Sayt xaritasi 00:00:00
Yangiliklar

ЯШАШ ҲУҚУҚИ – ИНСОННИНГ АЖРАЛМАС ҲУҚУҚИДИР

10 сентябрь – Бутунжаҳон ўз жонига қасд

қилишнинг олдини олиш куни

  

Ҳар йили дунёда 727 минг киши ўз жонига қасд қилади. 2021 йилда 15 ёшдан 29 ёшгача бўлганлар орасида суицид, яъни ўз жонига қасд қилиш ўлимнинг энг кенг тарқалган учинчи сабабига айланди. Бу ташвишли рақамлар куни кеча БМТнинг “Янгиликлар сайти”да эълон қилинди.

Ушбу глобал муаммога эътиборни жалб қилиш мақсадида Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) Бутунжаҳон ўз жонига қасд қилишнинг олдини олиш кунини таъсис этди. Бу сана ҳар йили 10 сентябрда нишонланади.

Ҳар битта ўз жонига қасд қилиш ҳолати бутун оилалар ва жамоалар ҳаётига таъсир кўрсатадиган фожеадир. Суицидлар сайёрамизнинг барча минтақаларида содир бўлади. Шу билан бирга, 2021 йилги маълумотларга кўра, барча ҳолатларнинг қарийб тўртдан уч қисми, яъни 73 фоизи даромади паст ва ўрта даражадаги мамлакатлар ҳиссасига тўғри келган.

Хавф омиллари турлича: асосан даромади баланд мамлакатларда улар кўпинча депрессия, алкоголга қарамлик ва ўтмишдаги суицидга уринишлар билан боғлиқ бўлади. Айни пайтда, кўпчилик инқироз лаҳзаларида, молиявий қийинчиликлар, муносабатларнинг бузилиши, касаллик, можаролар ёки офатлар шароитида вазиятни енга олмай, ўйламасдан, импульсив қадам ташлайди.

Хавф даражаси юқори бўлган гуруҳга қочқинлар, муҳожирлар, туб аҳоли вакиллари, шунингдек, маҳбуслар каби камситишларга дуч келадиган заиф тоифалар киради.

Аҳолини ҳимоя қилиш ва суицидларнинг олдини олиш учун ЖССТ пестицидлар, ўқотар қуроллар, айрим дори-дармонлар каби суицид воситаларидан фойдаланишни чеклашни тавсия қилади. ОАВда айни мавзуни масъулият билан ёритиш, ўсмирларга ҳиссий ва ижтимоий кўникмаларни ўргатиш, шунингдек, суицидга мойил одамларни ўз вақтида аниқлаб, уларга зарур ёрдам кўрсатиш зарурлигига доимий эътибор қаратилмоқда.

Бу чора-тадбирларни амалга ошириш соғлиқни сақлаш, таълим, меҳнат ва қишлоқ хўжалиги соҳалари, бизнес, адлия тизими, сиёсий тузилмалар ва медиа ўртасида жорий ишларни ўзаро мувофиқлаштиришни, шунингдек, вазият ва молиялаштиришни мунтазам мониторинг қилиб боришни талаб этади.

Афсуски, стигматизация (шахс ёки гуруҳни жамиятнинг бошқа аъзоларидан ажратиб кўрсатишга қаратилган ижтимоий камситиш) ва табу (муайян ижтимоий, маданий ёки диний сабабларга кўра тақиқланган, номақбул деб ҳисобланган ёки гапиришдан қочиладиган хатти-ҳаракатлар, мавзулар ва одатлар) ҳали ҳам жиддий тўсиқлигича қолмоқда. Шу сабабли ҳаётдан совиган одамлар ёрдам сўраб ҳеч кимга ва ҳеч қаерга мурожаат қилмайди.

Бугунги кунда саноқли мамлакатларгина суицид профилактикасини устувор вазифалар қаторига киритган. Қолаверса, атиги 38 та давлат айни соҳада ўз миллий стратегиясини ишлаб чиққан.

Бундан ташқари, ўз жонига қасд қилиш ҳолатларига доир сифатли маълумотлар етишмовчилиги сақланиб қолмоқда. ЖССТга аъзо 80 та мамлакатдагина ишончли демографик рўйхатга олиш тизими мавжуд.

Суицид даражасини пасайтириш халқаро миқёсдаги устувор вазифа сифатида эътироф этилиб, БМТнинг Барқарор ривожланиш бўйича кун тартибига ҳамда ЖССТ дастурларига киритилган. ЖССТнинг суициднинг олдини олишга доир 2014 йилдаги маърузаси ва 2021 йилдаги амалий қўлланмаси ушбу соҳадаги асосий ҳужжатлар бўлиб қолмоқда.

Ўзбекистонда ўз жонига қасд қилиш муаммоси, глобал миқёсда бўлгани каби, давлат даражасидаги жиддий масалалардан бири ҳисобланади. Мамлакатда ушбу салбий ҳолатнинг олдини олиш, унга мойиллиги бор шахсларни барвақт аниқлаш ва уларга комплекс ижтимоий-психологик ёрдам кўрсатиш бўйича тизимли чора-тадбирлар амалга ошириб келинмоқда.

ЖССТ ва маҳаллий статистика маълумотларига кўра, Ўзбекистонда суицид кўрсаткичи Марказий Осиё минтақасида ўртача даражада бўлиб, охирги йилларда бу кўрсаткични камайтиришга эришилмоқда. Бунда давлат томонидан кўрилаётган муҳим ҳуқуқий ва ташкилий чоралар алоҳида аҳамиятга эга.

Статистика бўйича ўз жонига қасд қилиш ҳолатларининг қарийб 57 фоизи – эркаклар, 43 фоизи – аёллар ҳиссасига тўғри келади. Бироқ, суицидга уриниш (яъни, тирик қолиш) ҳолатлари хотин-қизлар ва ёшлар орасида кўпроқ кузатилади.

Инсон ўз ширин жонига қасд қилишининг асосий сабаб ва омиллари нимада? Расмий ва соҳавий ўрганишлар суицидга қуйидаги омиллар энг кўп сабаб бўлаётганини кўрсатмоқда:

  • Оилавий низолар: Суицид ҳолатларининг қарийб 13,7 фоизи оилавий жанжаллар ва яқинлар билан келишмовчиликлар натижасида содир бўлади.

  • Руҳий тушкунлик (депрессия) ва касалликлар: Шахснинг ички эмоционал инқирозлари, сурункали руҳий касалликлар.

  • Моддий-маиший қийинчиликлар: Иқтисодий муаммолар ёки ишсизлик (тахминан 2,3 фоиз).

  • Наркотик ёки алкоголга қарамлик: Тахминан 1,7 фоиз ҳолатларда таъсир қилади.

  • Мухтасар айтганда, суицид профилактикаси, яъни ўз жонига қасд қилишнинг олдини олиш масаласи ҳам глобал, ҳам миллий кўламдаги масъулиятли вазифа ҳисобланади. Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 25-моддасида мустаҳкамлаб қўйилганидек, “Яшаш ҳуқуқи ҳар бир инсоннинг ажралмас ҳуқуқидир ва у қонун билан муҳофаза қилинади. Инсон ҳаётига суиқасд қилиш энг оғир жиноятдир”.

 

 

Инсон ҳуқуқлари бўйича

Ўзбекистон Республикаси

Миллий марказининг

матбуот хизмати

Nashr sanasi 11.09.2026 Ko'rishlar 165
Ulashish