Ҳуқуқ-тартибот идоралари вакиллари аёллар етакчилиги масалаларини муҳокама қилмоқда

14-15 май кунлари Тошкент шаҳрида “Аёллар етакчилигини рағбатлантириш” мавзусида тренинг бўлиб ўтмоқда. Машғулотлар Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази томонидан ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги лойиҳалари мувофиқлаштирувчиси билан ҳамкорликда ташкил этилди.

 Тадбир жамият ҳаётининг турли жабҳаларида, жумладан, иқтисодиёт, сиёсат, таълим ва маданият соҳаларида хотин-қизлар мавқеини оширишга қаратилган инновацион ёндашувларни муҳокама қилиш учун қулай майдон бўлиб хизмат қилмоқда. Ўқув машғулотларида Олий суд, Бош прокуратура, Мудофаа ва Ички ишлар вазирликлари, Миллий гвардия, Божхона қўмитаси вакиллари иштирок этмоқда.

Етакчилик ва бошқарувни ривожлантириш бўйича халқаро эксперт Елена Молл машғулотларда асосий тренер сифатида қатнашмоқда.

Ўзбекистон БМТнинг Хотин-қизларга нисбатан камситишнинг барча шаклларига барҳам бериш тўғрисидаги конвенцияси қоидаларини амалга оширишда улкан ижобий тажрибага эга. Бу ҳақда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидов ўз кириш сўзида батафсил тўхталди.

Ўзбекистонда гендер сиёсатини амалга ошириш борасида эришилган муваффақиятлар алоҳида қайд этилди. Жумладан, парламентдаги хотин-қизларнинг улуши изчил ортиб бораётгани ва айни вақтда бу кўрсаткич 32 фоиздан ошганига эътибор қаратилди.

Мамлакатимиз ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларида хотин-қизларнинг ўрни ва ролини кучайтириш нафақат миллий хавфсизликни таъминлаш билан боғлиқ муҳим соҳаларда ушбу жинс вакилларининг кенг иштирокини таъминлаш, айни чоғда мазкур йўналишда истиқболли қарорлар қабул қилиш жараёнларини турли нуқтаи назарлар билан бойитиш имконини ҳам беради. Бундай ёндашув, А.Саидов таъкидлаганидек, давлатнинг барқарор ривожланиши учун мустаҳкам пойдевор ҳисобланувчи тенглик ва адолат тамойилларини ҳаётга татбиқ этишнинг асосий омилларидандир.

Бугунги кунда мамлакатимизда турли даражадаги раҳбарлик лавозимларида 2 минг нафарга яқин мутахассис хотин-қиз меҳнат қилмоқда. Бу рақам умумий кўрсаткичнинг қарийб 37 фоизини ташкил этмоқда ва тобора ортиб бормоқда. Бундай ютуқларга Ўзбекистон Президенти ташаббуси билан қабул қилинган хотин-қизлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, уларнинг ижтимоий мавқеини мустаҳкамлашга қаратилган тизимли қонунчилик ташаббуслари туфайли эришаяпмиз.

Сўнгги йилларда таълим, меҳнат ва ижтимоиёт соҳаларидаги ресурслар ҳамда имкониятлардан аёллар ва эркакларнинг тенг фойдаланишини таъминлашга қаратилган бир қатор қонун ҳужжатлари қабул қилинди. Бу ўринда, жумладан, "Аёллар ва эркакларнинг тенг ҳуқуқ ва имкониятларининг кафолатлари тўғрисида" ҳамда “Аёлларни зулм ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонунларни санаб ўтиш мумкин.

А.Саидов ўз сўзи якунида семинар иштирокчиларини Ўзбекистонда тўлиқ гендер тенглиги сари интилишни давом эттиришга чақирди. Бунинг учун, ўз навбатида, олинган билим ва амалиётларни ҳаётга фаол татбиқ қилиш тақозо этилади.

ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги лойиҳалари мувофиқлаштирувчисининг халқаро маслаҳатчиси Эндрю Юковский таъкидлаганидек, БМТ Хавфсизлик кенгаши 2000 йилда аёллар, тинчлик ва хавфсизлик бўйича ўзининг биринчи тарихий резолюциясини қабул қилди. БМТ Хавфсизлик кенгашининг 1325-сонли мазкур ҳужжати ўзига хос амалий восита ва андоза ҳисобланади, чунки бу билан тинчлик ва хавфсизликни сақлаш ҳамда мустаҳкамлашда аёлларнинг тўлақонли иштироки муҳимлиги жаҳон ҳамжамияти даражасида илк марта эътироф этилган.

Ўз навбатида, халқаро эксперт Елена Молл “Аёллар етакчилигини рағбатлантириш” ташаббусининг стратегик аҳамиятига эътиборни қаратди. Унинг фикрича, мазкур тренинг нафақат иштирокчилар малакасини оширишга хизмат қилади, балки кўп тармоқли билим ва тажриба алмашиш, шунингдек, турли соҳаларнинг етакчи аёллари ўртасида илғор амалиётлар шаклланиши учун ўзига хос платформа вазифасини ўтайди.

Тренинг доирасида аёллар етакчилигини тарғиб қилиш бўйича халқаро ва миллий экспертлар ўз билим, кўникма ва тажрибалари билан ўртоқлашмоқда. Улар дунёнинг турли минтақаларида етакчилик ролларини эгаллашда аёллар дуч келадиган асосий муаммо ва қийинчиликларни таҳлил этган ҳолда, бу борадаги энг мақбул ечимларни илгари сурмоқдалар.

Муҳокамаларда муваффақиятли амалиёт ва стратегиялар изчил ўрганилмоқда. Хотин-қизларнинг жамиятдаги мавқеини мустаҳкамлаш, уларнинг сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий соҳалардаги таъсирини оширишга қаратилган нормалар ва қонунчилик чора-тадбирларини ҳаётимизга самарали татбиқ этишга оид мисоллар атрофлича кўриб чиқилмоқда.

Тадбир унинг иштирокчилари бўлган ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари вакиллари учун фойдали ва аҳамиятлидир. Чунки уларнинг орттирган янги билим ва кўникмалари хотин-қизлар етакчилигини таъминлаш борасидаги фаоллигини янада оширишга ҳамда касб маҳоратини мустаҳкамлашга хизмат қилади.

 

Инсон ҳуқуқлари бўйича

Ўзбекистон Республикаси

Миллий марказининг

 матбуот хизмати

UzDaily.uz 

 «Янги Ўзбекистон» ва «Правда Востока» газеталари таҳририяти

Darakchi.uz

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech