Фаолиятнинг асосий йўналишлари
Мамлакатимизда кенг кўламли ислоҳотларни изчил амалга ошириш натижасида Янги Ўзбекистонни барпо этишнинг зарур сиёсий-ҳуқуқий, ижтимоий-иқтисодий ва илмий-маърифий асослари яратилмоқда. Шу жумладан, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикасининг миллий стратегиясини изчил амалга ошириш юзасидан зарур чора-тадбирлар кўрилди.
Ўзбекистон Республикаси мамлакатимиз тарихида биринчи марта Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг аъзоси этиб сайланди ва Президентимиз Шавкат Мирзиёев ушбу нуфузли халқаро ташкилотнинг 46-сессиясида нутқ сўзлаб, қуйидаги ташаббусларни илгари сурди:
- ижтимоий-сиёсий ҳаётда ва ишбилармонлик соҳасида аёлларнинг ролини тубдан ошириш;
- БМТ Иқтисодий ва ижтимоий кенгашининг ўнинчи форумида “Ёшлар ҳуқуқлари тўғрисида”ги конвенция лойиҳасини тақдим этиш;
- Ёшлар ҳуқуқлари бўйича махсус маърузачи институтини таъсис этиш;
- алоҳида эҳтиёжга эга бўлган шахсларнинг ҳуқуқларини таъминлаш;
- “Инсон ҳуқуқлари соҳасида таълим” декларациясининг 10 йиллигига бағишлаб глобал форум ўтказиш;
- фуқаролиги бўлмаган шахслар сонини камайтириш;
- фуқаролик жамияти институтларини янада ривожлантириш, сўз эркинлигини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш;
- қийноқларнинг олдини олиш бўйича миллий превентив механизмни жорий этиш.
Мамлакатимизда инсон ҳуқуқлари соҳасида халқаро мажбуриятларга риоя этилиши бўйича Парламент комиссияси тузилди. Ўзбекистон Республикаси миллий қонунчилик ва ҳуқуқий амалиётни инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро стандартларга мослаштириш мақсадида Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг “Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисида”ги халқаро конвенцияси ва Халқаро меҳнат ташкилотининг “Меҳнат хавфсизлиги ва гигиенасига кўмаклашувчи асослар тўғрисида”ги конвенциясини ратификация қилди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Бола ҳуқуқларининг кафолатларини таъминлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони, “Зўрлик ишлатишдан жабр кўрган хотин-қизларни реабилитация қилишга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ва “Қийноққа солиш ҳолатларини аниқлаш ва уларнинг олдини олиш тизимини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорлари ҳам инсон ҳуқуқ ва эркинликларининг ҳуқуқий асосларини такомиллаштиришга йўналтирилган.
Миллий стратегия “йўл харитаси”нинг ижроси доирасида БМТнинг Инсон ҳуқуқлари ва Қочоқлар масалалари бўйича Олий комиссарлари бошқармалари, БМТнинг Ривожлантириш дастури, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Ўзбекистондаги Лойиҳалари мувофиқлаштирувчиси билан ҳамкорликда суд ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг 500 нафардан ортиқ раҳбар-ходимларининг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги малакаси оширилди.
Ўзбекистоннинг БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашига аъзолиги доирасида 2021-2023 йилларга мўлжалланган “йўл харитаси” асосида мамлакатимиз тарихида биринчи маротаба Ўзбекистон Республикаси ташаббуси билан “COVID–19 пандемиясининг ёшлар ҳуқуқларига таъсири тўғрисида”ги резолюция қабул қилинди.
Шунингдек, АҚШ Давлат департаменти томонидан Ўзбекистон диний эркинлик соҳасидаги “махсус кузатувдаги давлатлар” рўйхатидан чиқарилди ҳамда мамлакатимизнинг одам савдосига қарши кураш соҳасида эришган ютуқлари эътироф этилди.
Янги Ўзбекистоннинг 2022 – 2026 йилларга мўлжалланган тараққиёт стратегияси ҳам “Инсон қадри учун” тамойили асосида халқимизнинг фаровонлигини янада ошириш, инсон ҳуқуқлари ва манфаатларини сўзсиз таъминлаш ҳамда фаол фуқаролик жамиятини шакллантириш мақсадларига йўналтирилган. Бу 2022 йил мамлакатимизда “Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили” деб эълон қилинишида ҳам ўз ифодасини топди.
Тараққиёт стратегияси номини олган бу улкан режаларда инсон қадрини юксалтириш ва эркин фуқаролик жамиятини янада ривожлантириш орқали халқпарвар давлат барпо этиш кўзда тутилмоқда. Хусусан, бошқарув органларининг “Давлат – инсон учун” тамойили асосида ҳудудий масалаларни ҳал қилишдаги масъулияти ва жавобгарлигини кучайтириш, тадбиркорликни ривожлантириш учун қўшимча қулайликлар яратиш, ўрта таълим тизимини замон талабларига мослаштириш, иқтидорли ўқитувчи ва шифокорларнинг иш ҳақларини малака тоифасига қараб табақалаштирилган ҳолда ошириш, ҳудудларда бирламчи тиббий хизматни “бир қадам” тамойили асосида йўлга қўйиш белгиланган.
Инсон ҳуқуқлари соҳасида халқаро ва минтақавий тузилмалар билан ҳамкорликни ривожлантириш
Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий стратегияда инсоннинг шахсий, иқтисодий, ижтимоий, сиёсий, маданий ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлаш кафолатларини кучайтириш мақсадида Бирлашган Миллатлар Ташкилоти, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасидаги халқаро ва минтақавий тузилмалар билан ҳамкорликни ривожлантириш вазифаси белгилаб қўйилган.
Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий марказ 2021 йилда ушбу йўналишда ҳалқаро ҳамкорликни янда кенгайтириб ва чуқурлаштириб борди. Жумладан, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Ўзбекистондаги Лойиҳалари мувофиқлаштирувчиси билан биргаликда мамлакатда БМТнинг “Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисида”ги конвенцияси қоидаларини амалга ошириш бўйича миллий маслаҳатлашув ўтказди. Ўзбекистон Республикаси БМТнинг “Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисида”ги конвенциясини ратификация қилди ҳамда “Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари тўғрисида”ги қонун қабул қилинди.
Ўтган йилда Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий марказ томонидан халқаро ва минтақавий ташкилотлар билан ҳамкорликда қуйидаги тадбирлар ўтказилди:
- БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари бошқармаси минтақавий ваколатхонаси, БМТнинг Ўзбекистондаги Тараққиёт дастури ва Парламентлараро Иттифоқ билан “Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва тарғиб қилишда парламентнинг роли: ногиронлар ҳуқуқларини ҳимоя қилишни кучайтириш ва қийноқларга қарши курашиш” мавзусида Парламент анжумани;
- БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари бошқармасининг Марказий Осиёдаги Минтақавий ваколатхонаси, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Ўзбекистондаги Лойиҳалари мувофиқлаштирувчиси билан “Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълим: халқаро тажриба ва миллий амалиёт” мавзусида халқаро анжуман;
- Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Қочоқлар ишлари бўйича агентлиги билан “Қочоқларни ҳимоя қилиш бўйича халқаро ҳуқуқ стандартлари. “Қочоқлар мақоми тўғрисида”ги конвенция ратификациясидан кейинги мажбуриятлар” мавзусида семинар;
- БМТнинг Ривожланиш дастури билан “Ўзбекистон Республикасининг БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича мажбуриятларининг бажарилиши ва мавжуд миллий маърузаларни тайёрлаш бўйича миллий механизмлар ҳамда шундан кейинги фаолиятни кўриб чиқиш” мавзусида тренинг;
- Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Миллий озчиликлар бўйича Олий комиссари офиси ҳамда ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги Лойиҳалари мувофиқлаштирувчиси билан ҳамкорликда давлат тилида нашр этилган “Ўзбекистон Республикасида одил судлов ва миллий озчиликларга доир Грац тавсиялари” китоби тақдимоти;
- БМТнинг Наркотиклар ва жиноятчилик бўйича бошқармасининг Марказий Осиё бўйича ҳудудий бўлинмаси, БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари бошқармасининг Марказий Осиё бўйича ҳудудий бўлинмаси билан ҳамкорликда “Қийноққа солишга қарши курашиш: халқаро амалиёт ва миллий тажриба” мавзусида ўқув курси ташкил этилди.
ЕХҲТнинг Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси директори Маттео Мекаччи Ўзбекистонга ташрифи доирасида Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий марказ директори А.Саидов билан учрашувида ўзаро ҳамкорликни янада кенгайтириш ва чуқурлаштириш масалалари муҳокама этилди.
Шуниндек, Миллий марказ директори қуйидагилар билан музокаралар ўтказди:
- БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари бошқармасининг Марказий Осиёдаги минтақавий вакили Ришард Коменда;
- Парламентлараро Иттифоқ Бош котиби Мартин Чунгонг;
- БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг терроризмга қарши кураш шароитларида инсон ҳуқуқларини рағбатлантириш ва ҳимоя қилиш бўйича махсус маърузачиси Ф. Ни Аолайн ва бошқалар.
2021 йил 12-13 август кунлари Тошкентда “Глобал ҳаракатларга ёшларни жалб қилиш” мавзуидаги Ёшлар ҳуқуқлари бўйича бутунжаҳон конференцияси ўтказилиб, унинг якунида Тошкент Ёшлар декларацияси қабул қилинди. Конференция тафсилотлари 50 дан ортиқ миллий ва 30 дан ортиқ хорижий оммавий ахборот воситаларида ёритилди.
Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг “Инсон ҳуқуқлари йўлида ҳаракатга даъват” ташаббусини қўллаб-қувватлаб, Ўзбекистоннинг БМТ устав ва шартномавий органлари, шунингдек, БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари билан ҳамкорлиги янги босқичга кўтарилди.
Инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини амалга оширишнинг муҳим шарти сифатида қонун ижодкорлигидаги фаолиятни такомиллаштириш
Миллий марказнинг муҳим вазифаларидан бири – Ўзбекистон Республикасининг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги мажбуриятлари, БМТнинг устав органлари ва шартномавий тавсияларини ҳисобга олган ҳолда қонунчилик ва ҳуқуқни қўллаш амалиётини такомиллаштиришга қаратилган чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ва амалга оширишда фаол иштирок этиш ҳисобланади.
Ўзбекистоннинг инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро мажбуриятларини ҳисобга олган ҳолда, Марказ ташаббуси билан 30 дан ортиқ қонун ҳужжати ва 40 дан ортиқ “йўл харитаси” қабул қилинди.
2021 йилда Марказ томонидан 80 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси ҳуқуқий экспертизадан ўтказилди. Шунингдек, Қонунчилик палатаси қўмиталари мурожаатига асосан 4 та қонун лойиҳаси юзасидан илк бор Инсон ҳуқуқлари бўйича нормаларга мувофиқлиги бўйича хулоса тайёрланди.
Марказ томонидан сўнгги 2 йил давомида жами 15 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат, шу жумладан 4 та қонун, 2 та Президент фармони, 2 та Президент қарори, 9 та Вазирлар Маҳкамаси қарор ва фармойишлари лойиҳаси ишлаб чиқилган.
Марказ томонидан инсон ҳуқуқлари соҳасида қуйидаги қонунлар лойиҳаларининг муқобиллари ишлаб чиқилди:
- “Ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган ва етим болаларни ижтимоий ҳимоя қилиш тўғрисида”;
- “Бепул ҳуқуқий ёрдам тўғрисида”;
- “Тенг муомала қилиш ва камситмаслик тўғрисида”;
- “Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) тўғрисида”;
- “Олий Мажлиснинг Бола ҳуқуқлари бўйича вакили тўғрисида”;
- “Ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган ва етим болаларни ижтимоий ҳимоя қилиш тўғрисида”.
Миллий марказ томонидан қуйидаги кодекслар ва қонунлар лойиҳаларига ҳамда мавжуд қонун ҳужжатларига ўзгартиришлар ва қўшимчалар киритиш тўғрисида таклифлар тайёрланди:
- Соғлиқни сақлаш кодекси ;
- Нодавлат нотижорат ташкилотлари тўғрисидаги кодекс;
- Экология кодекси;
- Фуқаролик кодекси (янги таҳрири);
- Меҳнат кодекси (янги таҳрири);
- Жиноят кодекси(янги таҳрири);
- Жиноят-ижроия кодекси (янги таҳрири);
- Жиноят процессуал кодекси (янги таҳрири);
- Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс (янги таҳрири);
- Уй-жой кодекси(янги таҳрири);
- “Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди тўғрисида”ги Конституциявий қонун (янги таҳрири);
- “Фавқулодда ҳолат тўғрисида”ги Конституциявий қонун;
- “Таълим тўғрисида”ги қонун (янги таҳрири);
- “Одам савдосига қарши курашиш тўғрисида”ги қонун (янги таҳрири);
- “Аҳоли бандлиги тўғрисида”ги қонун (янги таҳрири);
- “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги қонун;
- “Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари тўғрисида”ги қонун;
- “Ўзбекистон Республикасида чет эл фуқароларининг ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг ҳуқуқий ҳолати тўғрисида”ги қонун;
- “Ўзбекистон Республикасининг Сайлов кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун;
- “Бола ҳуқуқларининг кафолатларини таъминлаш тизими янада такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун.
Шунингдек, Миллий стратегияда белгиланган тадбирларни амалга ошириш доирасида 2021 йил давомида Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари ва қарорлари лойиҳалари юзасидан қонунчилик тавсиялари ва таклифлари тайёрланди.
Давлат бошқарув органлари ва фуқаролик жамияти институтлари билан инсон ҳуқуқлари соҳасида ўзаро ҳамкорлик
Миллий марказ мамлакатимизда инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфатлрини таъминлаш бўйича давлат бошқарув органлари ва фуқаролик жамияти институтлари билан ҳамкорлик қилади. Хусусан Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси, Ички ишлар вазирлиги, Конституциявий суд, Олий суд, бошқа вазирлик ва идоралар, Хотин-қизлар қўмитаси, Ёшлар иттифоқи ҳамда фуқаролик жамияти ташкилотлари билан мустаҳкам ҳамкорлик алоқаларини ўрнатган.
Марказ ўтган йил Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ҳамда Бош прокуратура билан ҳамкорликда “Қийноққа солишга қарши курашиш: халқаро амалиёт ва миллий тажриба” ҳамда “Одам савдоси ҳолатлари тўғрисида маълумотларни тўплаш ва тақдим қилиш” мавзуларида семинар-тренинглар ташкил этди.
Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди билан хамкорликда “Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди тўғрисида”ги Конституциявий қонуннинг мазмун-моҳияти ва аҳамиятига бағишланган тадбир, шунингдек, Гендер тенгликни таъминлаш бўйича комиссия, Фанлар академияси, Давлат ва ҳуқуқ институти билан биргаликда “Аёллар, дунё ва хавфсизлик ҳамда унинг инсон ҳуқуқлари ва барқарор ривожланиш билан ўзаро боғлиқлиги” мавзусида давра суҳбати ўтказилди.
Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги билан ҳамкорликдаги тадбир “COVID-19 пандемиясининг мигрантлар ҳаракати ва ҳимоясига таъсири” мавзусига бағишланди.
Шунингдек, “Инсон қадр-қиммати – энг олий қадрият” махсус ўқув модули доирасида “Ўзбекистон Республикасида чет эл фуқаролари, фуқаролиги бўлмаган шахслар, мигрантлар, одам савдоси ва мажбурий меҳнат жабрдийдаларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш масалалари” мавзусида суд ва ҳуқуқ-тартибот органлари раҳбар-ходимлари ўқитилмоқда.
Фуқаролар ва юридик шахсларнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий марказга мурожаатлари
Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий марказда фуқаролар қабул қилинади, жисмоний ва юридик шахсларнинг ёзма мурожаатлари ўрганилади, уларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш учун зарур чоралар кўрилади.
2021 йилда Миллий марказга жами 1386 та мурожаат келиб тушди, бу 2020 йилга қараганда 14 тага камдир. Мурожаатларнинг 379 таси фуқаролардан тўғридан-тўғри қабул жараёнида, 892 таси алоқа воситалари, 7 таси Миллий марказнинг Виртуал қабулхонаси орқали келиб тушди. Ушбу мурожаатларнинг 1007 таси ариза, 267 таси шикоят ва 2 таси таклифлардир.
Фуқароларнинг Марказга мурожаатлари қуйидагиларни аниқлаш имконини берди:
- фуқароларнинг қайси ҳуқуқлари энг кўп чекланаётгани ва бузилаётгани;
- фуқаролар қайси давлат органларига мурожаат қилиб, ўз шикоятларига асосланган жавоблар олмаётгани;
- фуқаролар ҳуқуқлари бузилишининг сабаблари ва ҳолатлари нималардан иборат экани.
Олинган мурожаатларнинг 1276 таси тааллуқлилиги бўйича тегишли идораларга кўриб чиқиш учун юборилди, 198 таси бўйича фуқароларга тегишли ҳуқуқий тушунтиришлар берилди.
2021 йилда Андижон, Жиззах, Навоий, Самарқанд, Сурхондарё, Фарғона вилоятлари ва Тошкент шаҳрида фуқаролар мурожаатларининг камайиши, Қорақалпоғистон Республикаси, Бухоро, Қашқадарё, Наманган, Сирдарё, Тошкент ва Хоразм вилоятларида эса кўпайиши кузатилди.
Энг кўп мурожаатлар ўтган йилдагидек Тошкент шаҳри (319 та), Қашқадарё вилояти (270 та), Тошкент вилояти (218 та) ва Самарқанд вилоятидан (95 та) келиб тушди.
Мурожаатларнинг 596 таси шахсий, 561 таси ижтимоий-иқтисодий, 85 таси сиёсий ва 33 таси маданий ҳуқуқларга оиддир.
