ХАЛҚАРО ҲУҚУҚ ИЖОДКОРЛИГИ: Ўзбекистон ташаббуси эътирофи

2022 йил 11 июль куни БМТ Бош Ассамблеяси 76-сессиясида «Марказий ва Жанубий Осиёда ўзаро боғлиқликни мустаҳкамлаш» номли резолюция кўриб чиқилди ва бир овоздан маъқулланди. Резолюция лойиҳаси Ўзбекистон томонидан 40 та мамлакат, жумладан, Марказий Осиё минтақаси давлатлари – Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистон ҳаммуаллифлигида ишлаб чиқилган.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал САИДОВ билан БМТ Бош Ассамблеясининг ушбу резолюцияси ва бу борадаги Президентимиз ташаббусининг мазмун-моҳияти ҳамда аҳамияти ҳақида суҳбатлашдик.

– Давлатимиз раҳбарининг бу ташаббуси – тўсатдан хаёлга келиб қолган шунчаки бир тасодифий ғоя эмас, – деди академик А.Саидов. – Аксинча, бу ташаббус Ўзбекистон кейинги 5-6 йил давомида изчиллик билан илгари сураётган ва жаҳон ҳамжамияти кенг қўллаб-қувватлаётган, янада муҳими, амалиётга теран татбиқ этилаётган халқаро ҳуқуқ ижодкорлиги соҳасидаги ташаббусларининг узвий давомидир.

Бу ташаббус – Марказий ва Жанубий Осиё, умуман, Евроосиё минтақасини барқарор, иқтисодий ривожланган фаровон ҳудудга айлантиришга қаратилган тарихий ва маърифий,  илмий ва амалий, изчил ва мантиқий, истиқболли ва самарали, содда қилиб айтганда, ҳар томонлама мағзи тўқ дастуриламал ҳисобланади.

Президент Шавкат Мирзиёев минтақамизнинг жадал ривожланиш истиқболлари ва жаҳон иқтисодиётига интеграциялашувини стратегик жиҳатдан теран кўра билгани туфайли Марказий ва Жанубий Осиё ўртасидаги тарихий-цивилизациявий алоқаларни тиклаш ташаббусини илгари сурди.

Шу нуқтаи назардан, ушбу геосиёсий ёндашув ташқи алоқаларнинг истиқболли йўналишларини ривожлантириш орқали минтақамизнинг улкан савдо-иқтисодий, инвестициявий, транспорт-транзит, илмий ва интеллектуал салоҳиятини рўёбга чиқариш учун вужудга келаётган янги имкониятларни тушунишга асослангани билан алоҳида эътиборни тортади.

 

– Бу Ўзбекистон Президентининг БМТ Бош Ассамблеяси қўллаб-қувватлаган биринчи ташаббуси эмас, шундайми?

 

– Кейинги йилларда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуслари билан БМТ Бош Ассамблеясининг 5 та резолюцияси қабул қилинган.

Бу ўринда БМТ Бош Ассамблеясининг 2018 йил 22 июндаги ялпи мажлисида қабул қилинган “Марказий Осиё минтақасида тинчлик, барқарорлик ва изчил тараққиётни таъминлаш бўйича минтақавий ва халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш” резолюцияси, 2018 йил 12 декабрдаги “Маърифат ва диний бағрикенглик” резолюцияси, 2019 йил 19 декабрдаги “Марказий Осиёда барқарор туризм ва барқарор ривожланиш” махсус резолюцияси, 2018 йил 27 ноябрдаги Оролбўйи минтақаси учун Инсон хавфсизлиги бўйича кўпшериклик Траст жамғармасига асос солишга оид қарори ҳамда 2021 йил 18 майдаги “Оролбўйи минтақасини экологик инновация ва технологиялар ҳудуди деб эълон қилиш тўғрисида”ги резолюцияси ҳақида сўз бормоқда.

Ўзбекистон Президентининг навбатдаги ташаббуси асосида қабул қилинган БМТ Бош Ассамблеясининг махсус резолюциясини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш ғояси 2021 йил июль ойида ўтказилган «Марказий ва Жанубий Осиё: минтақавий ўзаро боғлиқлик. Таҳдидлар ва имкониятлар» мавзусидаги Тошкент конференциясида давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган эди.

БМТ Бош Ассамблеясининг ушбу резолюциясида икки минтақа – Марказий Осиё билан Жанубий Осиё мулоқотининг умумий ёндашувлари, асосий принциплари ва йўналишлари мустаҳкамланган. Ҳужжатда, шунингдек, Президентимизнинг 2022 йилни Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти доирасида "Ўзаро боғлиқликни мустаҳкамлаш йили" деб эълон қилиш таклифи юқори баҳоланган.

Шундай қилиб, БМТ Бош Ассамблеясининг Ўзбекистон Президенти ташаббуси билан қабул қилинган резолюцияларидан тўрттаси – Марказий Осиё минтақасига бевосита тааллуқли бўлса, биттаси Марказий Осиё ва Жанубий Осиё минтақалари ўртасидаги ўзаро боғлиқликни мустаҳкамлашга қаратилган.

 

– БМТ Бош Ассамблеяси томонидан мазкур резолюция қабул қилинишига туртки берган Тошкент конференцияси бўлиб ўтганига роппа-роса бир йил тўлди. Ушбу халқаро анжуман ҳақида мухтасар сўзлаб берсангиз.

– «Марказий ва Жанубий Осиё: минтақавий ўзаро боғлиқлик. Таҳдидлар ва имкониятлар» мавзусидаги халқаро конференция мамлакатимиз пойтахтида 2021 йил 15-16 июль кунлари бўлиб ўтган. Ўшанда, мураккаб пандемия шароитига қарамасдан, анжуманда Марказий ва Жанубий Осиё минтақаларидаги давлатлар ҳамда ҳукуматлар раҳбарлари, Россия, Хитой, Саудия Арабистони, Қувайт, Туркия ва Бангладеш ташқи ишлар вазирлари – жами 44 та мамлакатнинг юқори мартабали вакиллари иштирок этган.

Халқаро конференцияда, шунингдек БМТ, МДҲ, ШҲТ, Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгаши, Осиёда ҳамкорлик ва ишонч чоралари бўйича кенгаш каби 30 га яқин халқаро ва минтақавий халқаро ташкилот делегациялари, жаҳоннинг етакчи молия институтлари, нуфузли хорижий илмий-тадқиқот ва таҳлил марказлари раҳбарлари қатнашган.

Иштирокчиларнинг сони қарийб 600 нафарга етган. Давлатимиз бошлиғининг Тошкент анжуманининг мўътабар меҳмонлари билан юзма-юз мулоқоти учун 14 та расмий қабул маросими ташкил этилган.

 

– Халқаро конференциянинг асосий хусусиятлари нималардан иборат, деб ҳисоблайсиз?

 

– Аввало, пандемия даврига қарамасдан, мазкур конференция ўз вақтида ўтказилди. Натижада жаҳон аҳлини ўйлантираётган қизғин муаммолар чуқур муҳокама қилинди, ўзаро атрофлича фикр алмашилди. 

Анжуман мавзуси юзасидан уч даражада: миллий, минтақвий ва глобал миқёсларда фикрлар билдирилди. Жон Хопкинс университети қошидаги Марказий Осиё ва Кавказ институти асосчиси ва раиси Фредерик Старр таъкидлаганидек, “биз янги бирон нарса бошлаётганимиз йўқ, бу қадимий ва ҳақиқий минтақанинг қайта кашф қилиниши, Жанубга йўлнинг қайта қурилишидир”.

Халқаро анжуманда юқори мартабали мўътабар меҳмонлар иштирок этди. Бу омил, бир томондан, Президент Шавкат Мирзиёевнинг халқаро обрў-эътибори юксаклигидан далолат бўлса, иккинчи томондан, жаҳон ҳамжамияти Ўзбекистонга катта ишонч билан қараши ва давлатимиз раҳбари ташаббусларини кенг қўллаб-қувватлашининг амалий мисолидир.

Янги Ўзбекистон ва унинг Президентининг ташаббускор, тинчликсевар, инсоний ташқи сиёсати дунё афкор оммаси диққат марказида тургани яна бир бор ёрқин намоён бўлди. Конференция Янги Ўзбекистон ташқи сиёсатининг яна бир улкан ютуғи сифатида тан олинди.

Тошкент халқаро конференцияси умумжаҳон миқёсидаги муаммоларни дадил кўтариб чиқишга ҳамиша энг етук давлат раҳбарлари қодирлигини янада яққол кўрсатди. Халқаро анжуманда Президент Шавкат Мирзиёев шундай салоҳиятга эга давлат раҳбарларидан бири сифатида эътироф этилди.

