Sayt xaritasi 00:00:00
Yangiliklar

ИНСОН ҲУҚУҚЛАРИ БЎЙИЧА V САМАРҚАНД ФОРУМИНИНГ ЯКУНИЙ ҲУЖЖАТИ БМТДА ЭЪТИРОФ ЭТИЛДИ

2026 йилнинг 28-29 сентябрь кунлари мамлакатимизда Инсон ҳуқуқлари бўйича V Самарқанд форуми ўтказилди. Форумнинг якуний ҳужжати БМТ Бош Ассамблеяси 81-сессиясининг расмий ҳужжати мақомини олди ва жорий йилнинг 20 октябрь куни араб, хитой, инглиз, француз, рус ҳамда испан тилларида БМТнинг расмий веб-сайтига жойлаштирилди (А/81/444 рақамли айни ҳужжат матни билан https://documents.un.org сайтида танишиш мумкин).

Ўзбекистон Республикаси Президенти ташаббуси билан асос солинган Инсон ҳуқуқлари бўйича Самарқанд форумлари 2018 йилдан бери мамлакатимизда ҳар икки йилда анъанавий тарзда ўтказиб келинмоқда. Ушбу нуфузли халқаро форум 2018 йилда “Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси қабул қилинганининг 70 йиллиги якунлари: замонавий таҳдидлар ва реал воқелик”, 2020 йилда “Ёшлар – 2020: глобал бирдамлик, барқарор ривожланиш ва инсон ҳуқуқлари”, 2022 йилда “Инсон ҳуқуқлари соҳасида таълим”, 2024 йилда “Экологик таҳдидлар: ўзгараётган дунёда инсон ҳуқуқларининг истиқболи ва барқарор ечимларни излаш” мавзусида ташкил этилган.

2026 йилда бўлиб ўтган Инсон ҳуқуқлари бўйича V Самарқанд форуми “Инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро пактларнинг 60 йиллиги ва Ривожланиш ҳуқуқи тўғрисидаги декларациянинг 40 йиллиги: инсон қадр-қиммати, тенглик ва барқарор тараққиёт йўлида глобал шериклик” мавзусига бағишланди.

Форумда 200 нафардан ортиқ халқаро, минтақавий, хорижий ва миллий ташкилотлар вакиллари оффлайн ва онлайн форматда иштирок этди. Анжуманнинг биринчи куни Тошкент, иккинчи куни Самарқанд шаҳрида ташкил этилди.

Форумнинг биринчи кунида 2 та ялпи мажлис ва 7 та параллел сессия ўтказилиб, иштирокчиларнинг 100 дан ортиқ маърузалари тингланди ва қизғин муҳокамалар олиб борилди.

Нуфузли анжуманнинг иккинчи кунида Самарқанд шаҳрида форумнинг якуний ҳужжати қабул қилинди. “Самарқанд нигоҳи – 2040: инсон қадр-қиммати, тенглик ва барқарор тараққиёт йўлида глобал ҳамкорлик” деб номланган ушбу ҳужжат муқаддима ва 6 бобдан иборат. Шунингдек, ҳужжатга унинг ижросини таъминлаш бўйича “йўл харитаси” илова қилинган.

Форумнинг якуний ҳужжатида қайд этилишича, инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро тизим қуйидагилар асосида мустаҳкамланиши лозим:

  • универсаллик ва тенглик;

  • халқаро ҳуқуқ ва стандартларнинг миллий даражада амалга оширилиши;

  • ижтимоий адолатнинг таъминланиши ҳамда қашшоқлик ва тенгсизликнинг қисқартирилиши;

  • инклюзивлик ва тенг имкониятлар;

  • рақамли ва табиий муҳитда инсон ҳуқуқларининг ҳимоя қилиниши;

  • можароли ва инқирозли вазиятларда инсон қадр-қимматининг ҳимоя қилиниши;

  • халқаро бирдамлик ва кўп томонлама ҳамкорлик.

Шунингдек, ҳужжатда инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро шартномалар ва уларнинг миллий даражада самарали амалга оширилиши, ривожланиш ҳуқуқи, ижтимоий адолат, инклюзив жамият, демографик ўзгаришлар, инсон капитали, авлодлараро бирдамлик, гендер тенглик, рақамли муҳит, сунъий интеллект, атроф-муҳит ва иқлим ўзгариши, фуқароликка эга эмасликнинг олдини олиш ва уни қисқартириш, тинчлик, хавфсизлик ва халқаро гуманитар ҳуқуқ каби устувор йўналишлардаги долзарб вазифалар белгиланган.

Ушбу ҳужжат инсон қадр-қиммати ва тенгликни таъминлаш, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг универсал тизимини мустаҳкамлаш ҳамда барқарор тараққиётни рағбатлантириш йўлида халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлашга ҳисса қўшади.

 

       Азизбек РАМАЗОНОВ,

“Демократлаштириш ва инсон ҳуқуқлари” журнали бош муҳаррирининг ўринбосари

Nashr sanasi 30.10.2026 Ko'rishlar 37
Ulashish