Марказ томонидан кўриб чиқилган мурожаатларнинг 298 таси суриштирув ва дастлабки тергов органлари, 237 таси бошқа давлат идоралари, муассасалари ва ташкилотларининг, 230 таси маҳаллий давлат ҳокимияти идоралари мансабдор шахсларининг хатти-ҳаракатлари, шунингдек қарорларидан норозилик, 276 таси фуқароларнинг одил судловга оид ва 63 таси суд қарорлари ижросига тааллуқлидир.
Миллий марказ томонидан кўрилган чора-тадбирлар натижасида 2021 йил давомида 64 та мурожаат бўйича фуқароларнинг ҳуқуқлари тикланди, 94 та ҳолатда фуқароларга ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини амалга оширишга амалий ёрдам, 198 та ҳолатда фуқароларга қонун ҳужжатлари талаблари бўйича тегишли ҳуқуқий тушунтириш ва маслаҳатлар берилди. 186 та мурожаатда кўрсатилган фактлар тасдиқланмади.
Шунингдек, Марказнинг мурожаатига асосан Олий Мажлис Сенати Кенгашининг 2021 йил 12 мартдаги қарори билан Халқ депутатлари Қарши шаҳар Кенгашининг 2017 йил 27 июндаги қарори бекор қилиниб, фуқаро Г.Х.га тегишли бўлган уй-жой қайтарилди ва хусусий мулк дахлсизлиги таъминланди.
2021 йилда Миллий марказ томонидан телефон орқали мурожаат қилган 2000 нафардан ортиқ фуқароларга ҳуқуқий маслаҳатлар берилди.
Инсон ҳуқуқлари соҳасида ахборот-маърифий ва ноширлик фаолияти
2021 йилда Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий марказ томонидан “Ўзбекистон БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашида (жаҳон ҳамжамияти ва Ўзбекистон фуқароларининг Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М. Мирзиёевнинг БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг 46-сессиясидаги нутқига муносабати)” рисоласи ҳамда “Сўз, фикр ва ахборот эркинлиги: халқаро-ҳуқуқий асослар” инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро шартномаларнинг давлат тилидаги тўплами нашр этилди.
Шунингдек, Парламентлараро Иттифоқ ва Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Қочоқлар ишлари бўйича Олий комиссари бошқармасининг “БМТнинг 1961 йилги фуқаросизликни камайтириш тўғрисидаги конвенцияси”, “Фуқаросизлик тўғрисидаги қонунларда фуқаросизликнинг олдини олиш ва камайтиришнинг муваффақиятли амалиёти. Парламент аъзолари учун қўлланма”, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Миллий озчилик ишлари бўйича Олий комиссарининг “Одил судлов ва миллий озчиликларга доир Грац тавсиялари ва қисқача шарҳ” рисолалари давлат тилига таржима қилиниб, уларнинг тақдимотлари ўтказилди.
Мамлакатимизда биринчи марта Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ҳамда “Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари тўғрисида”ги қонун матни расмий нашрлари Брайл алифбосида чоп этилди.
Марказ томонидан мамлакатда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, миллий ҳаракат режалари (“йўл хариталари”), Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий стратегия, Инсон ҳуқуқлари соҳасида халқаро ташкилотларнинг тавсияларини амалга ошириш, коронавирус пандемияси шароитларида аҳолинининг сиёсий, ижтимоий, иқтисодий, маданий ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, фуқароларнинг ҳуқуқий маданиятини, хотин-қизлар ва ёшларнинг жамиятдаги роли ва мақомини оширишга йўналтирилган анжуманлар, семинарлар, давра суҳбатлари ўтказилди. Ушбу мавзулар Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий марказнинг расмий веб-сайти, “Демократлаштириш ва инсон ҳуқуқлари” журнали саҳифаларида кенг ёритиб борилди.
Миллий марказ нашри – “Демократлаштириш ва инсон ҳуқуқлари” журналининг ўтган йили чоп этилган сонлари 2021 йил – Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили, Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 30 йиллиги, Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови ҳамда Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 29 йиллиги, шунингдек Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази ташкил этилганининг 25 йиллигига бағишланди.
Шунингдек, “Демократлаштириш ва инсон ҳуқуқлари” журналининг веб-сайти лойиҳаси тайёрланди ва journal@nhrc.uz доменидаги расмий электрон почта ишга туширилди. Веб-сайтга журналнинг катта ҳажмдаги архиви: 1999 йилдан 2021 йилгача бўлган барча журнал сонлари электрон шаклда жойлаштирилди.
- Қўшилди: 18.04.2022
- Кўришлар: 5760
- Чоп этиш