Энг муҳими, Ўзбекистон Республикаси Президентининг ушбу конференциядаги нутқида кўтарилган барча ташаббуслар тўла қўллаб-қувватланди ва бу бежиз эмас.

Чунки айни ташаббуслар ҳозирги замон жаҳон сиёсатининг кун тартибида турган ва Тошкент халқаро анжуманида атрофлича муҳокама қилинган долзарб масалалар, хусусан, Марказий Осиё билан Жанубий Осиё мулоқотининг умумий ёндашувлари, асосий принциплари ва йўналишларини мустаҳкамлаш мавзуси билан чамбарчас боғлиқдир. Мазкур халқаро конференция:

биринчидан, халқаро майдонда яна Тошкент руҳини тиклагани;

иккинчидан, Янги Ўзбекистон дадил интилаётган Учинчи Ренессанснинг ташқи сиёсат босқичи – Миллий Уйғонишнинг халқаро йўналишдаги устувор вазифаларини белгилаб бергани;

учинчидан, Марказий ва Жанубий Осиё минтақаларида тинчлик, яхши қўшничилик ва ишончни мустаҳкамлашга беқиёс ҳисса қўшгани;

тўртинчидан, ушбу улкан маконда ўзаро манфаатдор ҳамкорликнинг ривожланиши, очиқ ва амалий сиёсат йўлга қўйилишидан ҳар икки минтақа мамлакатлари манфаатдор эканини амалда намоён этгани;

бешинчидан, халқаро ҳамжамиятнинг тинчлик, фаровонлик ва барқарор ривожланишни таъминлаш борасидаги саъй-ҳаракатларини ялпи қўллаб-қувватлагани билан тарих зарварақларига мангу муҳрланди.

 

– Тошкент конференциясида Президентимиз сўзлаган нутқнинг тарихий аҳамияти нималарда кўринади?

 

– Юртбошимизнинг халқаро конференциядаги нутқи нуфузли анжуман аҳлида, мамлакатимиз ва бутун дунё жамоатчилигида катта қизиқиш уйғотди. Бу эътибор ва эътирофларнинг муайян сабаблари бор.

Биринчи сабаби: матни ўзбек, инглиз ва рус тилларида кенг тарқатилган ушбу нутқда нима учун бундай анжуман ташкил этилганининг сабаблари аниқ кўрсатилди. Энг асосийси, Марказий ва Жанубий Осиёнинг тарихий ва цивилизациявий муштараклиги, халқларимиз ва мамлакатларимизнинг умумий манфаатлари биргаликда фаровон келажакни бунёд этишимиз учун мустаҳкам замин яратиши ҳар томонлама асослаб берилди. Бошқача айтганда, Ўзбекистон Президентининг нутқи айни йўналишдаги Ҳаракат дастуридир.

Иккинчи сабаби: Марказий ва Жанубий Осиё ўзаро боғлиқлигининг тарихий-назарий омиллари чуқур таҳлил қилинди. Ўзбекистон Президентининг фикрича, “Бугунги кунда дунё турли таҳдидлар, шу билан бирга, янги имкониятларни ўзида мужассам этган глоабал геосиёсий ўзгаришлар даврига қадам қўйди. Шундай мураккаб шароитда қарийб икки миллиард аҳоли яшайдиган Марказий ва Жанубий Осиё ўртасидаги ўзаро алоқаларни қайта тиклаш муҳим ҳаётий зарурат ва табиий жараёнга айланмоқда”.

Президентимиз минтақавий ўзаро боғлиқликнинг тарихий, илмий, адабий, диний, цивилизациявий мезонлари бўйича ўзига хос концепциясини илгари сурди. Концепция Марказий ва Жанубий Осиё ўртасидаги ўзаро алоқаларнинг янги геосиёсий, геоиқтисодий ва геоцивилизациявий ёндашуви – квинтэссенциясини ўзида мужассам этди.

