Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси лойиҳаси – фуқаролик жамияти муҳокамасида

Шу кунларда Янги Ўзбекистоннинг 2022–2026 йилларга мўлжалланган тараққиёт стратегияси лойиҳаси жамоатчилигимиз томонидан кенг муҳокама қилинмоқда. Бу борада Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати билан ҳамкорликда турли соҳа вакиллари билан туркум мулоқотлар ўтказишни йўлга қўйди.

7 январь куни айни мавзудаги илк мулоқот фуқаролик жамияти институтларининг юз нафарга яқин фаоли иштирокида офлайн ва онлайн тарзда ташкил этилди.

Тадбирни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидов очар экан, Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегиясининг муҳим жиҳатларига тўхталди.

Маълумки, Ўзбекистон Республикасини 2017–2021 йилларда ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси доирасида ўтган даврда давлат ва жамият ҳаётининг барча соҳаларини тубдан ислоҳ этишга қаратилган 300 га яқин қонун, Президентнинг 4 мингдан зиёд фармон ва қарорлари қабул қилинди. Шунингдек, инсон ҳуқуқларини таъминлаш, давлат органларининг ҳисобдорлиги ва очиқлигини кучайтириш ҳамда фуқаролик жамияти институтлари, оммавий ахборот воситаларининг роли, аҳоли ва жамоат бирлашмаларининг сиёсий фаоллигини ошириш бўйича тизимли ишлар амалга оширилди.

Айни вақтда Янги Ўзбекистоннинг 2022–2026 йилларга мўлжалланган тараққиёт стратегияси лойиҳасини кенг жамоатчилик иштирокида қизғин муҳокама қилиш жараёни давом этмоқда. Ушбу ҳужжатдан кўзланган мақсад “Ҳаракатлар стратегиясидан – Тараққиёт стратегияси сари” тамойили асосида аҳоли фаровонлигини янада юксалтириш, иқтисодиёт тармоқларини трансформация қилиш, инсон ҳуқуқлари ва манфаатларини сўзсиз таъминлаш, фаол фуқаролик жамиятини ривожлантириш борасидаги ислоҳотларнинг устувор йўналишларини белгилаб олишдир.

Фуқароларга лойиҳа юзасидан ўз таклиф ва мулоҳазаларини regulation.gov.uz, jamoatchilik.uz ва 2022-2026.strategy.uz электрон платформалари орқали ёзиб қолдириш имкониятлари яратилган.

Нодавлат нотижорат ташкилотлари вакиллари билан ўзаро мулоқотда инсон шаъни ва қадр-қимматини ҳурмат қилиш орқали инсонпарвар давлат барпо этиш ҳамда эркин фуқаролик жамиятини янада ривожлантириш истиқболлари хусусида сўз юритилди. Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси лойиҳасида таъсирчан жамоатчилик назоратини амалга оширишнинг ташкилий-ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш назарда тутилганига алоҳида эътибор қаратилди.

Бунда, жумладан, қуйидагилар таклиф этилмоқда:

  • жамоатчилик назоратини амалга оширишнинг замонавий шаклларини ривожлантириш;
  • халқ депутатлари Кенгашлари ҳузуридаги нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фондларига ажратилаётган маблағлар ҳажмини 7 баробарга ошириш.

Мулоқот асносида айрим давлат функцияларини амалга ошириш жараёнига жамоатчилик назорати субъектларини кенг жалб қилиш, аҳолининг ижтимоий-сиёсий фаоллиги ва сайлов маданиятини ошириш, сайловларга оид халқаро стандартларни қонунчиликка имплементация қилиш ишларини давом эттириш муҳимлиги таъкидланди.

Тадбир иштирокчиларининг фикрича, давлат органлари фаолиятини ўрганишда ижтимоий сўровлар ўтказиш ҳамда аниқланган камчиликларни очиқ муҳокама қилиш амалиётини йўлга қўйиш ўз самарасини беради.

Шу билан бирга, жамоатчилик мулоқотида ижтимоий шерикликнинг самарадорлиги, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини давлат томонидан субсидиялар, грантлар ва ижтимоий буюртмалар шаклларида қўллаб-қувватлаш ҳажмини ошириш юзасидан берилган таклифлар бўйича ҳам атрофлича фикр алмашинди.

 

Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech