Sayt xaritasi 00:00:00
Yangiliklar

Янги Ўзбекистонда инсон ҳуқуқларини ишончли ҳимоя қилувчи халқчил ва адолатли суд тизимини барпо этиш стратегияси тасдиқланди

Ўзбекистон Республикаси Президенти 2026 йил 14 август куни “Одил судлов – 2030”: Янги Ўзбекистонда инсон ҳуқуқларини ишончли ҳимоя қилувчи халқчил ва адолатли суд тизимини барпо этиш стратегияси тўғрисида”ги фармонни имзолади. Шу асосда мамлакатимиз суд тизими ислоҳ қилинади.

Бундан мақсад – Янги Ўзбекистонда инсон қадрини улуғлаш, унинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини суд орқали ҳимоя қилишни сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш ҳамда суд процессига замонавий ҳуқуқий механизм ва институтларни жорий қилиш орқали халқчил ва адолатли суд тизимини барпо этиш, шунингдек, “Ўзбекистон – 2030” стратегиясида белгиланган одил судловга оид стратегик мақсадларни изчил амалга оширишдир.

 Фармон билан “Одил судлов – 2030”: Янги Ўзбекистонда инсон ҳуқуқларини ишончли ҳимоя қилувчи халқчил ва адолатли суд тизимини барпо этиш стратегияси тасдиқланди.

Фармонга кўра, 2027 йил 1 июлдан умумюрисдикция ва маъмурий суд йўналишларида ишларни қайта кўриб чиқиш ваколатига эга бўлган, юрисдикция ҳудуди бир нечта маъмурий-ҳудудий бирликларни қамраб оладиган ҳудудлараро судлар ташкил этилади.

2027 йил 1 июлдан тергов судьясига тегишли процессуал мажбурлов чораларини қўллаш (санкция бериш) тўғрисидаги илтимосномани кўриб чиқишда шахсни ушлаб туришнинг қонунийлиги ва асослилиги, гумон қилиш ёки айблов эълон қилиш учун асослар етарлилигини, шубҳа туғилган тақдирда, тергов сирини таъминлаган ҳолда қўшимча ҳужжатлар талаб қилиш йўли билан текшириш ваколатлари берилади.

2027 йил 1 августдан ягона суд амалиётини шакллантирувчи Олий суд Раёсати қарорларини белгиланган тартибда очиқ эълон қилиш ва янгилаб бориш амалиёти (“Прецедентлар” реестри) жорий этилади.

2027 йил якунига қадар Олий суднинг интерактив хизматлар портали (my.sud.uz) нинг янгиланган мобил иловаси ишга туширилади.

Порталда “Судга мурожаат намуналари” интерактив хизмати такомиллаштирилади.

 

Инсон ҳуқуқлари бўйича

Ўзбекистон Республикаси

Миллий марказининг

 матбуот хизмати

Nashr sanasi 17.08.2026 Ko'rishlar 139
Ulashish