Учинчи сабаби: нутқда Марказий ва Жанубий Осиё маконида тарихий ягона савдо-иқтисодий, илмий-маърифий, маданий-маънавий, диний-цивилизациявий боғлиқликни янги тарихий шароитда тиклаш ғояси ана шу йўналиш бўйича чуқур асослаб берилди. Яъни:

  • геосиёсий йўналиш – асосан, Афғонистон муаммоси билан боғлиқ;
  • геоиқтисодий йўналиш – транспорт ва савдо-сотиқ, иннновация ва инвестициялар маконини яратиш;
  • геоцивилизациявий йўналиш – маданият, маънавият, сайёҳлик, илмий изланишлар учун ягона макон яратишни кўзда тутади.

Тўртинчи сабаби: методология нуқтаи назаридан, Президент нутқи тарихийлик, илмийлик, тизимлилик (синергетик ёндашув), прагматик ёндашув ва амалий натижаларга эришишга йўналтирилгани билан алоҳида эътиборга моликдир.

Бешинчи сабаби: нутқнинг кўргазмалилик жиҳати ҳам диққатни тортади. Яъни, давлатимиз раҳбари ўз фикрларини харита, турли чизмалар ва расмлар орқали кенг оммага шоён етказиб беришга муваффақ бўлди.

Олтинчи сабаби: Президентимиз нутқида 10 та йўналишда: сиёсий, иқтисодий, маданий, илмий, туристик соҳалар бўйича таклифлар билдирилди.

Шу ўринда яна бир бор таъкидлайман: Ўзбекистон Президенти ўз нутқида Тошкент конференцияси якунлари бўйича Марказий ва Жанубий Осиё ўртасида, умуман, Евроосиё маконида доимий ва барқарор ривожланишнинг муҳим омили сифатида ўзаро алоқаларни мустаҳкамлаш тўғрисида БМТ Бош Ассамблеясининг махсус резолюцияси лойиҳасини ишлаб чиқиш ташаббусини илгари сурди.

Бир сўз билан айтганда, Ўзбекистон Президенти ушбу нутқида БМТ Бош Ассамблеясининг тегишли Резолюцияси зарурлигини тўла асослаб берди. Шу асосда Марказий Осиё ва Жанубий Осиё мамлакатларининг Ташқи ишлар вазирлари томонидан Қўшма баёнот қабул қилингани ҳам Юртбошимизнинг нутқи қандай долзарб аҳамиятга эгалигини яққол тасдиқлайди.

 

– БМТ Бош Ассамблеясининг тегишли Резолюциясида айнан нималар кўзда тутилган?

 

«Марказий ва Жанубий Осиёда ўзаро боғлиқликни мустаҳкамлаш» номли резолюцияда, хусусан: 

  • 2021 йил июлида ўтказилган Тошкент халқаро конференцияси эътироф этилган;
  • Марказий Осиё ва Жанубий Осиё мамлакатларининг Ташқи ишлар вазирлари томонидан қабул қилинган Қўшма баёнот эътиборга олинган;
  • Вена Декларацияси ва Денгизга чиқиш имконияти бўлмаган ривожланаётган мамлакатлар учун 2014-2024 йилларга мўлжалланган Вена Ҳаракатлар дастурини амалга ошириш бўйича ҳамкорликни кучайтириш зарурлиги таъкидланган;
  • иқтисодий ўсишни жадаллаштиришда Марказий ва Жанубий Осиё мамлакатлари ўртасидаги иқтисодий алоқалар, уларнинг ноёб транспорт, транзит ва сармоявий салоҳиятини рўёбга чиқаришда транспорт ва транзит йўллари юксак аҳамият касб этишига эътибор қаратилган;
  • ҳар икки минтақа давлатлари барқарор ривожланиш, тоза энергия ҳосил қилиш, экология муаммоларини ҳал этиш, шу каби муҳим соҳаларда ўзаро тажриба алмашишни кучайтиришга даъват этилган.

БМТ Резолюцияси, шубҳасиз, ҳар икки минтақанинг инсон ва иқтисодий салоҳиятини тўлиқ ишга солиш, мавжуд транспорт-транзит имкониятларидан самарали фойдаланган ҳолда, истиқболли ягона бозор яратиш имконини тубдан оширади.

Бунинг натижасида Марказий ва Жанубий Осиё мамлакатларининг ялпи ҳудуди инвестиция, технология ва инновциялар, фаол гуманитар ва туристик алмашинувлар маконига айланиши тайин.

 

– БМТ Бош Ассамблеясининг янги Резолюцияси қандай аҳамиятга эга?

 

– Мазкур Резолюция миллий, хорижий ва халқаро экспертлар томонидан Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган янгича ташқи сиёсатнинг ютуғи ва мантиқий давоми сифатида эътироф этилмоқда. Бу тўғри ва ҳар томонама асосли фикр, деб ҳисоблайман.

Чунки, агар “Резолюция талабларининг ҳаётга татбиқ этилиши шу икки минтақа ҳудудида яшайдиган оддий одамларга нима беради?” деган оддий, аммо жўяли мантиқдан келиб чиқадиган бўлсак, авваламбор, Буюк ипак йўли каби азалий халқаро савдо йўлларининг тикланиши бозорларимиздаги тўкинликни таъминлайди. Бу эса маҳсулотларнинг тури тубдан ортиши, турфа товарлар сифати янада яхшиланиши ва нарх-наво арзонлашишига олиб келади.

Шунингдек, маданиятлараро ранг-баранглик кучаяди. Бу, ўз навбатида, ҳар хил маданият, тил ва динга мансуб неча миллионлаб инсонлар ўртасида ўзаро ишонч ва самимий мулоқот, бағрикенглик ва бирдамлик, дўстлик ва ҳамкорлик муносабатларини тубдан мустаҳкамлайди.

Қолаверса, олис тарихда – Биринчи Шарқ Уйғониши ва Иккинчи Темурийлар Ренессанси даврларида бўлганидек, тижорат ва савдо-сотиқ, саёҳат ва зиёрат, билим олиш ва илм ўрганиш мақсадини кўнглига тугкан ҳар бир инсоннинг ана шу кенг маконда эмин-эркин ҳаракатланишига йўл очилади.

Шу билан бирга, Марказий ва Жанубий Осиёнинг улкан маконида ягона инновацион муҳит яратиш йўлида амалий қадамлар қўйилади. Бунда, айниқса, транспорт-коммуникация инфратузилмалари билан боғлиқ кўп томонлама лойиҳаларнинг татбиқ этилиши жуда муҳимлигига эътибор қаратиш лозим.

БМТ Бош Ассамблеясининг «Марказий ва Жанубий Осиёда ўзаро боғлиқликни мустаҳкамлаш» номли резолюцияси, таъбир жоиз бўлса, Ўзбекистон Президентининг минтақалараро узвий боғлиқлик концепциясини амалга ошириш йўлида қўйилган оламшумул қадамдир.

Бу залворли қадам, албатта, халқаро ҳамжамият Президент Шавкат Мирзиёев илгари сурган улкан бирдамлик ғоясига узоқни кўра билиш ва тўғри прогноз қилиш қобилиятининг ҳосиласи сифатида юксак баҳо берганини англатади.

Хулоса қилиб айтганда, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг бевосита ташаббуси асосида қабул қилинган БМТ Бош Ассамблеясининг ушбу янги резолюцияси нафақат Марказий ва Жанубий Осиё минтақалари, балки бутун Евроосиё маконида доимий ва барқарор ривожланишга эришиш йўлида мутлақо янги даврни бошлаб берди.

Икки минтақа тез ривожланаётган макон ҳисобланади. Шундай экан, Ўзбекистон Президентининг ташаббуси мазкур минтақалар ўртасидаги ўзаро алоқадорликни кенгайтириш ва ривожлантириш бўйича стратегик лойиҳадир. Президентимиз минтақада стратегик мувозанатни таъминлашга интилмоқда. Бинобарин, халқаро муносабатларга янги руҳ, янгича иқлим бахш этилди. Регионализмнинг янги руҳи яратилди.

БМТ Бош Ассамблеясининг ушбу резолюцияси эса Марказий ва Жанубий Осиё минтақалари мамлакатлари ўртасидаги ўзаро ҳамкорлик бўйича янги халқаро-ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилади. Зеро, минтақалараро боғлиқлик доирасидаги ўзаро ҳамкорликдан барча мамлакатлар манфаатдор.

Юртбошимиз таъбири билан айтганда, “Марказий ва Жанубий Осиёнинг тарихий ва цивилизациявий муштараклиги, халқларимиз ва мамлакатларимизнинг умумий манфаатлари биргаликда фаровон келажакни бунёд этишимиз учун мустаҳкам замин яратади”.

 

Ғулом МИРЗО суҳбатлашди

ҚМПТИ

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси расмий сайти.

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech