БМТнинг Ўзбекистондаги доимий мувофиқлаштирувчиси Сабина Махл ўз нутқида халқаро мажбуриятлардан уларни амалда бажаришга — қонунчилик, самарали институтлар, бюджет механизмлари, давлат хизматлари ҳамда аҳоли ҳаётидаги аниқ ўзгаришлар орқали татбиқ этишга ўтиш зарурлигини таъкидлади.
Эришилган ютуқларни эътироф этар экан, у 2025 йилда БМТ кўмагида 12,8 миллион киши яхшиланган давлат хизматларидан фойдаланиш имкониятига эга бўлганини таъкидлади. Шунингдек, ижтимоий ҳимоянинг ривожланиши, болалар ҳимояси кучайтирилгани ҳамда БМТнинг 2026–2030 йилларга мўлжалланган Барқарор ривожланиш соҳасидаги ҳамкорлик бўйича доиравий дастури доирасида янги йўналишлар амалга оширилаётганини қайд этди.
Нутқда фуқаролик майдонини кенгайтириш, жамоатчилик иштирокини кучайтириш ҳамда қарорлар қабул қилиш жараёнида фуқаролик жамияти ва оммавий ахборот воситаларининг ролини ошириш зарурлигига алоҳида урғу берилди. Сабина Махлнинг сўзларига кўра, инсон ҳуқуқлари халқаро стандартлар туман шифохонаси, мактаб, суд, ижтимоий хизматлар маркази ва маҳалла фаолиятида ўз аксини топган тақдирдагина, пировардида, қуйи бўғинда — маҳаллий даражада рўёбга чиқади.
«Биз учун мажбуриятлардан уларни амалда татбиқ этишга ўтишнинг туб моҳияти айнан шунда: халқаро стандартлардан — миллий қонунларга; миллий қонунлардан — самарали фаолият кўрсатувчи институтларга; институтлардан — янада сифатли хизматларга; янада сифатли хизматлардан эса — одамлар ҳаётидаги реал ўзгаришларга эришиш демакдир».
Сўзи якунида Сабина Махл Бирлашган Миллатлар Ташкилоти амалга оширилаётган ислоҳотлар шунчаки қонунчилик даражасида қабул қилинибгина қолмай, балки аҳолининг бевосита ва мазмунли иштирокини таъминлаган ҳолда «ҳар бир минтақа, ҳар бир туман ва ҳар бир жамоада» изчил ҳаётга татбиқ этилишини таъминлаш йўлида Ўзбекистон билан ҳамкорликни давом эттиришга тайёр эканини билдирди.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
