Sayt xaritasi 00:00:00
Yangiliklar

АХБОРОТ – ТАРАҚҚИЁТНИНГ МУҲИМ ОМИЛИ

Ҳар йили 24 октябрда нишонланадиган Бутунжаҳон ахборот ривожланиши куни ахборотнинг жамият тараққиёти, халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш ҳамда инсон фаровонлигини таъминлашдаги беқиёс аҳамиятини яна бир бор эслатиб турувчи муҳим сана ҳисобланади. Ушбу кун ривожланиш билан боғлиқ муаммоларни ҳал этишда иқтисодий ресурслар ва сиёсий ирода билан бир қаторда, аҳолининг зарур ахборотдан хабардорлиги, замонавий билим ва кўникмаларга эгалиги, шунингдек, жамият ҳаётида фаол қатнашиши ҳал қилувчи аҳамият касб этишини таъкидлайди.

БМТ Бош Ассамблеясининг 1972 йил 19 декабрдаги 3038 (XXVII)-сон резолюцияси билан таъсис этилган мазкур куннинг асосий мақсади жаҳон жамоатчилиги эътиборини ривожланиш муаммоларига қаратиш, уларни ҳал этишда халқаро ҳамкорликни кучайтириш ва жамоатчилик фикрини сафарбар қилишдан иборат. Мазкур ташаббусда ахборотни кенг тарқатиш, айниқса, ёшларнинг ривожланиш масалаларига оид хабардорлигини ошириш муҳим восита сифатида эътироф этилган.

Бугунги кунда мамлакатлар тараққиётини фақат иқтисодий ўсиш билан баҳолаб бўлмайди. Сифатли таълим ва тиббий хизматлардан фойдаланиш, муносиб меҳнат билан банд бўлиш, ижтимоий ҳимоя ва давлат бошқарувида иштирок этиш имкониятлари ҳам тараққиётнинг муҳим мезонларидир. Бироқ мавжуд имкониятлар ҳақида етарли маълумотга эга бўлмаган инсон улардан самарали фойдалана олмаслиги мумкин.

Масалан, ижтимоий ёрдам, таълим дастурлари, соғлиқни сақлаш хизматлари ёки тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш механизмлари ҳақидаги маълумотлар аҳолига етиб бормаса, улардан ҳамма бирдек фойдалана олмайди. Шу боис ахборотнинг мавжудлиги билан бирга, унинг ўз вақтида, ишончли ва тушунарли шаклда тақдим этилиши ҳамда турли ижтимоий гуруҳлар учун ундан фойдаланиш имконияти яратилиши муҳим. Демак, ахборот инсон салоҳиятини рўёбга чиқариш, ижтимоий тенгсизликни камайтириш ва давлат билан жамият ўртасидаги ишончни мустаҳкамлаш омилидир.

Бутунжаҳон ривожланиш ахбороти кунининг мазмунини фақат ахборот олиш ҳуқуқи билан чеклаш тўғри эмас. Унинг асосий вазифаси ривожланиш муаммолари ҳақида хабардорликни ошириш ва уларни ҳал этишда халқаро ҳамкорликни рағбатлантиришдир. Ахборот олиш ҳуқуқи эса аҳолининг ривожланиш жараёнларидаги иштирокини кенгайтириш ва тараққиёт натижаларидан фойдаланиш имкониятларини яхшилашга хизмат қиладиган муҳим ҳуқуқий кафолатдир.

Ривожланиш ва ахборотдан фойдаланиш ўртасидаги узвий боғлиқлик БМТнинг 2030 йилгача бўлган даврда Барқарор ривожланиш кун тартибида ҳам ўз ифодасини топган. Хусусан, Барқарор ривожланиш мақсадларининг 16.10-вазифаси миллий қонунчилик ва халқаро келишувларга мувофиқ жамоатчиликнинг ахборотдан фойдаланишини таъминлаш ҳамда асосий эркинликларни ҳимоя қилишни назарда тутади. Бу эса ахборотдан фойдаланиш имкониятини тинч, адолатли ва самарали бошқарувнинг муҳим шартларидан бири сифатида намоён этади.

Очиқ ва ишончли маълумотлар фуқароларга ҳаётига тааллуқли қарорларни онгли равишда қабул қилиш, давлат хизматларидан фойдаланиш, жамоатчилик муҳокамаларида қатнашиш ва давлат органлари фаолияти устидан назорат олиб бориш имконини беради. Бироқ бунинг учун ахборотни эълон қилишнинг ўзи кифоя эмас: унинг ҳаммабоплиги, тушунарлилиги ва ундан тенг фойдаланиш имкониятлари ҳам таъминланиши зарур.

Замонавий ахборот муҳитида рақамли тафовут, интернетдан фойдаланиш имкониятларининг тенг эмаслиги, ахборот саводхонлигининг етарли даражада шаклланмагани ва ёлғон маълумотларнинг тарқалиши ишончли ахборот олишга тўсқинлик қилиши мумкин. Бу эса айрим инсонларнинг мавжуд имкониятлардан фойдаланишини қийинлаштиради, нотўғри хулосалар чиқаришига ёки ижтимоий жараёнлардан четда қолишига олиб келиши эҳтимолини оширади.

Шу сабабли самарали ахборот сиёсати маълумотларни эълон қилиш билангина чекланмаслиги лозим. Ёшлар, кексалар, ногиронлиги бўлган шахслар ва чекка ҳудудларда яшовчилар учун ахборотдан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш, рақамли инфратузилмани ривожлантириш, ахборот саводхонлигини ошириш, давлат маълумотларини содда ва тушунарли шаклда тақдим этиш ҳамда манбалар ишончлилигини таъминлаш зарур.

Мазкур вазифалар Ўзбекистонда ҳам ахборот олиш ва уни тарқатиш эркинлигини таъминлаш, давлат органлари фаолияти очиқлигини ошириш ва фуқароларнинг ахборотдан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш билан чамбарчас боғлиқ. Бу йўналишдаги конституциявий кафолатлар ҳуқуқий демократик давлат ва очиқ фуқаролик жамиятини ривожлантиришнинг муҳим асосидир.

Хусусан, Конституциямизнинг 33-моддасида ҳар кимнинг фикрлаш, сўз ва эътиқод эркинлиги кафолатланган, шунингдек, ахборотни излаш, олиш ва тарқатиш ҳуқуқи белгиланган. Конституциянинг 34-моддасига кўра, давлат органлари ва ташкилотлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ҳамда уларнинг мансабдор шахслари ҳар кимга ҳуқуқ ва қонуний манфаатларига дахлдор ҳужжатлар, қарорлар ва бошқа материаллар билан танишиш имкониятини таъминлаши шарт.

Ушбу нормалар ахборот олиш ҳуқуқининг ҳуқуқий асосларини белгилаш билан бирга, давлат органлари фаолиятида очиқлик ва шаффофликни таъминлаш, фуқароларнинг давлат бошқарувида иштирокини кенгайтириш учун ҳам замин яратади. Бироқ ҳуқуқий кафолатларнинг самараси қонунчилик талабларининг амалда бажарилиши ва фуқароларнинг ахборотдан фойдаланиш имкониятлари қай даражада таъминланганига боғлиқ.

 

Наврўзбек АСЛОНОВ,

Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази масъул ходими

"Iste’mol madaniyati" газетасининг 2026 йил 29 октябрь кунги 20 (236)-сони

Nashr sanasi 02.11.2026 Ko'rishlar 257
Ulashish