жами 268 нафар суд, прокуратура ва ички ишлар тизими ходими қатнашди.
Мамлакатимизда инсон ҳуқуқлари соҳасида таълим, ахборот тарқатиш, ҳуқуқий маданиятни оширишда ва халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлашда Миллий марказнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича ахборот-кутубхона маркази — “Инсон ҳуқуқлари уйи” Марказий Осиёда ягона ва муҳим платформа вазифасини бажармоқда.
Янги Ўзбекистон глобал масалалар муҳокама қилинадиган халқаро мулоқот майдони сифатида ўзини яққол намоён этаётгани алоҳида таҳсинга сазовор. БМТнинг тенг ҳуқуқли ва тўлақонли аъзоси сифатида Ўзбекистон тенглик, ҳамкорлик, кўптомонламалик ва халқаро сиёсий тизимни ҳимоя қилиш принципларига сўзсиз амал қилишини намойиш этмоқда. Сўнгги вақтларда халқаро низоларни тинч йўл билан ҳал этиш, янги глобал қуролли тўқнашувларнинг олдини олиш, мамлакатлар ўртасида ҳамкорликни йўлга қўйиш, глобал мулоқот, глобал ҳаракатлар ва бутун дунёда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш каби ғояларни фаол илгари сурмоқда.
БМТ Бош Ассамблеяси томонидан Ўзбекистон Президенти ташаббуси билан 15 та резолюция қабул қилинди. Бу ҳақда сўз борганда, Бош Ассамблея 2026 йил июлида Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан "Ижтимоий ривожланишни жадаллаштиришда парламентларнинг ролини кучайтириш тўғрисида"ги резолюцияни қабул қилганини таъкидлаш лозим.
Мазкур ҳужжатга дунёнинг барча минтақаларини ифодаловчи БМТга аъзо 61 давлат ҳаммуаллиф бўлди. Бу Ўзбекистоннинг ижтимоий ривожланиш, Барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш ва парламент дипломатиясини ривожлантиришга қаратилган ташаббуслари халқаро ҳамжамият томонидан кенг қўллаб-қувватланаётганини тасдиқлайди.
Бу ҳужжат Ўзбекистоннинг парламент ролига оид биринчи ташаббуси эмас. Бундан аввал, 2022 йил 14 декабрда ҳам БМТ Бош Ассамблеяси томонидан Ўзбекистон ташаббуси билан «Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишни жадаллаштиришда парламентларнинг ролини кучайтириш тўғрисида»ги махсус резолюция қабул қилинган.
Мамлакатимиз, минтақамиз, бутун сайёрамиз миқёсида тинчликни сақлаш, ўзаро ишончни мустаҳкамлаш, маънавият ва маърифатни ривожлантириш, экологияни муҳофаза қилиш, шунингдек, илғор инновациялар, замонавий технологиялар ва “яшил иқтисодиёт”ни чуқур татбиқ этиш орқали барқарор тараққиётни таъминлаш йўлида том маънода бемисл самараларга эришилмоқда. Ушбу натижаларнинг барчаси мукаррам зот – инсон қадрини улуғлашга қаратилгани билан ниҳоятда аҳамиятлидир.
Инсон ҳуқуқларининг биринчи галдаги ҳимоячиси – айнан инсоннинг ўзи!
Миллий марказ ҳузурида Жамоатчилик кенгаши иш олиб бормоқда. Бу борадаги фаолиятни таъминлашда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 26 августда қабул қилинган “Фуқаролик жамияти институтларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони катта аҳамият касб этди.
Нодавлат нотижорат ташкилотлари билан ҳамкорлик алоқалари ҳам ўз самараларини бермоқда. Бу ўринда Миллий марказ биринчи навбатда болалар, ёшлар, хотин-қизлар, ногиронлар ва аҳолининг бошқа ижтимоий заиф гуруҳларини ҳимоя қилиш масалалари бўйича фуқаролик жамияти институтлари фаолиятини қўллаб-қувватлашга қаратилган мувофиқлаштирувчи ва маслаҳат бериш-эксперт тадбирларини амалга ошираётганини қайд этиш мақсадга мувофиқдир.
Миллий марказнинг инсон ҳуқуқ ва эркинликлари соҳасидаги ахборот-маърифий фаолияти ҳақида тўхталганда, аввало, кейинги йилларда мамлакатимизда инсон ҳуқуқлари соҳасида узлуксиз таълим ва маърифий ишлар тизими шакллантирилганини таъкидлаш айни муддаодир. Бугунги кунда юртимизда ҳуқуқ ҳимояси мавзуида йигирмадан зиёд ихтисослаштирилган журнал ва газеталар чоп этилмоқда. Барча мактаб, коллеж ва лицейларда, олий таълим муассасаларида инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг ҳуқуқий асослари ўрганилмоқда.
Хусусан, Миллий марказ муассислиги ва ҳаммуассислигида «Демократлаштириш ва инсон ҳуқуқлари» ҳамда «Ижтимоий фикр. Инсон ҳуқуқлари» журналлари мунтазам нашр этилмоқда. Марказ томонидан инсон ҳуқуқлари бўйича китоблар, илмий-оммавий рисолалар, халқаро ҳужжатлар тўпламлари, халқаро конференциялар материалларини чоп этиш йўлга қўйилган.
Мамлакатимизда 2020 йилдан бошлаб 10 декабрь – Халқаро инсон ҳуқуқлари кунида «Инсон ҳуқуқлари ҳимояси учун» кўкрак нишони фуқаролик жамияти институтлари ва давлат органларининг фаол вакилларини инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасидаги хизматлари учун рағбатлантириш мақсадида топширилмоқда. Ўтган даврда ушбу мукофот билан 88 нафар ҳамюртимиз ва хорижий ҳамда халқаро ҳамкорларимиз, шунингдек, инсон ҳуқуқлари соҳасидаги фаол ташкилотлар тақдирланди.
Мустақиллик йилларида Ватанимизда инсон ҳуқуқ ва эркинликлари, инсоннинг қонуний манфаатлари давлат манфаатларидан устунлиги мустаҳкамланди. Юртдошларимиз учун муносиб ҳаёт шароити яратиш давлат ва жамиятнинг бош мақсадига айланди. Эл-юртимизда ижтимоий адолат тамойиллари тобора устувор аҳамият касб этмоқда.
Ўзбекистонда 2030 йилгача Барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш бўйича қамровдор саъй-ҳаракатлар изчиллик билан амалга оширилмоқда. Бу йўлдаги барча интилишларимиз БМТнинг ҳар бир инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашга қаратилган “Ҳеч кимни унутмаслик ва ортда қолдирмаслик” асосий тамойилига мувофиқдир.
Эътиборли жиҳати шундаки, «Ўзбекистон – 2030» стратегиясида БМТнинг Барқарор ривожланиш мақсадларига мос равишда, қонун устуворлигини таъминлаш ва инсон ҳуқуқлари ҳамда эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш, суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилиш, адвокатура институтининг мавқеини кескин ошириш, малакали ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш тизимини ривожлантириш ва адлия тизимини такомиллаштириш бўйича устувор вазифалар белгиланган. Мазкур Стратегия доирасида инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтиришга қаратилган янги чора-тадбирлар қабул қилинди.
Буларнинг барчаси бежиз эмас. Зотан, агар биз аҳолининг ҳуқуқий маданияти ва ҳуқуқий онгини юксалтиришга эришсак, бугун ечишимиз лозим бўлган қатор муаммолар ўз-ўзидан бартараф этилиши ва ҳатто юзага келмаслиги йўлида катта ишни бажарган бўламиз. Зеро, инсон ҳуқуқларининг биринчи галдаги ҳимоячиси айнан инсоннинг ўзидир!
Шундай қилиб, давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, “яхши яшаш учун энг аввало яхши меҳнат қилиш, ҳуқуқ ва эркинлик билан бирга, жавобгарлик ва масъулиятни ҳам чуқур ҳис этишимиз зарур. Бунга эришиш эса, фақат ва фақат ўзимизга боғлиқ”.
Акмал Саидов,
Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси
Миллий маркази директори, академик
«Ishonch» газетасининг 2026 йил 15 август кунги 100 (5320)-сони
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг кутубхонаси
