Sayt xaritasi 00:00:00
Yangiliklar

«Самарқанд нигоҳи – 2040» БМТ Бош Ассамблеяси ҳужжатлари қаторида

2026 йил 20 октябрда Инсон ҳуқуқлари бўйича Бешинчи Самарқанд форумининг «Самарқанд нигоҳи – 2040: инсон қадр-қиммати, тенглик ва барқарор тараққиёт йўлидаги глобал ҳамкорлик» номли Якуний ҳужжати БМТ Бош Ассамблеяси 81-сессиясининг расмий ҳужжати сифатида A/81/444 рақами билан эълон қилинди.

Форум 2026 йил 28–29 сентябрь кунлари Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтди, Якуний ҳужжат эса 29 сентябрда якуний ялпи мажлисда қабул қилинди. Ҳужжат муқаддимасида унинг иштирокчилари сифатида давлат органлари, парламентлар, суд органлари, инсон ҳуқуқлари бўйича миллий муассасалар, БМТ органлари ва механизмлари, халқаро ва минтақавий ташкилотлар, академик доиралар ва фуқаролик жамияти вакиллари кўрсатилган.

Бош Ассамблея ҳужжати мақомини олгач, Форум Якуний ҳужжати матни БМТнинг расмий ҳужжатлар тизимига киритилди ва барча аъзо давлатлар учун очиқ бўлди. Энди унга шартнома органлари, Универсал даврий ҳисобот ва бошқа халқаро форматлардаги мулоқотда расмий ҳужжат сифатида ҳавола қилиш мумкин.

 Шу билан бирга ҳужжатнинг 22-бандида у янги халқаро-ҳуқуқий мажбуриятлар яратмаслиги, 23-бандида эса мавжуд универсал ва минтақавий механизмларни ўзгартирмаслиги аниқ ёзиб қўйилган. Бу ҳужжатнинг табиатини тўғри тушунтиради: у Форум иштирокчиларининг келишилган сиёсий мўлжали ва амалий ҳамкорлик дастуридир.

Ҳужжат мазмуни

Якуний ҳужжат муқаддима, олти бўлим, 24 банд ва “Йўл харитаси” иловасидан иборат. Муқаддимада Иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқлар тўғрисидаги ҳамда Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пактларнинг 60 йиллиги, Ривожланиш ҳуқуқи тўғрисидаги декларациянинг 40 йиллиги ва Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенциянинг 20 йиллиги қайд этилган. Ҳужжат 1993 йилги Вена декларацияси ва Ҳаракатлар дастури, 2030 йилгача бўлган даврда Барқарор ривожланиш соҳасидаги кун тартиби ва 2024 йилги Келажак учун пактга таянади.

Иккинчи бўлимда олтита раҳбарий тамойил белгиланган: универсаллик ва тенглик; ҳеч кимни четда қолдирмаслик; халқаро мажбуриятларни виждонан бажариш; инсон ҳуқуқлари, демократия ва ривожланиш; инсон ҳуқуқлари ва тинчлик; кўп томонламалик ва бирдамлик.

Учинчи бўлим тўққизта устувор йўналишни қамрайди. Улар инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро шартномаларни миллий даражада амалга ошириш, ривожланиш ҳуқуқи ва ижтимоий адолат, инклюзив жамият, демографик ўзгаришлар ва авлодлар бирдамлиги, аёллар ҳуқуқлари ва иқлим адолати, рақамли муҳит ва сунъий интеллект, атроф-муҳит ва иқлим ўзгариши, фуқаролик мавжуд эмаслигининг олдини олиш, тинчлик, хавфсизлик ва халқаро гуманитар ҳуқуқ йўналишларидир.

Ҳужжатнинг аксар бандлари аниқ чораларга қаратилган. Хусусан, 5-бандда Форум иштирокчилари БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссарининг Инсон ҳуқуқлари бўйича глобал альянс тузиш ташаббусини қўллаб-қувватлаган.

Шу бандда шартнома органлари ва Универсал даврий ҳисобот тавсияларини бажаришнинг миллий механизмларини кучайтириш, бу ишда парламентларнинг мунтазам кўриб чиқишини рағбатлантириш ҳамда шартнома органларининг индивидуал ишлар бўйича қарашларини бажариш тизимини такомиллаштириш талаби бор.

9-бандда сунъий интеллектни инсон қадр-қиммати ва ҳуқуқларига ҳурмат асосида ривожлантириш, шахсга доир маълумотларни ҳимоя қилиш ва алгоритмик тизимлар келтириб чиқарадиган камситишнинг олдини олиш назарда тутилган.

Айрим бандлар бевосита Марказий Осиё минтақасига тегишли. Яъни:

10-бандда Орол денгизи инқирозининг экологик ва ижтимоий оқибатларига алоҳида эътибор қаратишга чақирилган.

11-бандда 2040 йилгача фуқаролик мавжуд эмаслигини сезиларли қисқартиришга интилиш вазифаси қўйилган.

12-бандда Марказий Осиё учун «Аёллар, тинчлик ва хавфсизлик» кун тартибини амалга ошириш бўйича биринчи Минтақавий ҳаракатлар режаси ишлаб чиқилгани мамнуният билан қайд этилган, Ўзбекистоннинг 2027–2029 йилларда Қўшилмаслик ҳаракатига раислик қилиши ҳам тилга олинган.

Тўртинчи бўлим «Самарқанд шериклиги» деб номланган. Унда Самарқанд форумини халқаро мажбуриятларни амалда бажариш бўйича доимий халқаро мулоқот майдонига айлантириш таклифи (13-банд) ва Халқаро пактларни амалга ошириш бўйича Самарқанд рақамли ҳамкорлик платформасини яратиш ташаббуси (14-банд) берилган. 16-бандда 2031 йилда Ўзбекистонда Жиноятчиликнинг олдини олиш ва жиноий одил судлов бўйича БМТнинг ўн олтинчи Конгрессини ўтказиш тўғрисидаги қарор қабул қилинган.

«Йўл харитаси» ва Миллий марказ зиммасидаги вазифалар

 Ҳужжатда белгиланган вазифалар муддатлари билан бирга кўрсатилган. 20-бандда қуйидагича индикатив йўл харитаси берилган:

  • 2026–2027 йилларда рақамли платформа бўйича маслаҳатлашувлар;

  • 2027–2028 йилларда кўрсаткичлар тизими ва ихтиёрий ахборот алмашинув методологиясини ишлаб чиқиш;

  • 2028–2030 йилларда биринчи ихтиёрий ҳисобот;

  • 2030–2035 йилларда оралиқ ҳисобот;

  • 2035–2040 йилларда якуний ихтиёрий ҳисобот.

Иловадаги йўл харитаси 8 та тадбирдан иборат бўлиб, уларнинг бештаси бўйича ижрочи сифатида Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази кўрсатилган. Муддатлар ва ижрочилар индикатив хусусиятга эга ва Форум шериклари билан келишилади.

«Йўл харитаси»нинг биринчи банди ҳужжатни БМТ, ЕХҲТ, Ислом ҳамкорлик ташкилоти ва бошқа халқаро ҳамда минтақавий ташкилотлар органлари орасида тарқатишни назарда тутади ва унга 2026 йилнинг IV чораги муддат қилиб белгиланган. A/81/444 ҳужжатининг тарқатилиши билан бу вазифанинг БМТга тегишли қисми бажарилди. Ҳужжатни бошқа халқаро ташкилотларнинг расмий ҳужжати сифатида тарқатиш бўйича иш Ташқи ишлар вазирлиги билан биргаликда давом эттирилмоқда.

2027 йилда Миллий марказ устувор йўналишлар бўйича кўрсаткичлар тизимини ишлаб чиқиши лозим. «Йўл харитаси»га кўра, бу тизимда имкон қадар БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Бошқармаси кўрсаткичлари ва Барқарор ривожланиш мақсадлари кўрсаткичларидан фойдаланилади. Шу йили форум шерикларига Самарқанд рақамли ҳамкорлик платформаси концепцияси ҳам тақдим этилиши керак. 2028 йилда биринчи ихтиёрий шарҳ натижалари навбатдаги Самарқанд форумида кўриб чиқилади, 2030 йилда эса ҳужжат билан Барқарор ривожланиш мақсадлари ўртасидаги боғлиқлик академик доиралар билан биргаликда таҳлил қилинади.

Давлат органлари ҳам аниқ вазифа олган. 18-банд ва «Йўл харитаси»нинг 4-бандига кўра, 2027–2030 йилларда ҳужжат қоидалари миллий стратегиялар, дастурий ҳужжатлар ва ҳаракатлар режаларида инобатга олинади. Бу иш натижалари БМТ шартнома органларига ва Универсал даврий ҳисобот доирасида тақдим этиладиган миллий маърузаларда акс эттирилиши назарда тутилган.

Шу сабабли ҳужжатнинг БМТ расмий ҳужжати мақомини олиши миллий ҳисоботларда унга ҳавола қилишни анча енгиллаштиради.

2036 йилда Халқаро пактларнинг 70 йиллиги, Ривожланиш ҳуқуқи тўғрисидаги декларациянинг 50 йиллиги ва Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенциянинг 30 йиллигига бағишланган юбилей шарҳи, 2040 йилда эса якуний ихтиёрий шарҳ ўтказилади. Шу тариқа Форум иштирокчилари Самарқандда қабул қилинган вазифалар ижросини кейинги ўн тўрт йил давомида мунтазам кўриб чиқишга келишиб олдилар.

Миллий марказнинг Инсон ҳуқуқлари

соҳасида халқаро ҳамкорлик бўлими

Nashr sanasi 30.10.2026 Ko'rishlar 44
Ulashish